Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутарди. Бир куни гўдак ўғли Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг кўзига заха етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўрмаётганини пайқаб қолди. Фотима дунёни унутди. Аллоҳга нола қилди. Шу топда у ўғлининг кўра олиши эвазига ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли билан бирга бухоролик машҳур табибникига жўнади.
Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон синчиклаб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. “Шифо ёлғиз Аллоҳдан!” деб таскин ҳам берди. Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёққўли ҳолсиз қайтди.
Фотима саросимага тушмади. У тунлари тоатибодатда бедор, кундузлари рўзадор бўлиб, Аллоҳга илтижо қилиб ёлворди, чин ихлос ва умид билан фарзандининг касалига шифо сўради.
Кунларнинг бирида жуда толиқиб, озроқ ухлаган эди, туш кўрди. Ҳасса тутган баланд бўйли, юзи нурли, кўркам соқолли бир қария тушига кирди. Кейин билса, бу зот Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом эканлар. У киши Фотиманинг қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: “Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлвориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг самарасиз кетмади. Меҳрибон Аллоҳ ўғлингга кўзларини қайтариб берди”, дедилар.
Уйқудан юраги ҳапқириб уйғонди. Шошилинч ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна ҳаммаёқни кўра бошлаган ўғли ўрнида жилмайиб ётарди. Аёл умид-илтижоси мукофотига берилган бу яхшиликдан чексиз севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, ҳамду санолар йўллади.
Онаси суйиб-ардоқлаб ўстирган бу бола кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) бўлиб етишди.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Отам (Аллоҳ раҳматига олсин) меҳнат фаолиятини 1960-йилларнинг бошларида Нигериядаги Саудия Арабистони элчихонасида бошлаган эдилар.
Элчихонада Зайд исмли яна бир ходим ишларди. Негадир улар бир-бирлари билан унчалик чиқиша олишмасди.
Бир куни Зайд ака бетоб бўлиб қолди. Шунда отам, ораларидаги совуқ муносабатга қарамай, уни зиёрат қилишга бордилар. Ўша давр одамлари ҳис-туйғуларидан кўра бурч ва одобни устун қўяр эдилар.
Зайд ака ётоқда ётарди. Отам эса индамай ўрнидан туриб, унинг оёқлари остига шиппагини қўйиб бердилар.
Бу жуда оддий кўринган ҳаракат эди.
Аммо айнан шу кичик эътибор уларнинг муносабатини бутунлай ўзгартириб юборди.
Ўша зиёрат кейинчалик қарийб 60 йил давом этган мустаҳкам дўстликнинг бошланишига айланди.
Зайд ака аслида олижаноб феъл-атворли инсон эди. Чинакам характерга эга одам энг кичик эзгуликни ҳам унутмайди ва уни қадрлайди.
Отам билан Зайд ака ўртасидаги дўстлик йиллар сони билан эмас, балки биргаликда бошдан кечирган синовлар ва вазиятлар билан ўлчанарди.
Ҳар бир синов уларнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаб борарди.
Қийин дамларда Зайд ака отамни қўллаб-қувватлади, отам ҳам керак бўлганида Зайд акага суянч бўлди.
Уларнинг феъл-атвори, турмуш тарзи ва қарашлари турлича эди. Аммо уларни умумий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ва биргаликда босиб ўтилган ҳаёт йўли бирлаштириб турарди.
Донолар айтишади: инсонлар ўртасидаги муносабатлар асосан уч турга бўлинади:
Энг катта хатолардан бири – ана шу дўстликларнинг чегарасини адаштиришдир.
Масалан, баъзи инсонлар билан фақат бирга вақт ўтказамиз, суҳбатлашамиз, сайр қиламиз ва ҳ.к. Бу йиллар давом этиши ҳам мумкин.
Лекин ҳаёт синови келмагунча, бу муносабатнинг қанчалик мустаҳкам эканини билиб бўлмайди.
Кўп марта шундай бўладики, биз йиллар давомида яқин деб билган одамимиз энг керакли пайтда ёнимизда бўлмайди.
Аксинча, айрим инсонлар оғир кунларда садоқатини исботлайди.
Шунинг учун ҳам энг мустаҳкам дўстлик – бу қувончни ҳам, манфаатни ҳам, синовни ҳам биргаликда енгиб ўта оладиган дўстликдир.
Ҳаётда тамойилларингизни баҳам кўрадиган, оғир дамларда сизни ёлғиз қолдирмайдиган бундай дўстлар жуда кам учрайди.
Агар Аллоҳ сизга шундай бир ёки икки дўстни насиб қилган бўлса, бу энг буюк неъматлардан биридир.
Отам билан Зайд ака умрларининг катта қисмини бир мамлакатда яшамаганлар.
Отам Жидда шаҳрида ўз бизнесини йўлга қўйди. Зайд ака эса Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигида фаолиятини давом эттириб, турли мамлакатлардаги элчихоналарда хизмат қилди.
Улар фақат байрамларда ёки қисқа муддатларга учрашишарди. Шунга қарамай, масофа уларнинг дўстлигини заифлаштирмади. Аксинча, йиллар ўтган сари бу ришта янада мустаҳкамланиб борди. Гўё улар ҳар куни учрашиб тургандай эди.
Нега?
Чунки уларнинг дўстлиги манфаатга эмас, самимият ва садоқатга қурилган эди.
Айрим инсонлар олтинга ўхшайди. Улар синовларга дуч келган сари янада покланади, янада порлайди.
Бошқалари эса қалайга ўхшайди. Ҳаёт олови тегиши билан эриб, асл қиёфаси намоён бўлади.
Чинакам инсоннинг қадри айнан қийин кунларда билинади.
Даврон НУРМУҲАММАД