Зоҳид бўлмоқ – дунёдан кечиб, охиратни ихтиёр қилмоқ, охират тадорикини кўрмоқдир. Зоҳидда охиратни ўйлайдиган муҳим ва мақбул бир туйғу бўлади. Ишнинг тўғриси ҳам шу. Чунки ҳар бир мўъмин охиратда жуда катта мукофотларга сазовор бўлади, кофир, осий, мужрим, айбдор охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Бу дунёда Аллоҳу таолонинг айтганларини бажариб, охиратда ваъда берган мукофотларига эришмоқ керак. Чунки охират бу дунёнинг натижаси... Дунё охиратнинг зироат майдонидир... Аллоҳу таоло охиратда инсоннинг бу дунёдаги ниятига, феълу одати, ҳаракат ва амалларига қараб, муомала қилади... Жазо ё мукофот беради.
فَمَا يُكَذِّبُكَ بَعْدُ بِالدِّينِ 7 أَلَيْسَ اللَّهُ بِأَحْكَمِ الْحَاكِمِينَ 8 (سورة التين: 7-8)
Фамо юказзибука баъду биддин. Алайсаллоҳу биаҳкамил ҳокимин. (Тийн сураси, 67-оят). Яъни Аллоҳу таолонинг адлу адолатини зинҳор инкор этиб бўлмайди. Қиёмат кунида ҳар бир киши қилмишига яраша жазосини тортади. Золим ва мазлумнинг қилмишига яраша муомала қилинади!...
Охират муҳим... Мўмин учун уни назардан қочириш, инкор этиш асло мумкин эмас. Зоҳидлик туйғуси ҳам аҳамиятлидир... Хўжамизнинг чиройли исмлари Зоҳид эди. Яъни Муҳаммад Зоҳид Қўтқу раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Фарзандларимизга ҳам бу исмни севиб қўямиз.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу дунё охиратга ҳозирлик кўриш, ибодат қилиш учундир, роҳат фароғат жойи эмас.
Дунёга аҳамият бермаслик туйғуси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киром ризвонуллоҳи таоло алайҳим ажмаийн ҳазратларини, комил мусулмон ва комил қулларни охират ҳаётига тайёрлаган... Улар ҳаётларининг ярқ этиб кўзга ташланадиган ибратли жиҳатларидан бири шуки, бировнинг ҳақига, молига хиёнат қилмаганлар, заррача бўлса ҳам бировнинг ҳақини ейишдан ҳазар қилганлар ва эҳтиёт бўлганлар. Адолатли бўлишга ҳаракат қилганлар, жоиз бўлмаган фойдани рад этганлар, баҳридан кечганлар. Бундай фойдани таклиф этганларга қаттиқ танбеҳ берганлар.
Уларнинг энг кўзга кўринган хусусиятлари шу: ҳаром емаслик, очкўзлик қилмаслик, бошқанинг ҳаққига, молига қўл чўзмаслик.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори Илҳом Бердиёровдан иборат делегация хизмат сафари билан Туркия давлатида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида асосий эътибор вақф ишлари ва зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилмоқда. Шунингдек, делегация аъзолари Туркияда таълим олаётган талабалар ва истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан учрашиб, турли маърифий тадбирлар ўтказмоқдалар.
2026 йил 21 апрель куни Анқара шаҳрида Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳамда Туркия «Вақф» бошқармаси раҳбарияти билан муҳим музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Музаффар Комилов икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги ишончли муносабатлар барча тизимларда, хусусан, хайрия ва диний-маърифий соҳаларда ҳамкорлик кенгайишига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
Мулоқот давомида икки қардош мамлакат ўртасидаги хайрия лойиҳалари янги босқичга чиқаётгани эътироф этилиб, истиқболдаги режалар келишиб олинди. Ушбу музокаралар якунида соҳавий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати