Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимни кўриб қолдилар. Оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
АҚШлик мутахассислар юзтубан ухлаш саломатликка салбий таъсир кўрсатишини илмий исботладилар. Бунда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан хорижда яшаётган ватандошлар учун кенг кўламли ифторлик ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жорий йилда ушбу эзгу ташаббус доирасида 50 шаҳарни қамраб олиниб, хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган юртдошларимизни бирлаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Макка, Мадина, Сеул, Истанбул, Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Нью-Йорк, Торонто каби йирик шаҳарларда ифторликлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ватандошлар ҳомийлигида Даллас, Филаделфия, Орландо, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифторликлар ташкил этилмоқда.
Мазкур хайрли ишлар мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Уларда таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирок этиб, динимизнинг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятлар тараннуми, Ватанга муҳаббат ва ёт ғоялардан сақланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу вақтгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хизмат сафарига юборилган имом-хатиблар томонидан АҚШ, Россия ва Жанубий Кореяда 90 та маърифий суҳбат ва таровеҳ намозлари ўтказилиб, уларда 15 мингдан зиёд ватандошимиз иштирок этди.
Маърифий суҳбатлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шукроналик, гўзал ахлоқ, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат ва турли ёт оқимлардан сақланиш каби мавзуларни ўз ичига олган.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад хориждаги ватандошларимизни маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, она юрт билан боғлиқлик туйғусини янада мустаҳкамлаш ва юртдошлар ўртасида бирдамликни кучайтиришдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати