Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Ватан ва унинг ҳимояси

14.01.2021   3004   4 min.
Ватан ва унинг ҳимояси

Башарият  ўз  ерини  ундаги  нарсалари  билан,  гарчи  у  ҳеч  ким яшамайдиган  чўл  болса  ҳам  яхши  кўраверади. Ватанни  севиш  –  юракка  сингиб  кетган,  инсонни  унда  бўлганида  хотиржам, йироқ  кетганида  талпинадиган,  ҳужум  қилганида  асрайдиган  ва  камситилганида ғазабланадиган  қилиб  қўювчи  туйғудир.   Қуръони  каримда Ватан  сўзи  (ўрин,  жой  маъносида) бир ерда келган:

 

لقد نصركم الله في مواطن كثيرة

 

 “Батаҳқиқ Аллоҳ сизларга  кўп жойларда  нусрат берди.” (Тавба сураси, 25-оят).

Тўғри,  бу  сўз  биз  ўрганаётган    ватан  маъносини  тўлиқ  англатмайди.  Бироқ, Қуръони  каримда  Ватан  ҳақида  бирор  оғиз  сўз  айтилмаган  экан  дейиш  нотўғри. Чунки  Каломи  шарифда  инсоннинг  турар  манзили  –  Ватанини:  ҳовли,  қишлоқ,  шаҳар, диёр  ва  ер  кўринишида  зикр  қилган.  Инсон  дунёга  келаркан  мана  шу  жойларда бешак  қўним  топиб,  уларни  Ватан  тутиб  ҳаёт  кечиради.

Ватан  арабча  бўлгани  учун  унинг асл маъносини  билишда мўътабар араб  луғатлари ҳамда  замонавий қомусларга мурожаат қилдик. Ва  барчасида  бир  хил  маъно  келганига  гувоҳ  бўлдик. Ватан сўзи: Инсоннинг  ҳох  у  ерда  туғилган  ёки  туғилмаган  бўлсин  истиқомат қиладиган  ва маскан тутган  ери сифатида ифодаланган. Ватан сўзининг истеълоҳдаги  маъноси: Бир жамоа  инсонлар унинг фуқаролигини олиб,  ҳох  у  ерда  туғилган  ёки  туғилмаган  бўлсин,  унга  мансуб  бўлиб,  мустақил, жамоавий  тарзда яшайдиган,  ўз чегарасига  эга Давлатга Ватан  деб  айтилади.

Шундай улуғ ва қадрли масканни севиш ҳамда, унинг тинчлигини асраб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бу ишимиз ҳам бесамар қолмайди.

عن عبد الله بن عباس رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: (عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله) رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Икки кўзни ҳаргиз (дўзах) ўт тутмайди— Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ таолонинг йўлида мусулмонларни қўриқлаб, тонг оттирган кўз", деганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).

عن ابن عمر رضي الله عنهما: أن النبي صلى الله عليه و سلم قال: (ألا أنبئكم بليلة أفضل من ليلة القدر حارس حرس في أرض خوف لعله أن لا يرجع إلى أهله).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга Лайлатул қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми? —У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавф ерида посбонлик қилган қўриқчидир", дедилар (Имом Ҳоким “Мустадрок”да ривоят қилган).

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “موقف ساعة في سبيل الله خير من قيام ليلة القدر عند الحجر الأسود”. أخرجه ابن حبان وغيره،

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолонинг йўлида бироз туриш, Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул қадрни қоим қилишдан афзалдир", дедилар (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилган).

Мусулмонларнинг қонлари, юртлари ва мол-жонларини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундай юксак даража берилар экан. Лайлатул қадр кечасини қоим қилиб, ухламай бедор ўтказса бериладиган фойда ўша одамнинг ўзига бўлади. Агар у ҳажарул асваднинг ёнида бўлсачи.

Буни кўринг-да! Лайлатул қадр қандай улуғ кеча? Лекин, жамиятнинг хизмати, тинчлик, омонлик йўлида бедор ўтказган кеча Лайлатул қадрдан ҳам афзал ҳисобланар экан. Мана шу юқоридаги ҳадисларнинг далили эътиборидан Ватан ҳимояси қандай улуғ амал эканини билиб олдик!

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли,

Мир Араб Олий мадраса талабаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота-онани ҳурматлаш одоблари

08.08.2026   9840   1 min.
Ота-онани ҳурматлаш одоблари

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир.

Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ: 
 

Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws