(Давоми, 1-қисм, 2-қисм, 3-қисм)
Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимида иш бошлаганларидан кейин мўмин-мусулмонларнинг иймон эътиқодларига каттагина эътибор ва эркинлик берилди. Юртбошимизнинг Самарқанд вилоятига қилган ташрифлари чоғи “Маданият ва маърифат” телеканали орқали диний-маъриф йўналишда бир қатор кўрсатувлар тайёрлаш ҳақида топшириқ берган эканлар. Шу йиғилишда қатнашган муфтий ҳазрат эртаси куни мени чақириб: “Президентимиз шунақа топшириқ бердилар, ижросини таъминлашимиз керак”, – дедилар. Зудлик билан кўрсатувлар лойиҳасини тайёрлашни буюрдилар. Ўша пайтда идора котибияти бошлиғи Улуғбек Султонов эди. Мубашшир Аҳмад домла эса матбуот бўлимида ишларди. Лойиҳа уларга маъқул келди. Тўртта кўрсатув лойиҳаси тайёр бўлди: "Олтин силсила", "Қуръони каримни ўрганамиз", "Битиклар мутолааси" ва "Сўраган эдингиз".
Лойиҳа ҳужжатлари билан ҳазратнинг ҳузурига кирдик. Лойиҳаларни тушунтириб, асосий иш телевидение раҳбариятидан розилик олиш ва декорация масаласида кўмак сўраш лозимлигини айтдик. Ҳазрат хурсанд бўлиб, шу каби хайрли ишлар учун барча имкониятларини ишга солишларини билдирди. Улуғбекка ТВ раҳбариятига хат тайёрлаш топшириғини бердилар. Унда кўрсатувларни тасвирга олиш учун махсус павильонлар қуриш ва бошқа барча ташкилий ишлар сарф-харажати диний идора томонидан қопланиши кўрсатиб ўтилиши лозимлигини таъкидладилар. Иш бошқарувчи Рустамга эса ҳозирдан декорация ишларини бошлаш кераклигини уқдирдилар. Мубашшир домлага ҳар бир кўрсатувнинг иштирокчилари ва бошловчилигига номзодлар рўйхатини тузиш ва тасдиқ учун тақдим қилиш вазифасини юкладилар. Мубашшир домла ҳазратнинг ҳузуридан чиққанларидан сўнг, хурсанд бўлиб: “Ҳазрат нақадар холис одам-а?” – деб мамнун бўлган эди.
Диний идора томонидан барча ишлар бажарилди. Компания раҳбарияти бу ишга розилик берди. Тўрттала кўрсатув бир муддат эфир юзини кўрди. У юртимиз аҳолисига қанчалик маърифат тарқатгани, билим бисотларини бойитгани айни ҳақиқат.
***
Президентимизнинг ташаббуси билан диний идора мамлакат миқёсида, Қуръони каримни ўқиш мусобақасини ташкиллаштирди. Туман босқичи ғолиби вилоят босқичига, вилоят босқичи ғолиблари республика финал босқичида ўз маҳоратларини синовдан ўтказишлари режалаштирилди. Ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ташкил этилди. Барча мусобақа бўладиган жойлар аниқланиб, дизайн асосида декорациялар қурилди. Қориларнинг овозларини сифатли ёзиш учун барча қулайликлар муҳайё қилинди. Баъзи жойларда мухлислар учун мусобақани бевосита онлайн тарзида кузатиш имконияти яратилди.
Хуллас, мусобақа кўтаринки ва чиройли ўтиши учун барча заруриятлар қилиниб, бошлаш санаси ҳам белгиланди. Шу асно каминада бир фикр – мусобақани телевидение орқали намойиш қилиш ғояси туғилди. Зотан, шу йўл билан биз бир талай мақсадга эришамиз. Биринчидан, Қуръон тиловатидан миллионлаб мухлислар баҳраманд бўладилар. Иккинчидан, телевидениенинг рейтинги ошади. Учинчидан, конституциямизда виждон эркинлиги ҳақидаги эркинликларимиз амалда эканини намойиш этамиз.
Шу каби таклифларимни муфтий ҳазратга айтганимда, хурсанд бўлиб, қилиниши керак бўлган ишлар кимларга боғлиқлигини ва қайси телеканалда узатсак, яхши бўлишини сўрадилар. "Маданият ва маърифат" телеканалининг руҳияти мусобақага тушиши ва бу соҳани тушунган малакали кадрлар борлигини айтдим. Эртаси куни тегишли жойлардан рухсат бўлганини ва ишни ҳозирдан бошлайверишим мумкинлигини айтиб, дуо бердилар. Телевидение раҳбарияти "Маданият ва маърифат" телеканалида ҳар куни йигирма беш дақиқалик эфир ажратди ва уни тўлдириш, сифати бўйича жавобгарликни бўйнимга қўйди. Шарафли, савобли айни пайтда масъулиятли иш эди бу. Шунинг учун шахсий монтаж столимни ҳам ТВга кўчирдим, ҳарна-да! Иброҳим деган намозхон, Қуръони каримнинг тиловат қилинишини хуш кўрадиган укамиз билан қориларимиз томонидан ўқилган тиловатларни эфирга беришни бошладик.
Ҳар куни 6–7 соатлик материал олардик. Уни эшитиб, эфирга лойиқларни яна бир бор кўриб, ҳакамлар тузатган жойларини тўғрилаб, Қуръони каримга қараб, тўғрилигига ишонч бўлгандан сўнг эфирга берардик. Тушунарсиз ҳолларда машҳурроқ қорилардан сўрардик. Чунки бу жараённи аҳли илмлар, кўплаб ҳофизи Қуръонлар кузатиб бораётгани бор гап эди. Қолаверса, Қуръони каримга муҳаббат ҳаммасидан устун эди. Тиловатлар ажойиб тарзда эфирга узатилди. Жараён мусобақанинг республика босқичи якунлангунча давом этди. Олти ой телеэкранда узлуксиз тиловат берилди. Табриклар, ташаккурлар бўлди.
Бир куни эфирга масъуллардан бири – Муқаддас синглимиз каминага миннатдорчилик билдирган бўлиб, Қуръон тиловатини жуда кўп мухлислар томоша қилаётганини, телеканал мутасаддилари ва ходимларига роса савоб ёғилаётганини тўлқинланиб-тўлқинланиб гапирди. Шунда мен: “Муқаддас, буни биз тайёрлаб эфирга бераяпмиз, холос. Аммо бир нарсани англангки, кимдир шу иш устида ҳимоя бўлиб турмаса, бу нарса умуман эфирга кетмаслиги аниқ. Қаршиликлар бўлиши табиий, аввало, Президентимиз ташаббуси, қолаверса, муфтий ҳазратларининг қатъиятлиги туфайли шу мартабага эришиб турибмиз, дедим. Кейин дуога қўл очиб, бутун Ўзбекистон халқига, мўмин-мусулмон қавмига раҳнамо бўлиб турган инсонлар ҳақига дуои хайрлар қилдик.
Аллоҳ уларнинг хизматларидан рози бўлсин!
***
Қуръони карим оятларини тўлиқ ёд олган кишиларни элда қори, ҳофизи Қуръон, деб эъзозлашади. Муборак ҳадисларда эса мана шу вазифани тўла адо этган фарзанднинг ота-онасига ажр-мукофот борлиги, бир қорини дунёга келтирган ота-она бошига зиёси қуёшникидан ҳам чароғон тож кийдирилиши марҳамат қилинган.
Юқорида номини зикр этганим Иброҳим: “Дилмурод ака, қориларнинг ота-оналари Аллоҳнинг наздида юксак мартаба тутар эканлар-а, ахир жаннатда тож кийишдек мукофотнинг баҳоси бўлмаса керак, – деб қолди. У бу гапни чин юракдан, ҳавас билан сўзлади. Чунки Иброҳим намозга, рўзага ҳарис йигит. Тақвоси такаббурликдан йироқ, ибодати намойишкорлик ғаразидан холи, ўзи камсуқум, виждонли инсон эканидан раҳбарлар ҳам унинг бу ишига монелик қилмасди. Иброҳимдаги масъулият, аҳлоқ-одоб мўминлик одати бўлганидан телевидение ишларини ҳам маромига етказиб бажарарди. Унинг юриши, туриши бошқалар учун ибрат эди.
– Иброҳим, – дедим унинг саволига жавобан, – мен ҳам диний таълим олганман. Азҳардек нуфузли университетда ўқиганман. Қуръони каримни ёдлашга кўп ҳаракат қилдим, бироқ уддалай олмадим. Фарзандларимдан ҳофизи Қуръон чиқишини Аллоҳдан дуолар қилиб сўрайман, сўраяпман. Умидим албатта бор. Бу изтироб ва умидлар мен ва мен каби минглаб аҳли илмларнинг, мўмин-мусулмонларнинг қалбидаги энг буюк орзу аслида. Орзулар рўёбини фарзандларинг камолида кўриш – бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!
Мана шу сўзларимнинг тасдиғи сифатида бундан ўн–ўн беш йиллар аввал содир бўлган бир воқеа ёдимга тушди. Рамазон ойи таровиҳ намозида Қуръони каримнинг хатми бўладиган кун. Ҳазрати Имом масжидида намозхонлар тумонат. Хатмни тўлиқ тасвирга олиш учун тасвирчи Файзуллохон билан ишни бошладик. Хатм тугагандан кейин дуолар бошланди. Масжид имоми, устоз Каримуллоҳ домла қорилар ва уларнинг ота-оналари ҳақига дуолар қилди. Намозхонлар жойи келган вақтида баралла “омин” деб туришарди. Файзуллохон мени олдига чақириб, камера объективидан сафнинг биринчи қаторига эътибор билан қарашимни сўради. Қарадим. Муфтий ҳазратнинг кўзларида ёш кўрдим, йиғидан елкалари силкиниб-силкиниб кетаётганини илғаш қийин кечмади. Ҳазратни тўлқинлантирган нарса нима эканини дарров англадим. Кўзларидан сизиб чиқаётган ёш ниманинг ҳосиласи эканини ҳис этдим. Бу – орзулар рўёби эди. Ахир, бугунги хатми Қуръонни у кишининг ҳофизи Қуръон фарзанди – Аҳмадхон адо этди-да!
Бир ҳадис мазмунида Аллоҳ ризоси учун йиғлаган кўз жаҳаннам оловида ёнмайди, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хитоби бор эди.
Биз барча қорилар ва ота-оналарига бу мартабалар муборак бўлсин, дея бизларга ҳам насиб бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
(давоми бор)
Дилмурод Қўшоқов
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси