ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Ушбулардин кейин будур аҳвол,
Келгуси элга номайи аъмол.
Суъадонинг ўнг илгидин келгай,
Анда ул эл саъодатин билгай.
Ашқиё номасинки тергайлар,
Орқадин, сўл иликка бергайлар.
НАСРИЙ БАЁН
Номаи аъмол баёни
Бу воқелардан кейин аҳвол шундай бўлади: инсонларнинг қўлларига номаи аъмоллари – амаллар китоби тарқатилади.
(Номаи аъмол) саъодатли кишиларнинг ўнг қўлига берилади, шунда у инсонлар саъодатга эришганларини биладилар. Шақоват аҳли бўмиш бадбахт кимсаларнинг номасини эса териб-танлаб, орқадан ёки чапдан – чап қўлга берадилар.
ИЗОҲ. Қуръони каримда ўз китоби – номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишининг хурсандчилиги (Ал-Ҳаққа сураси, 19-оят); китоби чап қўлидан берилган кимсанинг надомати (Ал-ҳаққа, 25-оят); номаи аъмоли орқа тарафидан бериладиган кимсанинг ҳалокати (Иншиқоқ сураси, 10-11-оятлар) баён қилинади. Далиллар:
Ал-Ҳаққа сураси, 19–24-оятлари маъноси: “Бас, ул кун китоби ўнг қўлидан берилган киши айтур: «Олинглар, менинг китобимни ўқинглар! Албатта, мен ҳисобимга рўбарў бўлишимни аниқ билар эдим». (Қр: 84:9.) Бас, у ўзи рози бўладиган бир ҳаёт ичрадир. Олий бир боғдадирки, мевалари (олувчига) эгилиб тургандир. «Ўтган кунларда тақдим этган (яхши) амалларингиз сабабли, эмин-эркин енглар ва ичинглар!» (дейилур)”.
Ал-ҳаққа сураси, 25–35-оятлари маъноси: “Аммо китоби чап томонидан берилган киши эса дерки: «Эҳ, кошки менга китобим берилмаса эди! - Ҳисобим не эканин ҳеч билмасам эдим! Кошки (дунёдаги) ўша (ўлим) ҳамма ишни тугатган бўлса эди! Мол-мулким менга ҳеч бир фойда бермади. (Бутун) салтанатим ҳам йўқ бўлиб мендан кетди». (Аллоҳ вазифадор забония фаришталарига амр қилур:) «Тутинглар уни, (қўлларини бўйнига) боғланглар; Сўнг уни (даҳшатли) оловга солинглар! Сўнг узунлиги етмиш газ бўлган занжирга боғлаб қўйинглар (дўзахга ташланглар)! Чунки у улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Мискинга таом беришга интилмас – тарғиб ҳам қилмас эди». Бас, бу кун бу ерда у (кофир – инкорчи кимса)нинг ҳеч бир яқин (қариндош ва) дўсти йўқ”.
Иншиқоқ сураси, 10-15-оятлар маъноси: “Аммо кимнинг китоби орқасидан берилса: («Эй ўлим, қайдасан!» деб) ўлимни чақириб қолур ва алангали дўзахга кирур. Чунки у (ҳаёти дунёда иймон келтирмай) аҳли-оиласи (ва қавми) ичида масрур (молу мулки сабабли сархуш) эди. Дарҳақиқат, у ҳеч қачон (тирилиб, ҳисоб учун Раббига) қайтмасман деб ўйлаган эди. Йўқ! (У Раббига қайтур! Чунки) Албатта, Рабби уни ўта кўриб тургувчидир”.
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ