Шаржа халқаро китоб кўргазмасида Қуръони каримнинг нафис нусхаси тақдимоти ташриф буюрувчилар эътиборини тортди.
IQNA сайтининг “Khaleej Times” нашрига таяниб хабар беришича, бу нафис Қуръон китобининг 11-12-асрларга оид қўлёзма нусхаси бўлиб, машҳур эронлик хаттот Ибн Бавобнинг дурдона асари саналади.
Aсл қўлёзма Мюнхендаги Бавария давлат кутубхонасида сақланади. Бу даврда Қуръоннинг бу тури атиги ўн нусхада чоп этилган.
Мазкур нусха тадбирда намойиш этилган бу қимматбаҳо асарнинг аниқ ўлчами, услуби ва визуал жозибаси бўйича чоп этилган атиги 300 нусхадан биридир.
“Adeva Rare Collectibles” компанияси вакили Флориан Строллс бундай дейди: “Бу Қуръон ҳақиқий санъат асари бўлиб, зарҳал қоғозга курсив насх ёзувида ёзилган оятлардир”.
У қўшимча қилди: “Мазкур қўлёзма ақл бовар қилмайдиган даражада безатилган ва қўлёзма санъати оламида ўзига хос ўрин тутади. Ҳар бир суранинг сарлавҳалари кўк, оқ ва қизғиш жигарранг ёзувда чиройли тарзда ёзилган. Оятлар эса кўк, кумуш ва нафис атиргул нақшлари билан ажратилган. Ҳарфларнинг ўлчами математик тамойилларга асосланган бўлиб, масштаб бирлигида араб алифбосининг биринчи ҳарфи бўлган “Aлиф” ҳарфининг ўлчами қўлланилади.
Бир оз чапга қийшайган вертикал ҳарфлар ўйланган ҳолда жойлаштирилган ва Ибн Бавоб мактабидан фарқ қиладиган услубни кўрсатади”, – деди Строллс. Унинг қўшимча қилишича: “Биринчи саҳифанинг диққатга сазовор хусусияти бу икки сура номларининг ўзига хос тартибда жойлашувидир, бу эса Қуръони каримни ноёб санъат асари қилади”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:
Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;
Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;
Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;
Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати