Бугунги кунда экстремистик кайфиятдаги мутаассиб шахслар томонидан “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни атайин аслиятидан бузиб талқин этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай қарашларга ҳали Исломни яхши тушунмайдиган кишилар, айниқса, ёшлар кўп чалғимоқда, оқибатда уларнинг ширин ҳаёти буткул издан чиқмоқда.
Бу каби тушунчалар аслида қандай изоҳланиши ва уларни ғаразли талқин этишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида қуйида баён этилади.
Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчилар ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни турли шахсларнинг фикрларига таянган ҳолда интернет сайтларида талқин этмоқдалар. Бундай талқин ёшлар онгида Ислом гўё, ёвузликка, жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги экстремистик руҳдаги кўплаб материаллар инсонларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз юртидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан.
Мана шундай тушунчаларни ғаразли талқин этадиганлардан бири “Абдуллоҳ Зуфар” исмли шахсга маҳаллий забардаст уламолар ҳамда Саудия Арабистонида, Мисрда, Туркияда фаолият кўрсатаётган аҳли илмлар ёппасига унга очиқ эътироз билдиришган.
Жумладан, Абдуллоҳ Зуфар ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган маърузасида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритган. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
“Талаб жиҳоди” ҳозир йўқлигига уламолар ижмо (иттифоқ) қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган.
“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Абдуллоҳ Зуфар фиқҳий манбалардаги “Мудофаа жиҳоди”га тааллуқли масалаларни муайян давлат фуқароларини ўзи яшаб турган юрт ҳукуматига қарши қайрашда айёрлик билан фойдаланиши унинг асл мақсадини фош қилади.
Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.
“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага фарзи айн бўлмайди. Имом Абу Ҳанифа ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар.
Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:
وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган» деган (Нисо сураси, 95-оят).
Аллома алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ушбу оятда мужоҳидлар ва жиҳодда иштирок қилолмаганларга ҳам жаннатни ваъда қилди. Агар жиҳод ҳамма ҳолатда фарзи айн бўлганда эди Аллоҳ унда иштирок этолмаганга жаннатни ваъда қилмас эди. Чунки унда иштирок этмаслик ҳаром бўлар эди” (Бадоиъ ас-саноиъ. 7-жуз. 380-бет).
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки муқаддас динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. А.Зуфар кабиларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмас.
«Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “жиҳод” сўзи айрим кимсалар иддао қилаётганидек “уруш” маъносини англатмайди. Араб тилида уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун, асосан, “қитол” сўзи ишлатилади. "Жиҳод" сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” кўпроқ қўлланиладиган бўлди.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларида бўлаётган худкушликлар оқибатида бегуноҳ қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг ўлими кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир.
Ислом душманлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш учун интернет – “ўргимчак тўри”дан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина "Facebook" ижтимоий тармоғида турли тилларда бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти.
Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”
Муқаддас Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом дини ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати