Афсуски, ҳозирги кунда ҳамма ўзини дин олимидек тутиб, ҳар қандай билган-билмаган масалаларида хоҳлаган жавобини беряпти, ўзини мужтаҳид олим деб ўйламоқда. Аслида ҳам шундайми?!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг…”. (Фотир сураси, 6-оят).
Шудай экан, шайтонга бизни тўғри йўлдан оздириши учун имкон бермаслигимиз керак. Чунки шайтон дин илмидан чуқур хабардор бўлмаган кимсаларни, Аллоҳ таолонинг сифатлари ва бошқа турли ақли етмайдиган масалаларни гапиришга ундайди. Натижада инсон асл дин қандай экани борасида шубҳалар оғушида қолади. Бу ҳам етмагандай, ушбу қилаётган ишини маърифат йўли деб ўйлайди ва шу эътиқоди туфайли бидъатчи ёки имондан чиқиб қолиши ҳам мумкин! Аллоҳ сақласин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, шайтон сизларнинг бирингизга келиб, сени ким яратган? - дейди. Сиз эса: Аллоҳ таоло,-дейсиз. Шайтон: унда Аллоҳни ким яратди? - дейди. Агар бирортангизда шундай бўлса, “Аллоҳ ва расулига имон келтирдим” десин, шунда манашу нарса ундан кетади”.
Ушбу ҳадис шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламоларни эмас, авом халқни назарда тутиб, ким шу васвасага дуч келса, уни тўғрилашга уриниб, баҳс юритишига буюрмадилар. Балки, “Ааманту биллаҳи ва расулиҳи” яъни: Аллоҳ ва унунг расулига имон келтирдим деб, тезда ушбу васвасадан халос бўлишга буюрдилар.
Авом халқнинг зиммасига, имон келтириш, ўзини Аллоҳга таслим этиш, ибодат ва яшашлари учун зарур ишлари билан шуғулланиши ҳамда илмий ишларни уламоларга қўйиб бериши вожибдир. Бир илмсиз одамнинг, зино ва ўғирлик қилишидаги гуноҳи, илмни пухта ўзлаштирмасдан дин борасида гапиришидаги гуноҳидан енгилроқдир. Ўзи билмаган ҳолда куфрга кетиши ҳам мумкин. Шайтон эса, шунинг учун мана шу йўлни ўзига кириш эшиги қилиб олган.
Илмнинг энг афзали “илми ҳол” дейилади. Яъни ҳар кимса, ўзи турган ўрнидаги илмни пухта билиши лозим. Масалан: ким савдогар бўлса, савдо илмини, дурадгор бўлса, дурадгорлик масалаларини билиши вожибдир. Ҳамма шунга амал қилиб, барча ишни ўз мутахассисига топширса, ана шунда улкан натижаларга эришиш мумкин. Доно халқимизда бир ҳикмат бор: “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган. Бу ҳикматлар бежиз айтилмаганини юқорида билиб олдик.
Аллоҳ таоло барчамизни динида собитқадам қилсин.
Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,
Мир Араб Олий мадрасаси талабаси
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси