Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Аслиятни атайин бузиб талқин этиш хиёнатдир!

19.01.2021   3039   7 min.
Аслиятни атайин бузиб талқин этиш хиёнатдир!

Бугунги кунда экстремистик кайфиятдаги мутаассиб шахслар томонидан “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни атайин аслиятидан бузиб талқин этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай қарашларга ҳали Исломни яхши тушунмайдиган кишилар, айниқса, ёшлар кўп чалғимоқда, оқибатда уларнинг ширин ҳаёти буткул издан чиқмоқда.

Бу каби тушунчалар аслида қандай изоҳланиши ва уларни ғаразли талқин этишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида қуйида баён этилади.

Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчилар ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “жиҳод” ва “ҳижрат”  каби тушунчаларни турли шахсларнинг фикрларига таянган ҳолда интернет сайтларида талқин этмоқдалар. Бундай талқин ёшлар онгида Ислом гўё, ёвузликка, жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги экстремистик руҳдаги кўплаб материаллар инсонларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз юртидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан.

Мана шундай тушунчаларни ғаразли талқин этадиганлардан бири “Абдуллоҳ Зуфар” исмли шахсга маҳаллий забардаст уламолар ҳамда Саудия Арабистонида, Мисрда, Туркияда фаолият кўрсатаётган аҳли илмлар ёппасига унга очиқ эътироз билдиришган.

Жумладан, Абдуллоҳ Зуфар ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган маърузасида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритган. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:

“Талаб жиҳоди” ҳозир йўқлигига уламолар ижмо (иттифоқ) қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган.

“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.

Абдуллоҳ Зуфар фиқҳий манбалардаги “Мудофаа жиҳоди”га тааллуқли масалаларни муайян давлат фуқароларини ўзи яшаб турган юрт ҳукуматига қарши қайрашда айёрлик билан фойдаланиши унинг асл мақсадини фош қилади.  

Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.

“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага фарзи айн бўлмайди. Имом Абу Ҳанифа ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар.

Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:

وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا

яъни: «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган» деган (Нисо сураси, 95-оят).  

Аллома алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ушбу оятда мужоҳидлар ва жиҳодда иштирок қилолмаганларга ҳам жаннатни ваъда қилди. Агар жиҳод ҳамма ҳолатда фарзи айн бўлганда эди Аллоҳ унда иштирок этолмаганга жаннатни ваъда қилмас эди. Чунки унда иштирок этмаслик ҳаром бўлар эди” (Бадоиъ ас-саноиъ. 7-жуз. 380-бет). 

Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.

Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки муқаддас динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. А.Зуфар кабиларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмас.

«Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “жиҳод” сўзи айрим кимсалар иддао қилаётганидек “уруш” маъносини англатмайди. Араб тилида уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун, асосан, “қитол” сўзи ишлатилади. "Жиҳод" сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” кўпроқ қўлланиладиган бўлди.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларида бўлаётган худкушликлар оқибатида бегуноҳ қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг ўлими кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир.

Ислом душманлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш учун интернет – “ўргимчак тўри”дан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина "Facebook" ижтимоий тармоғида турли тилларда бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти.

Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”

Муқаддас Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом дини ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

13.08.2026   14439   3 min.
Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.

«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.

«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.

Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.

Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.

«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.

Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари