“Яхшига қилсанг яхшилик –
ҳам айтади, ҳам қайтади...”
Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим!
Меҳрибон Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Жаноби Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин!
Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.
Хўш, бу неъматлар қайсилари?
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, – дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).
Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди?
Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик. Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди. Шундай эмасми?
I
...Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.
Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.
Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.
«Мусулмон» деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий холати, турар жойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худонинг Ўзи ҳаммамизни асрасин!
“Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!
Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳмиз...
Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.
Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: «Дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: «ИМОН!» – деб жавоб беради.
Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сунай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: «Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди.
Келин куёвнинг кўзларига боқиб: «Дунёдаги энг гўзал нарса – МУҲАББАТ!» – дейди.
Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.
Аскар: «Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!» – дея жавоб беради.
Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, муҳаббат ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади.
Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг масум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида муҳаббат, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди.
Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни «Менинг уйим», деб номлайди.
Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва МУҲАББАТдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР!
II
Жаннатмакон Юртимиз жонкуярлари бўлган ака-ука, опа-сингилларимиз, аввало, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ саломатлиги, фаровонлиги ва хотиржамлиги учун ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз, азизларни беқиёс хизматларингизни юксак қадрлаб, барчаларингиз(!)га чексиз ҳурмат ва чуқур эҳтиромимизни изҳор этишга рухсат бергайсизлар!
Мўмин-мусулмонларимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб соҳиблари, муборак динимиз вафодорлари, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак даражада қадрлайди. Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам халқпарвар-ватанпарвар бўлиб, майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва кўпдан-кўп тасанноларга муносибдир!
Бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча соҳа ходимларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирамиз!
Маълумки, 2020 йил ҳаммамиз учун ҳам мислсиз синов, айни вақтда янги тажриба орттириш йили бўлди. Ўз вақтида Раҳбариятимиз томонидан кўрилган чора-тадбирларимиз бугун ижобий натижа бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Якунланган йилда бутун дунёга коронавирус пандемияси тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирди. Юртимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар, доно халқимизнинг чуқур тушуниши, кенг тафаккури ва ўзига хос сабр-тоқати билан бу офат Ҳақ таолонинг мадади ила жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олинди.
Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган COVID-19 даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда олижаноблик намунасини кўрсатган, меҳр-оқибат, саховат ва олиҳимматлик фазилатларини кўрсатиб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларга катта ҳисса қўшган, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИМИЗнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.
Таъкидлаш керакки, COVID-19 балоси бошимизга тушган синовлар шароитида ваъзу иршодлар натижасида мўмин-мусулмонларимиз: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Қуръони карим Бақара сураси 153 оят), деган илоҳий башоратга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, сабр ва тоат-ибодат ила ҳамжиҳатликнинг юксак намунасини кўрсатдилар. Бу йил карантин туфайли ибодатларини адо этишда юзага келган қийинчиликларни ҳам тўғри тушунмоқдалар. Бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетиб, Худо хохласа, келгусида хурсандчилик кунларни бирга-бирга нишонлаймиз.
Юртимизда коронавирус даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини, фуқароларимиз осойишталигини кўзлаган ҳолда бир қатор чора-тадбирлар қўлланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалга оширилган ишларнинг самараси ўлароқ, аҳоли сонига нисбатан олинганда МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан бизнинг мамлакатимизга тўғри келди. Ҳақиқатан ҳам, соҳанинг етук экспертлари хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу пандемиядан энг кам талофат кўрган давлат сифатида чиқади, деб баҳоланмоқда.
Бу оғир синов даврида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилинди ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти муҳтарам ва ҳурматли уламоларимиз ва динимиз пешволари томонларидан кенг ва батафсил тушунтирилди. Жумладан:
Ўзбекистонлик етук уламоларимиз, нотиқ имом-хатибларимиз томонларидан карантин кўрсатмаларига амал қилиш, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда беҳисоб тарғибот ишлари олиб борилди.
Бундай дин хизматчиларимиз мана шундай ўта оғир даврда ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатганлари улкан таҳсинларга ва беқиёс ташаккурларга лойиқдир!
Натижада, матонатли халқимиз ковид вабоси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган ояти каримага амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатлиликнинг юксак намунасини бутун (!) дунёга кўрсатдилар.
Фазилатли инсонларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хайрия маблағларини тўғри йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига кўмак бериш, оғир шароитдаги одамларни сабр-тоқатга чақириш, уларнинг кўнглини кўтаришдаги фидойиликлари ҳар қандай мақтовга лойиқдир! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, – деб хушхабар берган.
Қайд этиш лозимки, синов кетидан синовлар бўлган – касаллик ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида диний соҳамиз ходимлари иштирокида жонлиқлар сўйилиб, нажот сўраш намозлари адо этилгани, хатми Қуръонлар, дуою тазаррулар, истиғфорлару салавоти шарифлар айтилгани энг улуғвор ишлардан бўлганини алоҳида эътироф этишимиз керак.
Аллоҳ таборака ва таоло инсонларни синовли кунларда сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, Қуръони каримда 94-сурасининг 5-6-ояти карималарида “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, – деб марҳамат қилади. Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик борлигини COVID-19 касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг ёрдами ила ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар...
Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтишда диний соҳамиз ходимларининг панду насиҳатлари, ибратли ўгитлари ва эзгу ташаббуслари жуда ҳам катта таъсир кўрсатди.
Муҳтарам Юртбошимиз пандемияга қарши курашда фаоллик кўрсатганларга ташаккур билдириб, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида қадри баланд муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимизни ҳам алоҳида эсга олганлари диний соҳа ходимлари меҳнатларига берилган юқори баҳодир!
Карантиннинг энг-энг ашаддий қийин кунларида хам халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, фаровонлигини кўзлаб давлатимиз, ҳукуматимиз чиқарган барча топшириқларини муқаддас динимиз равнақи, масжиду мадрасаларимиз ободлигини мўлжаллаб, мўмин-мусулмонларимизни манфаатлари учун батафсил етказишда кечаю-кундуз беғараз ва беминнат хизматлари билан, диний соҳамиздаги барча ходимларимизга ўзларининг бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари билан фидокорона хизмат қилаётган Дин ишлари бўйича қўмитадан келаётган барча муҳим тавсияларни соҳамиз ходимларига онлайн ҳам, офлайн ҳам ўзларининг қимматбаҳо йўл-йўриқлари билан етказаётган Диний идорамиз раисларига нафақат мамлакатимиз халқи таҳсинлар айтди, балки халқаро даражада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий ҳазратлари тан олиниб, “Дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхати”дан ўрин олдилар.
Карантиннинг энг қийин пайтларида ҳам қаҳрамонона, жонини Жабборга бериб, 24 соатлаб, ҳафталаб тинмай, беминнат хизмат қилган барча Ватан ҳимоячиларимиз, шифокорларимиз, ҳуқуқ-тартибот ходимларидан сира ҳам қолишмасдан хизмат қилган диний соҳамиз ходимларини доно халқимиз ниҳоятда яхши билар экан... Таъкидлаш жоизки, халқимиз томонидан мана шундай улуғвор ишлари учун хали-халигача жуда ҳам кўп миннатдорликлар келиб тушмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали ҳам мамлакатимиз фуқаролари томонларидан алоҳида раҳматномалар ҳанузгача изҳор қилинмоқда. Айниқса, мана шундай самимий, чин дилдан ёзилган мактубларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига алоҳида дил сўзлари битилган. Идорамизнинг барча ходимларидан халқимизнинг миннатдорлигини мўмин-мусулмонларимиздан кунда-кунаро келаётган ташаккуру раҳматномаларидан билиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимизнинг ва диний соҳа ходимларининг меҳнатларини қадрлаш Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунасидир. Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганидан, албатта, ҳамманинг хабари бор.
Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз... Буларнинг замирида Яратган Парвардигори оламнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб самарали меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.
Эътироф этиш керакки, жорий йилда кетма-кет келган синовларни мардона енгиб ўтишда диний соҳа вакиллари ҳам улкан ҳисса қўшмоқда. Айниқса, халқимиз орасида катта обрў-эътибор қозонган муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимиз барчани сабр-бардошга, ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этувчи ўзларининг таъсирчан сўзлари ва чиқишлари билан юртдошларимиз қалбида эртанги ёруғ кунларга катта ишонч туйғусини мустаҳкамлаганларига барча гувоҳ бўлди.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад сураси 7-оят).
Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам Худога ҳам шукр қилаолмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Доно халқимиз эса: “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади”, – деб бежиздан бежиз айтмаган.
Ўзини жонини ҳам, оиласини саломатлигини ҳам Худога топшириб, ўта катта ва жиддий хавф-хатарни ҳам четга суриб, жонини ҳам, молини ҳам халқ учун фидо этган ҲАР БИР ИМОМ-ДОМЛАМИЗГА беҳисоб ташаккурлар айтамиз!
Чуқур қайғу билан қайд этамизки, бу касаллик туфайли кўпгина юртдошларимиз қаторида етук уламоларимиз, тажрибали имом-домлаларимиз ва жонкуяр диний соҳа ходимларимиз ҳам бу дунёдан ўтдилар... Тўғри, бу ҳаётда ўрни ўзгармайдиганлар, албатта, йўқ... Лекин ўрнини ҳеч ким боса олмайдиганлар БОР! Улар қуйидагилардир. Бугун биз ўзларининг беназирликлари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган қуйидаги дин хизматчилари – устозларни алоҳида эсга олишимиз лозим...
Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Дардоқ” жоме масжиди имом-ноиби Тўйчиев Ғайратжон домла;
Наманган шаҳар “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-ноиби Исмаилов Адҳамжон домла, “Абдураззоқ қори” жоме масжиди имом-ноиби Хожиев Аҳадхон домла;
Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Навбаҳор” масжиди имом ноиби Абдураҳмонов Қўчқор домла, Зарбдор туман “Кериз” масжиди имом-хатиби Ўтамуродов Қодирқул домла;
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Хўжа Абдул Варроқ ат-Термизий” масжиди имом хатиби Ҳасанов Шохназар домла, Денов тумани “Имом Бухорий” масжиди имом-хатиби Тошбоев Панжи домла;
Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Тўхтабой” масжиди имом ноиби Баҳрамов Аҳмадуллоҳ домла, Шайхонтоҳур тумани “Баланд” масжиди имом ноиби Исмаилов Ҳабибуллоҳ домла, Бектемир тумани “Алибек” масжиди имом ноиби Ибрагимов Аҳмаджон домла, Яккасарой тумани “Ракат” масжиди собиқ имом-хатиблари, фахрий имомимиз, таниқли катта уламомиз Ҳамдамов Абдуллоҳ домла;
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом ноиби Мамутов Муҳаммадали домла, Қозиёт ҳисобчиси Аметов Ремберген домла;
Бухоро вилояти собиқ бош имом-хатиблари Нуриллаев Мансуржон домла;
Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом-хатиби Меликов Мустафоқул домла, “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби Давронов Абдураҳмон домла, “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби Исломов Нуриддинхон домла;
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Турматов Хайрулло домла, Оққўрғон тумани “Эрбўта қози” масжиди имом ноиби Бойхонов Исмоилхон домла, Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди имом ноиби Эркаев Раҳмонберди домла;
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Эски қўрғон” масжиди имом-хатиби Исматиллаев Тоҳиржон домла;
Хоразм вилояти вакиллиги ҳуқуқшуноси Жуманиёзов Бахтиёржон домла;
Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Пахтаобод” жоме масжиди собиқ имом-хатиби Суяров Абдураҳмон домла;
Фарғона вилояти Данғара тумани “Муҳаммадсаид хўжа” жоме масжиди имом-хатиби Аҳмедов Шерзоджон домла;
Табаррук устоз Убайдулла домла Уватов, йирик муфассир Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари, забардаст олим Довудхон домла, мутасаввиф уламо Олимхон домла ва “Кўкалдош” мадрасасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган Абдусалом домла каби устоз уламоларимиз бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этдилар, уларнинг охиратлари обод, жойлари жаннат бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз бу қийин даврда машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатган ва вафот этиб, шаҳидлик мақомига етишган мазкур уламоларимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаган бўлсин! Илоҳим Ўзи рози бўлиб, Наим жаннатлари билан сийласин!
Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини муборак динимиз, жонажон халқимизга, она-Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда, деб билган бу фидойи инсонларимиздан улкан ва бой маънавий мерос қолди... Зикр этилган азиз инсонлар динимиз таълимотларини доимо тараннум этадиган, халқимизнинг қалби ва онги уйғоқ, ватанпарвар фарзандлари сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг доимий иштирокчиси ва тарғиботчиси эдилар... Уларнинг оилалари ва яқинларига, мухлисларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун халқимиз, мўмин-мусулмонларимиз номларидан эзгу дуоларни қилиб қолади...
III
Бир оддийгина кичик қўл соатида ҳам, уйимиздаги телевизорда ҳам, қўлимиздаги телефонимизда ҳам, энг катта компьютерда ҳам, энг охирги русум автомобилида ҳам, бир неча тонналик самолётда ҳам, Ер сайёрасидан кўтарилиб коинотга бориб-келаётган неча минг тонналик космик кемаларда шундай бир қисм, бўлакчалари бор-ки, у қисмларсиз мазкур “мўъжиза”лар ишлолмай қолади. Аслини олганда, у бўлак-қисмлар кўзга кўринмайди ҳам... Улар эътиборсиз-у, лекин уларсиз соат ва телевизор ҳам, телефон ва компьютер ҳам, автомобиль ва самолёт ҳам, ҳатто инсониятни лол қолдираётган баҳайбат космик кемаси ҳам ишламасдан қотиб қолади! “Мўъжиза”ларнинг энг каттаси ва энг улуғи бўлган Инсон организмида ҳам мана шундай “қисм-бўлаклар” мавжуд.
Ҳар бир корхона-ташкилотларда ҳам ҳудди шу каби “қисм-бўлаклар”ни вазифасини адо этадиган одамлар, катта-кичик ходиму хизматчилари бор!!! Улар ўзларини ҳадеб билдиравермайдилар... Лекин ўз ишларини ниҳоятда чиройли ва намунали этиб, тўла-тўкис ва мукаммал қилиб, дину диёнат билан, ҳалолу пок, инсофу виждон билан бажарадилар. Шундай инсонларга ўзларини “кўрсатиш”ларини ё (ҳозир “мода”га айланиб қолган) интернетга “чиқиш”ларини таклиф этсангиз, ҳаммаларидан ягона жавоб эшитасиз. Ўзларини тортиб, уялиб, чуқур ҳаёжонланиб: “Худо билса, бўлди... Билса – балиқ, билмаса – Холиқ,” – деб қўядилар холос.
Мана шундай инсонлар бизнинг соҳамизда сон-саноқсиз даражада кўп! Лекин уларни машаққатли ва сермаҳсул меҳнатларини, беқиёс ва олижаноб хизматларини Яратганимиздан ташқари, раҳбарларимиз ҳам, доно халқимиз ҳам жуда яхши билади!
Бугунги мураккаб ва синовли даврда халқимиз ва динимиз хизматида бўлиб турган қадрли ва табаррук уламоларимиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимиз, азиз ва қимматли мударрисларимиз, муштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимлари, севимли ва суюкли талабаларимиз ҳамда муқаддас Ватанимизнинг барча ҳимоячиларига Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолодан сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини сўраймиз!
Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларким: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, муборак динимиз ривожи ҳамда доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар ато этишини Меҳрибон Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламиз!
Ўз аждодлари қўним топган ҳоки покларини, киндик қони тўкилган Ватанни ҳимоя қилиш, ўз она-юртини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш – ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилишдир. Бу хусусда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
Эл-юртимиз равнақи ва дини Ислом маърифати йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб, ўзининг бор куч-қудрати ва ақл-заковатини аямасдан, сидқидилдан, фидойиларча, холисона ҳамда улкан меҳр ила хизмат қилиб келаётган сизлардек мўътабар инсонларни тарбиялаб, вояга етказган ОТА-ОНАЛАРИНГИЗГА МИНГ-МИНГ-МИНГ РАҲМАТ! Барча ота-оналарга ҳам Парвардигори олам ана шундай фарзанд тарбиялаб, камолга етказишни насиб айласин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз камоли, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб борилаётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!
Илоҳим ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Хулоса
Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!
Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир» деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.