Ислом динида шундай атамалар борки, бу атамаларга Исломнинг илк даврларидан то бизнинг кунларга қадар мусулмонлар фақат ибодат маъносида қараганлар. Сабаби бу атамалар билан номланган ибодатлар диний манбаларимиз бўлган Қуръон ва суннатда мақталган. Шу билан бирга мусулмонлардаги самимий иймоннинг ҳақиқатини юзага чиқариб берадиган ибодатларнинг баъзи бирларининг номи шу атамалар билан номланган.
Бугунги кунга келиб, мана шу атамаларни эшитган кишиларнинг қалбида қўрқув пайдо бўлгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир. Нафақат мусулмонлар оммасига, балки, бутун динлар, миллат ва элат вакилларига бу калималарнинг асл маъно ва моҳиятини тўғри тушунтириб бериш бугунги кунда Ислом уламоларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Сабаби бугун дунёнинг турли бурчакларида ўзининг қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётган баъзи манқуртлар айнан шу калималарни қайта қайта тилга олмоқда. Лекин Ислом дини террористик ҳаракатларга энг аввал қарши турувчи дин ҳисобланади. Қуръон ва суннатга амал қилган соф ақидали мусулмонлар, тиллари билан ҳам дилларию қўллари билан ҳам бировга озор етказишдан йироқдадир.
Юқоридаги сўзларимиздан, ҳар бир кишида табиий равишда бир неча саволлар туғилиши мумкин. Хўш бу атамалар нималардан иборат, нима учун аксарият кишилар бу атамаларни эшитса қўрқувга тушади, мусулмонлар бу номланилган атамаларга қандай муносабатда бўлишлари керак ва ҳоказо.
Ислом динини ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ниқоб қилиб, баъзи мусулмонларнинг илмсизлигидан фойдаланган ва уларни ўз сафларига қўшган кучлар, муқаддас динимизнинг номига доғ туширишни ҳам олдиларида мақсад қилиб олганликлари бугун фош бўлмоқда. Улар турли тоифаларга бўлиниб , бугунги кунда дунёнинг турли жойларида, ваҳшиёна ҳаракатлари билан бутун инсониятга азият етказмоқдалар. Улар Аллоҳ таоло ман этиб, қатъий қайтарган ишлардан бири бўлмиш, ноҳақ инсонларнинг қонини тўкаётиб, «Аллоҳу акбар» калимасини талқин қилишмоқда. Шу билан бирга бу даҳшатли ёвузликларини интернет тармоқлари орқали тарқатишмоқда. Умуман бошқа динда бўлган кишилар , бу ҳолатларни кўрганда Ислом дини ҳақида ёмон тасаввурларга эга бўлишига шубҳа йўқ. Чунки уларда бу муқаддас дин ҳақида ҳеч қандай тушинча йўқ.
Ҳозирги кунда аксарият кишилар номини тилга олишга ҳам қўрқиб қолган бу аслида муқаддас саналмиш калималарнинг энг машҳурлари:«Ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик», «халифалик», «салаф» каби каби калималардир.
Ҳозирги кунда кўпчилик эшитса ваҳимага тушадиган Исломий ибодатлардан бири “ҳижрат” сўзи бўлиб қолди. Инсонларнинг бу сўзни эшитса ваҳимага тушишиларининг сабаби, баъзи оқимлар ўз жиноий мақсадларини амалга ошириш учун бу калимани ишлатиб, турли бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишган. Аслида эса Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб ўтганлари динимиз истилоҳида “ҳижрат”, дейилади. Кейин эса нима сабабдан кетганликлари эътиборга олинади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга Макка мушриклари ҳаддан зиёд озор берганлиги сабабидан, у зот динлари, жон ва молларини асраш учун шу ишни амалга оширдилар. Энг аввал эса оз сонли мусулмонлар Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилишган эди. Бунга ҳам асл сабаб Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламни чиқарган нарсалар эди. Мана шу оз сонли мусулмонларга ҳам Расулуллоҳ ўзлари ижозат берган эдилар. Динига , молу жонига азиятлар ҳаддат зиёд кучайган пайтда амалга оширилган бу “ҳижрат”, бу ибодат, Аллоҳ таолога қурбат бўлиши билан бирга ,У зотнинг буйриғи ҳам саналади. Ҳижрат сўзининг моҳиятини англаган киши унда ҳеч қандай салбий маъно йўқлигига амин бўлади. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси маконий ҳижрат бўлиб, дин ва ҳаёт муҳофазаси учун амалга оширади. Унга таълуқли бир қанча оятлар ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан Наҳл сурасининг 41-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажр мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!”.
Ҳижрат маъносидаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида ҳам келган.
Иккинчи турдаги ҳижрат гуноҳ ва маъсиятларни тарк этиш. Бу ҳақида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васуллам Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган тарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир” ,- дедилар.
Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсаларни тарк этмоғингдир”,- дедилар.
Бугунги кунга келиб баъзилар томонидан “ҳижрат” сўзи нотўғри талқин қилинмоқда. Ақидапараст оқимлар бу сўзни ўз мафкуравий қарашларига мос равишда сафдошларини тарғиб қилиб, қелмоқдалар. Бу кучлар дунёнинг нотинч ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган митақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқала режалаштирган мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган , беш маҳал намоз ўқиш бемалол бўлган, Жумъа ва Ҳайитлар ўқиладиган тинч Ватанни тарк этишга чақиради.
Жиҳод – сўзи атрофида ҳам кўплаб арзимас сўзлар кўпайиб кетганини биламиз. Аслида бу сўз арабча бўлиб, таржима қилинганда ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ , зўр бермоқ каби яна бир қанча маъноларни англатади. Дастлаб “жиҳод” деганда Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушинилган. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида Ибн Роғиб: “Душмандан ҳимояланишда тили ва қўли ёки кучи билан ғайрат қилишдир”, деган. Ибн Рушд: “Жиҳод қалб, тил, қўл ва қилич билан курашиндир”, деб уни тўрт қисмга ажратганлар. Ислом тарихидан бизга маълумки, мусулмонлар ўз Ватанларидан қувилиб, душман томондан уруш очилганидан сўнг, уларга қарши жиҳод қилишга руҳсат берилган. Бу ҳақида нозил бўлган энг биринчи оят “Ҳаж” сураси 39-оятидир: “Ҳужумга учраётган (мусулмонларга) , музлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” .
Демак , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарши қилич билан бўлган кураши уларни сўз билан Исломга ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари оқибатида амалга оширилган. Яъни кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган, мусулмонлар эса уруш ва ҳужумга учраган. Мусулмонлар ўша даврда мудофаа учун қарши ҳужумга жавоб бериш ва душман томонидан кутилган тажовузни олдини олиш учун ҳарбий тадбирлар қилишган.
Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу- жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, бази шахслар онгида қуролли кураш деган тушинча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди. Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи Ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Музкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи эканлиги баён этилган.
Шаҳидлик – сўзи“ҳозир, гувоҳ” каби маъноларни билдиради. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳнинг исмларидан бири, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” , эканлини ифода этади. Умумий лафзда Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида, ўзини, аҳлини, миллатини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо этан кишига “шаҳид” , дейилади. Шаҳид- Аллоҳнинг розилигини топаман деб курашганда , бир шахс томонидан ўлдирилган мусулмонга нисбаттан айтиладиган сўз. Киши гарчи дин йўлида деб эълон қилсада, ўзини ўзи ўлдирса, “ўз жонига қасд қилган” саналади. Шаҳид эмас. Ўз жонига қасд қилиш эса Исломда гуноҳи кабира саналади. Шаҳидликнинг бир неча турлари бўлиб, булар ҳолатига қараб, “ҳақиқий шаҳид”, “ҳукмий шаҳид”, “дунё шаҳидлиги” , “охират шаҳидлиги”, “дунё ва охират шаҳидлиги”, деб номланилади. Асримизнинг забардаст уламолари бу маънони атрофлича ўрганиб, бугунги кунда , баъзи диёрларда шаҳид бўлиш мақсадида, ўзини портлаётганлар ниҳоятда катта гуноҳга қўл урган киши саналади. Қуръон оятлари ва суннатда баён этилган ўзини-ўзи ўлдириш тўғрисидаги ман қилинган кўрсатмаларнинг мавжудлиги, унинг ҳаром амал эканлиги, шу билан бирга ўз-ўзидан бирор ҳужжатнинг йўқлиги эса, унинг ношаръий амал эканлигига далолат қилади. Шунинг учун бу ишни амалга оширган кишиларин шаҳид дейиш жоиз эмаслиги, балки, ўз жонига қасд қилиш деб номлаш кераклигини таъкидлаганлар.
Мусулмонлар доимо илмга интилишлари , тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ илмларидан хабардор бўлишлари ниҳоятда зарур. Шу билан бирга мавзуни ўрганиш давомида, ўша мавзуда эътироф этилган Ислом уламоларнинг фатволаридан ҳам баҳраманд бўлишга интилишлари фойдалидир. Уламолар томонидан ҳам ҳалқни диний саводини ошириш мақсадида, тез-тез илмий суҳбатлар уюштириш, одамлар орасидан илмсизлик туфайли юзага чиқаётган мутаассибликнинг олди олинишига катта туртки бўлади.
Абу Бакр ас-Сиддиқ жоме масжиди
имом-хатиби Орифжон Тўқсанов
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси