Сабр диннинг ярми, намоз эса унинг устунидир. Кимда ким шу икки асосни маҳкам ушласа, барча яхшиликка эришишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ: "Энг мушкул, шу билан бирга энг қадрли нарса сабрдир. Унинг икки тури мавжуд. Биринчиси Аллоҳ буюрган амални бажариш йўлида сабр. Иккинчиси Аллоҳ таоло ман қилган ва нафс истаб турган амалдан тийилишда сабр", деганлар.
Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳи: "Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Биз ўз хоҳиш – истакларимизни Роббимизнинг иродасидан устун қўймаслигимиз лозим. Нимаки содир бўлса, барчаси Аллоҳ таолодан эканлигига иқрор бўлиш билан бандалик юзага чиқади. Ҳа, ҳақиқий қул шундай бўлади. У ўз ҳожасининг ҳохишига эътироз билдирмайди".
Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ одамларга юзланиб бундай дедилар: "Ўз ҳолингиздан нолиманг. Ҳамиша cабрли бўлинг, асло Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг. Зеро, ҳолис Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош албатта мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Кимки ўзининг қатъийлиги билан машҳур бўлса, билки у қилган сабри билан машҳур бўлган".
Дарҳақиқат, сабр барча яхшиликларнинг калити, яхшиликлар эса бараканинг калитидир. Демак, кимда ким сабрли бўлса, иншааллоҳ барча яхшиликларга эришади.
Даврон НУРМУҲАММАД
Савол: Қўшнимизникида эркак киши вафот этди. Қўшни аёллар жаноза ўқилмасдан олдин таъзия бўлган хонадонга чиқишлари тўғрими? Чунки таъзия бўлган хонадонда дарвоза олдида эркаклар тизилиб ўтиришади. Аёлларни уларнинг олдидан ўтиши жуда ноқулай. Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусибат етган хонадон эгаларига таъзия билдириш мустаҳаб амал саналади.
Ҳар бир нарсанинг ўзига хос тартиби бўлгани каби таъзия билдиришнинг ҳам шариат белгилаб берган тартиби бор.
Хусусан, аёллар қўшни хонадонда мусибат бўлиб қолганда таъзия билдиришлари, уларнинг дардларига шерик бўлиб, сабрга чақиришлари, маййитнинг ҳақига истиғфор айтишлари яхши амал ҳисобланади. Чунки мусибат вақтида ҳар бир юпатувчи гап далда беради, мусибатни аритишда ёрдам беради. Лекин бу ҳолатда аёллар эркаклар тўпланган жойда улар билан аралашиб кетмаслиги керак. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, аёл ўзи иддада бўлса, таъзия билдириш учун, гарчи қўшнисиникига бўлса ҳам чиқмаслиги зарур.
Бизда одатда маййитга жаноза ўқилгандан кейин барча эркаклар маййитни дафн қилиш учун қабристонга кетадилар ва хонадон улардан фориғ бўлади. Шу пайтда қўшни аёллар чиқиб, мусибатзада аёлларга ҳамдард бўлиб, таъзия билдирсалар, шариат талабини бажарган ҳамда таъзия билдиришни том маънода амалга оширган бўладилар.
Демак, аёлларнинг бир-бирларига таъзия билдиришлари шариатда қўллаб-қувватланади. Фақат бунда номаҳрам эркаклар билан аралашиб кетмаслик, жанозага эргашиб қабристонга бормаслик ва агар иддада бўлса, уйдан чиқмаслик талаб этилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази