Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (4-қисм)

08.01.2021   2820   8 min.
Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (4-қисм)

(Давоми, 1-қисм2-қисм, 3-қисм) 

Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимида иш бошлаганларидан кейин мўмин-мусулмонларнинг иймон эътиқодларига каттагина эътибор ва эркинлик берилди. Юртбошимизнинг Самарқанд вилоятига қилган ташрифлари чоғи “Маданият ва маърифат” телеканали орқали диний-маъриф йўналишда бир қатор кўрсатувлар тайёрлаш ҳақида топшириқ берган эканлар. Шу йиғилишда қатнашган муфтий ҳазрат эртаси куни мени чақириб: “Президентимиз шунақа топшириқ бердилар, ижросини таъминлашимиз керак”, – дедилар. Зудлик билан кўрсатувлар лойиҳасини тайёрлашни буюрдилар. Ўша пайтда идора котибияти бошлиғи Улуғбек Султонов эди. Мубашшир Аҳмад домла эса матбуот бўлимида ишларди. Лойиҳа уларга маъқул келди. Тўртта кўрсатув лойиҳаси тайёр бўлди: "Олтин силсила",  "Қуръони каримни ўрганамиз", "Битиклар мутолааси" ва "Сўраган эдингиз". 

Лойиҳа ҳужжатлари билан ҳазратнинг ҳузурига кирдик. Лойиҳаларни тушунтириб, асосий иш телевидение раҳбариятидан розилик олиш ва декорация масаласида кўмак сўраш лозимлигини айтдик. Ҳазрат хурсанд бўлиб, шу каби хайрли ишлар учун барча имкониятларини ишга солишларини билдирди. Улуғбекка ТВ раҳбариятига хат тайёрлаш топшириғини бердилар. Унда кўрсатувларни тасвирга олиш учун махсус павильонлар қуриш ва бошқа барча ташкилий ишлар сарф-харажати диний идора томонидан қопланиши кўрсатиб ўтилиши лозимлигини таъкидладилар. Иш бошқарувчи Рустамга эса ҳозирдан декорация ишларини бошлаш кераклигини уқдирдилар. Мубашшир домлага ҳар бир кўрсатувнинг иштирокчилари ва бошловчилигига номзодлар рўйхатини тузиш ва тасдиқ учун тақдим қилиш вазифасини юкладилар. Мубашшир домла ҳазратнинг ҳузуридан чиққанларидан сўнг, хурсанд  бўлиб: “Ҳазрат нақадар холис одам-а?” – деб мамнун бўлган эди. 

Диний идора томонидан барча ишлар бажарилди. Компания раҳбарияти бу ишга розилик берди. Тўрттала кўрсатув бир муддат эфир юзини кўрди. У юртимиз аҳолисига қанчалик маърифат тарқатгани, билим бисотларини бойитгани айни ҳақиқат.   

***

Президентимизнинг ташаббуси билан диний идора мамлакат миқёсида, Қуръони каримни ўқиш мусобақасини ташкиллаштирди. Туман босқичи ғолиби вилоят босқичига, вилоят босқичи ғолиблари республика финал босқичида ўз маҳоратларини синовдан ўтказишлари режалаштирилди. Ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати ташкил этилди. Барча мусобақа бўладиган жойлар аниқланиб, дизайн асосида декорациялар қурилди. Қориларнинг овозларини сифатли ёзиш учун барча қулайликлар муҳайё қилинди. Баъзи жойларда мухлислар учун мусобақани бевосита онлайн тарзида кузатиш имконияти яратилди.

Хуллас, мусобақа кўтаринки ва  чиройли ўтиши учун барча заруриятлар қилиниб, бошлаш санаси ҳам белгиланди. Шу асно каминада бир фикр – мусобақани телевидение орқали намойиш қилиш ғояси туғилди. Зотан, шу йўл билан биз бир талай мақсадга эришамиз. Биринчидан, Қуръон тиловатидан миллионлаб мухлислар баҳраманд бўладилар. Иккинчидан, телевидениенинг рейтинги ошади. Учинчидан, конституциямизда виждон эркинлиги ҳақидаги эркинликларимиз амалда эканини намойиш этамиз.

Шу каби таклифларимни муфтий ҳазратга айтганимда, хурсанд бўлиб, қилиниши керак бўлган ишлар кимларга боғлиқлигини ва қайси телеканалда узатсак, яхши бўлишини сўрадилар. "Маданият ва маърифат" телеканалининг руҳияти мусобақага тушиши ва бу соҳани тушунган малакали кадрлар борлигини айтдим. Эртаси куни тегишли жойлардан рухсат бўлганини ва ишни ҳозирдан бошлайверишим мумкинлигини айтиб, дуо бердилар. Телевидение раҳбарияти "Маданият ва маърифат" телеканалида ҳар куни йигирма беш дақиқалик эфир ажратди ва уни тўлдириш, сифати бўйича жавобгарликни бўйнимга қўйди. Шарафли, савобли айни пайтда масъулиятли иш эди бу. Шунинг учун шахсий монтаж столимни ҳам ТВга кўчирдим, ҳарна-да! Иброҳим деган намозхон, Қуръони каримнинг тиловат қилинишини хуш кўрадиган укамиз билан қориларимиз томонидан ўқилган тиловатларни эфирга беришни бошладик.

Ҳар куни 6–7 соатлик материал олардик. Уни эшитиб, эфирга лойиқларни яна бир бор кўриб, ҳакамлар тузатган жойларини тўғрилаб, Қуръони каримга қараб, тўғрилигига ишонч бўлгандан сўнг эфирга берардик. Тушунарсиз ҳолларда машҳурроқ қорилардан сўрардик. Чунки бу жараённи аҳли илмлар, кўплаб  ҳофизи Қуръонлар кузатиб бораётгани бор гап эди. Қолаверса, Қуръони каримга муҳаббат ҳаммасидан устун эди. Тиловатлар ажойиб тарзда эфирга узатилди. Жараён мусобақанинг республика босқичи якунлангунча давом этди. Олти ой телеэкранда узлуксиз тиловат  берилди. Табриклар, ташаккурлар бўлди.
Бир куни эфирга масъуллардан бири – Муқаддас синглимиз каминага миннатдорчилик билдирган бўлиб, Қуръон тиловатини жуда кўп мухлислар томоша қилаётганини, телеканал мутасаддилари ва ходимларига роса савоб ёғилаётганини тўлқинланиб-тўлқинланиб гапирди. Шунда мен: “Муқаддас, буни биз тайёрлаб эфирга бераяпмиз, холос. Аммо бир нарсани англангки, кимдир шу иш устида ҳимоя бўлиб турмаса, бу нарса умуман эфирга кетмаслиги аниқ. Қаршиликлар бўлиши табиий, аввало, Президентимиз ташаббуси, қолаверса, муфтий ҳазратларининг қатъиятлиги туфайли шу мартабага эришиб турибмиз, дедим. Кейин дуога қўл очиб, бутун Ўзбекистон халқига, мўмин-мусулмон қавмига раҳнамо бўлиб турган инсонлар ҳақига дуои хайрлар қилдик. 

Аллоҳ уларнинг хизматларидан рози бўлсин!

***

Қуръони карим оятларини тўлиқ ёд олган кишиларни элда қори, ҳофизи Қуръон, деб эъзозлашади. Муборак ҳадисларда эса мана шу вазифани тўла адо этган фарзанднинг ота-онасига ажр-мукофот борлиги, бир қорини дунёга келтирган ота-она бошига зиёси қуёшникидан ҳам чароғон тож кийдирилиши марҳамат қилинган.  

Юқорида номини зикр этганим Иброҳим: “Дилмурод ака, қориларнинг ота-оналари Аллоҳнинг наздида юксак мартаба тутар эканлар-а, ахир жаннатда тож кийишдек мукофотнинг баҳоси бўлмаса керак, – деб қолди. У бу гапни чин юракдан, ҳавас билан сўзлади. Чунки Иброҳим намозга, рўзага ҳарис йигит. Тақвоси такаббурликдан йироқ, ибодати намойишкорлик ғаразидан холи, ўзи камсуқум, виждонли инсон эканидан раҳбарлар ҳам унинг бу ишига монелик қилмасди. Иброҳимдаги масъулият, аҳлоқ-одоб мўминлик одати бўлганидан телевидение ишларини ҳам маромига етказиб бажарарди. Унинг юриши, туриши бошқалар учун ибрат эди.

 – Иброҳим, – дедим унинг саволига жавобан, – мен ҳам диний таълим олганман. Азҳардек нуфузли университетда ўқиганман. Қуръони каримни ёдлашга кўп ҳаракат қилдим, бироқ уддалай олмадим. Фарзандларимдан ҳофизи Қуръон чиқишини Аллоҳдан дуолар қилиб сўрайман, сўраяпман. Умидим албатта бор. Бу изтироб ва умидлар мен ва мен каби минглаб аҳли илмларнинг, мўмин-мусулмонларнинг қалбидаги энг буюк орзу аслида. Орзулар рўёбини фарзандларинг камолида кўриш – бундан ортиқ бахт бўлмаса керак! 

Мана шу сўзларимнинг тасдиғи сифатида бундан ўн–ўн беш йиллар аввал содир бўлган бир воқеа ёдимга тушди. Рамазон ойи таровиҳ намозида Қуръони каримнинг хатми бўладиган кун. Ҳазрати Имом масжидида намозхонлар тумонат. Хатмни тўлиқ тасвирга олиш учун тасвирчи Файзуллохон билан ишни бошладик. Хатм тугагандан кейин дуолар бошланди. Масжид имоми,  устоз Каримуллоҳ домла қорилар ва уларнинг ота-оналари ҳақига дуолар қилди. Намозхонлар жойи келган вақтида баралла “омин” деб туришарди. Файзуллохон мени олдига чақириб, камера объективидан сафнинг биринчи қаторига эътибор билан қарашимни сўради. Қарадим. Муфтий ҳазратнинг кўзларида ёш кўрдим, йиғидан елкалари силкиниб-силкиниб кетаётганини илғаш қийин кечмади. Ҳазратни тўлқинлантирган нарса нима эканини дарров англадим. Кўзларидан сизиб чиқаётган ёш ниманинг ҳосиласи эканини ҳис этдим. Бу – орзулар рўёби эди. Ахир, бугунги  хатми Қуръонни у кишининг ҳофизи Қуръон фарзанди – Аҳмадхон адо этди-да!

Бир ҳадис мазмунида Аллоҳ ризоси учун йиғлаган кўз жаҳаннам оловида ёнмайди, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хитоби бор эди.

Биз барча қорилар ва ота-оналарига бу мартабалар муборак бўлсин, дея бизларга ҳам насиб бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

(давоми бор)

Дилмурод Қўшоқов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

13.08.2026   3656   3 min.
Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.

«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.

«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.

Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.

Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.

«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.

Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари