Африка қитъасининг аксарият ҳудудларида одамлар оғир шароитларда кун кечиради. Озиқ-овқат танқислиги, тоза ичимлик суви улар учун асосий муаммодир. Аммо, Аллоҳ таоло ҳар бир бандани ўз ризқи билан яратган. Халқимизда шундай бир ажойиб нақл бор: “саҳрода туғилган бир бўталоқ учун, бир янтоқ ҳам бор”. Африкаликлар учун баобаб беҳисоб хазинадир.
Баобаб ёки “adansonia digitata”, яна бир номи “маймунлар нони”, тропик Африканинг қуруқ саванналарига хос бўлган Малваcеае оиласининг Адансониа турига мансуб дарахт тури. Энг қалин дарахтлардан бири – танасининг диаметри 8 метр, барглари ва шоҳ-шаббалари билан биргаликда 45-50 метр, баландлиги 18-25 метрга етади.

Октябрдан декабргача гуллайди. Гулининг ҳажми 20 см бўлиб, тушдан кейин очилади ва фақат бир кеча яшайди. Шунда ажиб бир ҳолат рўй беради: бошқа дарахтларни кундузи қушлар ва ҳашоратлар чанглантирса, баобаб дарахтини тунда кўршапалаклар чанглантиради. Сабаби баобаб гулларидан таралувчи ўткир ҳид кўршапалакларни ўзига жалб этади.
Эрта тонгда гуллар қуриб қисқа фурсатда тўкилади. Бу дарахтнинг сувга тўйинган юмшоқ танаси турли замбуруқлар учун қулай маскандир. Шу сабаб баобабларнинг ичи ковак бўлади. Бироқ, баобаблар жуда бардошлидир. Улар, тозаланган қобиғини тезда қайта тиклайди.
Баобаб дарахтининг аниқ ёшини айтиш қийин. Чунки, уларда ёшга оид, йиллик айланалар, ёш ҳалқалари бўлмайди. Энг юқори технологик ускуналар таҳминига кўра баобаб дарахти минг йилгача яшаши мумкин. Шу билан бирга, 4,5 метр диаметрли дарахтнинг радиокарбонат анализлари билан аниқланган (C14 маълумотларига кўра) ёши 4500 йилдан ошганлиги ҳақида далиллар мавжуд.

Баобабнинг деярли ҳар бир қисмидан унумли фойдаланиш мумкин.
Баобаб дарахтининг қобиғидан қаттиқ, кучли толалар олинади, ундан балиқ овлаш тармоқлари, арқонлар, матлар ва матолар ишлаб чиқарилади. Баобаб пўстлоғидан жуда самарали дамламалар: шамоллаш, иситма, дизентерия, юрак-қон томир касалликлари, астма, тиш оғриғи, ҳашаротлар чақиши учун дорилар олинади.
Янги барглари салатларга қўшилади, қуруқлари зиравор сифатида ишлатилади. Нигерияда улар шўрва тайёрлашда ҳам асосий масаллиқлардан ҳисобланади.
Гулининг шираси элим тайёрлаш учун ишлатилади.
Мева таркибидаги шираси занжабилга ўхшайди ва C ва Б витаминларига бой бўлиб, озуқавий қиймати жиҳатидан бузоқ гўштига тенгдир. У тез сўрилади ва чарчоқни кетказади. Мева хамири ҳам қуритилиб, майдаланган ҳолда кукунга айлантирилиб сувда суюлтирилса, у лимонадга озгина ўхшаш юмшоқ ичимлик бўлади. Шунинг учун баобабнинг яна бир номи – лимонад дарахти.
Мевасининг уруғи хом ашё ҳисобланади ва кофе ўрнини босувчи ичимлик учун қовурилган ва майдаланган ҳолда тайёрланади.
Мевасининг қуритилган қаттиқ қобиғи стакан ўрнида ишлатилади. Мевасининг қуруқ ички қисмини ёқса, тутунидан чивинларни ва бошқа безовта қилувчи ҳашаротларни ҳайдаб чиқаради.

Бундан ташқари баобаб мевасидан совун, ёғ ва Шарқий Африка аёллари учун шампун олинади, юзларини эса унинг илдизларини ўз ичига олган қизил шарбат билан бўяшади.
Кўпгина Африка халқларининг мифологиясида баобаб ҳаётни, унумдорликни англатади ва халоскор сифатида намоён бўлади.
Баобаб Мадагаскар халқининг миллий дарахти ҳисобланади. Ушбу дарахт Африка қитъасидаги Сенегал, Марказий Африка ва бошқа бир нечта давлатларнинг гербларида ҳам тасвирланганлиги бежиз эмас.
Баобаб том маънода Африка қитаъси халқлари учун Аллоҳ таоло томонидан улуғ неъмат қилиб берилгандир. Зеро, биргина шу дарахтнинг хом ашёсидан юз минглаб инсонлар, озиқ-овқат, кийим кечак, қурилиш хом ашёсидан тортиб дори-дармонгача, совундан тортиб аёллар пардоз воситаларигача фойдаланади. Энг муҳими юз фоиз табиий тоза махсулотлар.
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан ўлган шаҳарни тирилтирдик” (Қоф сураси, 9-11 оят).
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Бадгумон бўлманглар, бадгумонлик энг ёлғон сўздир, тирноқ остидан кир қидирманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар. Агар ўтирсангиз, унинг ҳаққини адо этинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима?”, дейишди Расулуллоҳ: “Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликлардан , дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
* * *
“Икки заифнинг – аёл кишининг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан”, дедилар (Имом ибн Можа ривояти).
* * *
“Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозларингизни ўқинг, Рамазон ойи рўзасини тутинг, молларингиз закотини нафсингиз шод бўлган ҳолда беринг, бошлиқларингиз буйруғига итоат қилинг, шунда Роббингиз жаннатига кирасизлар” (Имом Ҳоким ривояти).
* * *
“Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ-парда бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Ҳаромдан тақво қил, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсимлаб қўйган ризқдан рози бўл, одамларнинг энг бадавлати бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўз нафсингга яхши кўрган нарсангни одамлар учун ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Кибрдан четланинглар, чунки банда такаббурликда бардавом бўлса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамни гердайиб юрувчилар сирасидан қилиб ёзинглар», деб айтади” (Ибн Адий ривояти).
“Ўзингизга яхши кўрган нарсани бошқалар учун ҳам яхши кўринг” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Одамлар ҳақида ёмон гумон қилишдан сақланинглар” (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Умматим устида қўрқадиган нарсамнинг энг қўрқинчлиси қорни катталашиб, уйқуда бардавом бўлиб, дангаса бўлиб, кейин имони заифлашиб қолишидир” (Имом Дорақутний ривояти).
* * *
“Аллоҳ сенга фарз қилган нарсаларни адо этгин, инсонларнинг энг ибодатлиси бўласан. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўзингни четда тут, инсонларнинг энг тақволиси бўласан. Аллоҳ тақсимлаб қўйган ризққа рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўласан” (Ибн Адий ривояти).
* * *
“Фарзандларингизни уч хислатга чорлаб одоб беринглар: пайғамбарларингизни яхши кўриш, у зот хонадон аҳлларини яхши кўриш ва Қуръон қироат қилиш. Чунки Қуръон ҳомиллари (яъни, ёд олиб доим ўқиб юрганлар) соя йўқ кунда Аллоҳнинг сояси остида пайғамбар ва соф кишилар билан бирга бўлишади” (Имом Дайламий ривояти).
* * *
“Ижобат қилинишига ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар. Билингки, Аллоҳ таоло қалби ғофил, бепарво кишиларнинг дуосини қабул этмайди” (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Агар бирор иш қилишни хоҳласанг, оқибатини тадаббур қил. Агар яхши бўлса, уни бажар. Агар ёмон бўлса, ундан тўхта” (Ибн Муборак ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз таом тановул қиладиган бўлса, ўнг қўли билан овқатлансин. Бирор ичимлик ичадиган бўлса, ўнг қўли билан ичсин. Бирор нарса оладиган бўлса, ўнг қўли билан олсин. Бирор нарса берадиган бўлса ҳам, ўнг қўли билан берсин” (Имом Ҳасан ибн Суфён ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирортангиз одамларга имомлик қиладиган бўлса, енгил ўқисин. Чунки уларнинг ичида кичиклар, кексалар, заифлар, касаллар ва ҳожатмандлар бордир. Агар ўзи ўқийдиган бўлса, хоҳлаганича узун қилаверсин” (Имом Термизий ривояти).
* * *
«Агар сизлардан бирингиз овқат тановул қиладиган бўлса, Аллоҳ исмини зикр қилсин. Агар Аллоҳ исмини овқат аввалида зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи ъала аввалиҳи ва охириҳи”, деб айтсин» (Имом Термизий ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз ифторлик қиладиган бўлса, хурмода очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сувда очсин, чунки сув покловчидир” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Агар сизлардан бирингиз сафарга чиқадиган бўлса, биродарларидан дуо талаб қилсин. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг дуолари сабабидан барака ато этувчидир” (Имом Ибн Асокир ривояти).
* * *
“Бирор киши бошқа бир кишини ўтирган ўрнидан турғизиб, ўзи ўтириб олмасин. Лекин жой беринглар ва кенгайинглар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
* * *
“Сизлар қиёмат куни исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингиз чиройли бўлсин” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).
* * *
“Ким дуосининг мустажоб бўлишини ва ғам-ташвишдан қутулишни истаса, ёрдамга муҳтожларга ёрдам берсин” (Имом Аҳмад ривояти).
* * *
“Киши дўстининг динидадир. Сизлардан бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин” (Имом Абу Довуд ривояти).
* * *
“Ундоқ деди ва бундоқ деди деб гапириб юришни, кўп савол беришни ва молни беҳудага сарф қилишни тарк қил” (Имом Табароний ривояти).
* * *
“Осонлаштиринглар, қийинлаштириб юборманглар хурсандлик хабарини беринглар, нафратлантириб қўйманглар” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмон амалингга яхшисини эргаштир. Шунда яхшиси ёмонини ўчириб юборади. Одамлар билан яхши хулқ ила муомалада бўл” (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД