Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Тожиддинов Абдусамад
Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчилигида Яккабоғ тумани марказидаги "Жоме" масжидида навбатдаги сайёр семинар ўтказилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосарининг котибият мудири Фирдавс Сатторов, вилоят таркибидаги шаҳар ва туманларнинг бош имом-хатиблари ҳамда Яккабоғ тумани диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Семинарда ҳудудларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларнинг натижадорлиги, аҳоли ва оилалар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш самарадорлиги ҳамда ёшлар тарбиясига доир тадбирлар ижроси атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, «ҳар бир хонадонга кириб бориш» тамойили асосида фуқароларнинг диний-маърифий эҳтиёжларини ўрганиш ва соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган улуғ айём — муборак Қурбон ҳайитини юқори савияда кутиб олиш ва унга кўриладиган пухта ташкилий тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Йиғилиш якунида барча имом-хатибларга зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажариш, маҳаллаларда соғлом муҳитни таъминлаш ва халқимизнинг диний соҳа ходимларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Қурбон ҳайити намози ва тадбирларини тинч-осойишта, тартибли ҳамда юқори савияда ўтказиш юзасидан аниқ топшириқ ва тавсиялар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати