Муоза Адавийя Басрийя раҳимаҳаллоҳ ўзи эмизган фарзандларига ҳаром ейишдан четланишни буюрган эди. Абу Абдурраҳмон Сулламий айтади: «Умму Асвадни ҳам Муоза Адавийя эмизган эди. Умму Асвад айтади: «Муоза Адавийя менга: «Ҳаром еб, сутимни расво қилма. Мен сени эмизаётганимда имкон борича ҳалол ейишга ҳаракат қилганман. Сен ҳам фақат ҳалол е, шояд Хожангнинг хизматига, Унинг қазосига рози бўлишга муваффақ бўлсанг».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен яқинда бир видео кўрдим. Унда хўроз боқиш, айниқса, оқ хўроз боқиш суннат экани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйларида хўроз боққанлари айтилган экан. Шундай мазмунда ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳадис соҳасида етук алломалар хўроз ҳақида келган иккита ҳадис саҳиҳ, аммо бошқалари, хусусан, оқ хўроз ҳақидаги ҳадисларни тўқима ёки ўта заифдир деганлар. Икки ҳадиснинг бирини имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади”, деганлар.
Иккинчисини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазл-марҳамат сўранг, чунки у фариштани кўрган”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази