Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.
Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас розияллоҳу анҳу қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳига берганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.
Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.
Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳ Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади. Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.
Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби