(Давоми, 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм)
Сокинлик – сирли хилқат. Уммонларга хос бир умумият бор: сув ҳавзасининг туби қанча чуқур бўлса, сатҳи шунчалик тинч, осойишта бўлади. Ваҳоланки, у бағридаги мислсиз туғёнлар, тўфонларни яшириб яшайди. Муфтий ҳазратнинг хизматларида бўлганимда, у кишининг табиатида ҳам ана шундай манзарани кузатганман. Ҳазрат хокисор, камтар, ғазаби унча-мунчага чиқмайдиган, кечиримлик ва гина-кудуратдан анчагина холи фазилатларга эга инсон эканликларига ҳаётий мисоллар асносида амин бўлганман.
Мен ҳазратни улкан бир мевали дарахтга ўхшатаман. Баъзида дайди шамолар букмоқчи бўлиб шовуллаганини, тўфонлар таг-томири билан қўпормоқчи бўлиб, довул қоққанининг гувоҳиман. Ҳар хил қушлар оғушида ин қўйиб, қўналға қурганларини сўнг меваларини чўқиб, шохларига озор берганларига шоҳид бўлганман. Ҳазрат бир силкиб барисини эгниларидан тўкиб ташласалар бўларди, бироқ бундай қилмасдилар. “Чин тақво ботқоқдаги нилуфар гулга қиёс: атрофинг балчиқ бўлса-да, ўзингни пок сақлай билмоғинг даркор”, дер эдилар. У кишининг шаънига қанчадан-қанча туҳматлар, асоссиз бўҳтонлар тўқимадилар дейсиз. Миш-мишлар тарқатишди. Ғаразларини ғарам қилиб уюшди.
Таажжуб, ҳазрат шундоққина теграсида кечаётган мана шу ноҳақликларга асло эътиборсиз юрар эдилар. Менинг сабрим чидамас, бунинг зиддига бирор-бир чора кўрайлик, деб қабулларига бир неча бор кирганман. Аммо у киши менга далда бериб, шошқалоқ турган ҳисларимни сокинликка ундар: “Дилмуроджон, ҳаммасидан хабарим бор, қўйинг, қизишманг, Аллоҳ кифоя қилсин!” деб қўяр эдилар. Ўқ отганга ўқ отиш, йўқотмоқчи бўлган касларни йўқотиш фикрида йироқ эдилар. Аллоҳ ўз ҳифзу ҳимоятида тутсин сизни, ҳазрат!
Раҳматли Анвар қори ҳазратни бениҳоя ҳурмат қилар, у кишининг зоҳирида ҳар ким ҳам илғамайдиган бир шуъла, нур таратиб туради, деб гапириб юрардилар. Ҳазрат жамоат жойларида сокин, мулоҳаза ва тафаккур оғушида ўтирардилар. Атрофларида казо-казолар, турли даражадаги раҳбар ходимлар эшонбобо ёки ҳазрат, деб қўл бериб кўришганларида, иддаолари бўлса, хизматларига шай эканликларини билдириб, илтифот кўрсатиб, мулозамат қилган вақтларида ҳам ҳазрат марказдаги мавқеидан ғурурланган эмаслар. Ним табассум билан, бош ирғаб қўярдилар, холос. Бу ҳолатни таърифлаб Анвар қори бир машваратда: “Дилмурод, ҳазратдаги бу сокинлик, салобат, руҳий хотиржамлик – илоҳий, у ҳар кимга ҳам берилмайди” деганлари ҳамон ёдимда. Мисрда ўқиган пайтимда ўша пайтдаги Азҳар шайхи Жодул Ҳақ Али шундай эҳтиромга муяссар бўлганларини кўрганман. Башарти, улуғларимиздан улуғланиш улгусини олайлик, азизлар. Одамийлик сифатларини ўрганайлик – бунинг учун эса уларни ўзимиздан узоқлаштириш йўлини эмас, ўзимиз уларга яқин бўлиш йўлини тутишимиз даркор. Мана шу ҳақиқатни унутмайлик.
Гоҳида баъзи мўминлар, аҳли илмлар ҳақида нолойиқ гапларни гапириб юборишади. Бу иллат қон-қонимизга сингиб кетган қусур эканини, унга қарши ҳар бир киши ўзи билан ўзи курашмоғи лозимлигини аввалбошда гапириб ўтган эдим. Иллатни ўзимиздан итаришнинг энг мақбул йўли Қуръони каримга ёндошувдир. Динимиз талабларига иложи борича амал қилиш, хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий соҳада бўлсин, савдо-сотиқ, маданият ёки маърифат йўналишида бўлсин, ҳалоллик, парҳезкорликни сақлашга, намойишкорликдан тийилишимиз лозим. Ҳар қанча яқин ва равон бўлмасин, ҳасад кўчасидан юрмаганимиз маъқул. Бурунги пайтларда бунинг имкони йўқ эди. Муқаддас бу китобга ошно бўлиш, авахтадаги маҳкумга қўшни бўлиш билан тенг тушунча ҳисобланарди.
Бугун эса аҳвол тамоман бошқача. Қаҳратоннинг қаҳри юмшади. Бир асрдан ортиқроқ вақт мобайнида динимиз учун бугунгидай эркинлик замони бўлмаган. Қуръони карим, тарих, тафсир, ҳадис, фиқҳ – буларни ўрганамиз десак, шундоққина кафтимизда турибди, монелик йўқ. Бир пайтлари бирор-бир мураккаб масалага дуч келсалар йўл юриб, узоқ масофа босиб уламоларни ахтаришган. Саҳобалар диний таълимотни ёйиш учун жонларини жабборга бериб, тер тўкканлар. Ҳозир-чи, ер юзасининг исталган жойида ўқиб-ўрганиш, амалларга риоя этиш, ибодат амалларини тўла-тўкис адо этиш имконияти мавжуд. Илло, динимизнинг мағзи ҳам ибодат эмасми? Аллоҳ таоло ибодатни ҳаммасидан афзал қўйгани ҳақиқат–ку? Ахир эслайлик: Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги охирги васият “намоз, намоз” сўзлари эмасмиди? Қайсидир юртдошимиз, намоз ўқишни идрок этиб, бомдод вақтидан исталган масжидга кирса-ю ва хуфтон намозигача ибодатини қилса, бирор киши бормикин, масжиддан чиқиб кет, деган? Баралла айтиш мумкин, йўқ! Шундай кунда ўзини ўйлаш, ибодат ва илмни кўчайтириб, Аллоҳга қурбат қилиш керак эмасми? Қайсидир аҳли илмни гапириб юриш ёки бир-бирлари билан тортишиш, мунозара гоҳида жанжаллар билан эришмоқчи бўлган "хизмат"имизга Аллоҳнинг эҳтиёжи борми? Рағбати-чи? Ўй-фикрларингни айтмоқчи, тушунтирмоқчи бўлсанг, қўполлик билан “жим”, "бас" дейишиб, ҳатто адашганга чиқариб жанжал бошлашади. Ваҳоланки, оддий бир сукутда қанча ҳикмат бор!
90-йилларда Тошкентга келганман. Ўша пайтда машҳур имомнинг бир маърузасини эшитганман. Жуда нотиқ, олим инсон эди. Тўқсон дақиқалик кассетанинг энг таъсирли жойи ҳали ҳам ёдимдан кўтарилмаган, ҳозиргача қулоғим остида жаранглайди. Бир саҳобий жанг пайти "Ла илаҳа иллаллоҳ" деган одамни ўлдириб қўяди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: "Ла илаҳа иллолоҳ", деса ҳам ўлдирдингми?” деганларида, у саҳобий: "Бу калимани у қўрққанидан, ўлимдан қутулиб қолиш учун айтди" дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунда: "Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?" деб қаттиқ танбиҳ берадилар. Нотиқ инсон бўлганидан шунчалик тушунтирган эдики, ўшани эшитганимдан бери мусулмоннинг зоҳири тугул, ботинига бирон-бир ёмон нарсани айтмайман. Бу ахир сир – Аллоҳдан бошқа зот билмайдиган жараён. Шундай экан, билмаган нарсаларимиз ҳақида муносабат билдиришдан тийилганимиз маъқул. Зотан, шундай инсонлар борки жуда кўп эзгу амалларини хуфёна тарзда бажарадилар. Оламга жар солмайдилар. Аллоҳ билса бас, дейдилар! Мана шу тарздаги амалларга савоб бисёр, аслида. Баъзилари эса бошқаларга ибрат бўлсин, деб қилган ишларини ошкор қилишади. Бундан кўзланган асл мақсад охиратда Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз, ҳақиқий банда бўлиб бориш. Ва ҳеч ким Аллоҳ кимнинг амалини олқишлашини билмайди, бу унинг ўзигагина аён! Мағфиратидан ва мукофотидан мосуво қилмасин илоҳим, омин!
***
Хайрулла Ҳамидовни танимайдиганлар юртда кам бўлса керак. Эътиқоди мустаҳкам, қанчалаб инсонларни ҳидоятига сабаб бўлган, динимиз аҳкомларини таъсирли сўз ва нотиқлик маҳорати билан содда ва равон, таъсирчан алфозда тушунтириш қобилиятига эга у. Гап-гаштакларда бирга ўтириб қолсак, уни кўпроқ тинглашга ҳаракат қиламан. Гаплари ифодали, ташбиҳ ва истиорага бой. Суҳбат қурсак, мулоқоти фасоҳат ва дид билан зийнатланган бўлади. Бир куни ТВ да "Шедевр" номли кўрсатувини томоша қилиб қолдим. Италиялик машҳур футболчи Роберто Баджо ҳақида гапирди. У Европада яшайди. Дини бошқа, менталитети ўзга, урф-одати, ахлоқий қарашлари ва одоб мезонлари бизникидан тамоман фарқ қилади. Бироқ у мана шу инсоннинг одамий ва жисмоний сифатларини шунчалар таърифладики: “Хайрулла ҳозир Баджони масжиддан олиб чиқади”, деган хаёлга бордим. Қаранг, ифода имкониятини: бир ғайридинга мўминларни дўст, мухлис қилиб қўйди.
Юқорида имкон даражасида жонли мисоллар келтириб, ҳаёти ва фаолияти билан кўпга ибрат бўлиб келаётган устоз инсон, ҳазрат Усмонхон Алимов ҳақида ҳикоя сўзладим. Мақсад, ўсиб келаётган авлод бундан ибрат олса, тўғри хулоса чиқарса – иймонли, эьтиқодли, яхшиликлар ортидан қувадиган авлод бўлиб улғайишига миттигина ҳисса қўшиш эди – ниятларимизга етказгай, иншаалллоҳ!
Дилмурод Қўшоқов
Мулоҳаза
Яқинда бир мақолани таҳрир қилаётиб, унда улуғ тобеин Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг исми “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилганига гувоҳ бўлдим. Шунда иккиланиб, ҳақиқатан шундаймикин, дея анъанавий ва электрон манбаларни кўздан кечирдим.
Имом Шамсиддин Заҳабийнинг “Сиярул аълом ан-нубало” китобида Абу Абдуллоҳ Ваҳб ибн Мунаббиҳ ибн Комил ибн Сиж ибн Зий Кибор Абновий Яманий Зиморий Санъоний деб ёзилган экан. Шунингдек, википедиянинг араб, турк, инглиз ва рус тилларидаги ҳаволаларида ҳам алломанинг исми шундай берилган. Лекин ўзбек тилидаги айрим интернет сайтларида “Ваҳб ибн Мунаббаҳ” деб ёзилган. Ҳатто она тилимизда чоп этилаётган баъзи китобларда ҳам шундай.
Аслида буюк тобеиннинг асл исм-шарифи Ваҳб ибн Мунаббиҳдир.
Аллома ҳижрий 34 йили Яманда таваллуд топган. У олдинги пайғамбарлар, олимлар ҳақида китоблар ёзган, “Анбиёлар қиссаси”, “Ахёр (яхши инсон)лар қиссаси” каби китоблар муаллифи.
Буюк тобеин ҳижрий 110 йили Яманнинг Санъо шаҳрида вафот этган. Аллома ҳақида Имом Ибн Касир “ал-Бидоя ван-ниҳоя” китобида маълумотлар келтирган.
* * *
Айрим замондош уламоларнинг исмлари ҳам ҳар хил ёзилган. Масалан, 96 ёшли мисрлик уламо, Дунё мусулмон олимлари уюшмаси собиқ раҳбари исми баъзи китобларда, интернет сайтларида “Юсуф Қарзовий” деб берилган бўлса, айримларида “Юсуф Қаразовий” шаклида ёзилган. Араб, турк ва инглиз тилларидаги википедиялар (https://ar.wikipedia.org/wiki, https://en.wikipedia.org/wiki, https://tr.wikipedia.org/wiki)да Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий деб берилган. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.
* * *
Ўзбек китобхонларига гўзал асарлари билан яхши таниш бўлган замондош уламолардан бири Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг исм-шарифи баъзан “Ноблусий”, “Ноблисий” каби ҳар хил ёзилади. Суриялик 88 ёшли олимнинг асл исм-шарифи Муҳаммад Ротиб Нобулсийдир.
Кўпчилик Имом Дороний билан Имом Доримийни алмаштириб қўяди. Аслида иккаласи бошқа-бошқа олимлар бўлиб, бири Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган тасаввуф олими, бири эса Самарқандда туғилган муҳаддис алломадир.
Имом Доронийнинг тўлиқ исми Абу Сулаймон Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Атийя Инсий Дороний бўлиб, у ҳижрий 140 йилда Дамашқ яқинидаги Дорон қишлоғида туғилган ва ҳижрий 215 йилда вафот этган тасаввуф уламоларидан бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий аллома ҳақида “Насойимул муҳаббат” асарида маълумот келтирган.
Имом Доримийнинг тўлиқ исми Ҳофизул кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, у ҳижрий 182 йилда Самарқанд шаҳрида дунёга келган.
Имом Доримийнинг энг машҳур китоби “Сунани Доримий”дир. Аллома ҳадис илми билан чегараланиб қолгани йўқ, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эди. У зот “Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира” деб номланган фиқҳ китоби муаллифидир. Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ҳам ёзган. Лекин тафсир бизгача етиб келмаган.
* * *
“Исмлар ҳам атамалар каби грамматик қурилишда тил қонунларига бўйсунади” деган қоидага кўра, арабча бўлган “Оиша” ва “Хадийжа” каби исмлар ўзбек тилида “Ойша”, “Хадича” деб тил меъёрларига риоя қилинган ҳолда ёзилиши тавсия этилади.
Хулоса шуки, ўзбек ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда босма ва электрон нашрларда, оммавий ахборот воситаларида диний атамаларнинг ҳар хил ёзилиши олдини олиш мақсадида тарихий манбаларда келган исмлар, жойлар, асарлар номларининг алоҳида имло луғати тузилса, айни муддао бўларди.
Толибжон НИЗОМ