Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида диний соҳа вакиллари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Мазкур мусобақалар қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади: волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка.
Мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш ва самарали ўтказиш мақсадида бугун, 19 январь куни Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида, шунингдек Чироқчи ва Ғузор туманларида тегишли мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар, иштирокчиларни жалб этиш, спорт иншоотларининг тайёргарлиги ҳамда хавфсизлик чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ушбу спорт тадбирларида ҳудудларда фаолият юритаётган диний соҳа вакиллари иштирок этиб, ўз маҳоратларини намоён этадилар. Мусобақалар соғлом рақобат муҳитини яратиш, жамоавийлик ва бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади. Барча иштирокчиларга омад тилаймиз ҳамда мусобақалар юқори савияда ўтишига ишонч билдирамиз.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати