Тақводор инсоннинг сифатлари қуйидагилар:
– Ота-онага яхшилик қилиш.
– Қариндошлик ришталарини боғлаш.
– Қўшниларга яхши муомалада бўлиш.
– Шижоатли, кечиримли бўлиш.
– Одил, ширинсўз бўлиш.
– Ўзгаларни ўзидан устун қўйиш.
– Аллоҳнинг азобидан қўрқиш.
– Иффатли бўлиш, кўзи, қулоғи, тили ва бошқа аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийиш...
Инсондаги тақво аломатлари
– Ислом шариати белгилаган чегарадан чиқмайди.
– Аллоҳга бандалик изҳор қилади.
– Қалби кек, адоват, нафрат, ҳасаддан саломат бўлиб, муҳаббат, мулойимлик ва меҳрга тўла, Аллоҳнинг зикри билан обод бўлади.
– Илм-маърифат, яхшилик, фазилатларни ёяди. Одамларнинг орасини ислоҳ қилади.
– Ўзгаларга ёрдам беради, манфаат улашади.
Тақводорларнинг ажр-савоби
– Аллоҳ таоло тақводорларни Ўзига дўст, валий қилиб олади. У Зот: «Унинг валийлари фақатгина тақводорлардир», деган. (Анфол сураси, 34-оят).
– Аллоҳ тақводорларни суяди. У Зот: «Йўқ! Ким аҳдига вафо қилса ва тақво қилса, Аллоҳ тақводорларни севадир», деган. (Оли Имрон сураси, 76-оят).
– Аллоҳ солиҳ амалларни қабул қилади. У Зот: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир», деган. (Моида сураси, 27-оят).
– Яхши оқибат. Аллоҳ таоло: «Ва оқибат тақводорларникидир», деган (Аъроф сураси, 128-оят).
– Жаннат. Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир», деган. (Ҳижр сураси, 45-оят).
– Аллоҳнинг розилигига эришади, савоб тарозиси оғир келади, омонлик мақомида бўлади. Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар омонлик мақомидалар», деган. (Духон сураси, 51-оят).
– Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлади, чунки у комил иймон эгасидир.
– Охиратдаги мартабаси улуғ бўлади. Дунёда одамларнинг муҳаббатини қозонади.
– Умри баракали бўлади.
– Йўли очиқ, ризқи кенг бўлади. Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур», деган. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
тайёрлади
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати