Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Zo‘r» TV телеканали билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, ушбу телеканалда эфирга узатилаётган “Мени кечир” кўрсатувида Диний идора ходимлари, имом-хатиблар эксперт сифатида қатнашмоқда.
Куни кеча «Zo‘r» TV телеканали мутасаддилари ушбу кўрсатувга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари: Шерзод Йўлдошев, Ҳикматулло Тоштемиров, Фазлиддин Мамадалиев ва Илҳомжон Мадалиевларга миннатдорликчилик тариқасида “Ташаккурнома” берди.
Маълумот учун, телеканалнинг “Мени кечир” кўрсатувида турли сабаб билан орасига совуқчилик тушган инсонлар муаммоси ўрганилиб, соҳа мутахасислари иштирокида кўрсатув қаҳрамонларига керакли тавсиялар берилади. Натижада кўплаб инсонлар ўртаси ислоҳ бўлиб, қариндошлик ва қадрдонлик муносабатлари тикланади.
Динимиз таълимотига кўра, эзгулик Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган ва тарғиб қилинган амаллардир.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида ,2-оят).
Бу ҳақда Имом Замахшарий: “Оятда умуман эзгулик ва тақвонинг ҳар қандай кўринишини, гуноҳ ва душманликнинг барча турлари назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда ҳам ўзаро кечиримли бўлиш ва (яхшиликларда) ёрдамлашиш маъноси англашилади”, дейди.
Демак, мусулмон киши инсонлар орасини ислоҳ қилиш ишларида ҳам ҳамкор бўлиши керак экан. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ана шундай хайрли ишларда доимо ҳамкор ва ёрдамчи бўлишга тайёр.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Имом Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ "Табсиратул адилла" асарларида Хуросон ва Маворауннаҳр аҳолиси ҳанафийликни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг етакчи шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, унинг шогирди Абу Сураймон Жузжоний, унинг дўсти Шайх Абу Бакр Аҳмад, Шайх Исҳоқ Собиҳ Жузжоний, Имом Абу Бакр Жузжоний, Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий Ансорий ва Имом Мотуридий силсиласи орқали ўрганган деб келтиради. Имом Насафийнинг таъкидлашларича бу олимлар илк даврдан бошлаб Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ҳамда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларида ҳанафийлик мазҳабини ёйишда жонбозлик кўрсатишган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқодий қарашларини яхши ўзлаштиришдан ташқари минтақамизда ҳанафийлик тарқалишида муҳим ҳисса қўшганлар.
Косонсой туман "Бузрукҳўжа" жоме масжиди имом-хатиби
Содиқжон Абдураҳманов
Манба: @Softalimotlar