«Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Нисо сураси, 32-оят).
Баъзи инсонлар ўзида бўлмаган маънавий ва моддий фазилатларни ўзгаларда кўрса, қалби сиқилади, хотири бузилади. Унда икки ҳолатдан бири рўй беради: ўзида бўлмаган у фазилатларни улардан кетишини тилайди ё уларда бўлган фазилатларга ўзи ҳам эришишини орзу қилади.
Бу икки ҳолатдан биринчиси ҳасаддир. Ҳасад энг қабиҳ иллатлардан биридир. Ҳасад кишидан имон нурини кетказиши билан бирга, дил ва дунёси бузилишига сабаб бўлади. Ҳасад туфайли кишилар ўртасидаги дўстлик ва иноқлик нафрат ва адоватга айланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳасаддан қайтарган: «Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг!..»
Шундай экан, ҳар бир ақлли киши ўзига Аллоҳ таоло берган неъматларга қаноат қилиб рози бўлиши, ўзгаларга ҳасад қилмаслиги керак.
Уламолар: “Бошқаларда бўлган фазилатни улардан йўқолишини тиламай, ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш мумкинми?” деган саволга икки хил жавоб берганлар: баъзилари бўлади дейишган, баъзилари эса аксинча – йўқ дейишган. Чунки у фазилатларга (бойлик ё мартабага) эришиш унинг хулқ-атворини бузиши мумкин. Шунинг учун: “Ё Аллоҳ! Дину дунёим, ҳаётим ва охиратимда менга хайрли бўлган нарсани бер”, деб дуо қилиш лозим.
«…Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар…» Яъни, Ибн Жарир сўзига кўра, ҳар бир киши амалига мувофиқ – яхши бўлса мукофот, ёмон бўлса жазо олади.
«…(Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир». Яъни, Аллоҳдан фазлини сўранглар, сизларга беради, чунки у Зот Карим ва Ваҳҳобдир.
“Жалолайн” тафсирида бу оят: “Эҳтиёж сезган нарсаларингизни сўранг, сизларга беради”, деб тафсир қилинган. “Тафсири Насафий”да: “Ким Аллоҳнинг фазлидан сўрамаса, (Аллоҳ) унга ғазаб қилади”, дейилган ва ушбу ҳадис келтирилган: «Аллоҳ таоло кўп яхшиликларни бандадан тутиб туради ва: “Бандам Мендан сўрамагунча бермайман”, дейди» (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳдан фазлини сўранглар, чунки Аллоҳ сўраганни яхши кўради” (Имом Бухорий ривояти). Демак, инсоннинг ўзида йўқ, бошқаларда бор нарсаларга, ёки ўзидан юқорироқ инсонларга кўзи тушса, ёки бу ҳақда ўйлаб, қалбида безовталикни сезса, бунинг давоси – оят тафсирини мушоҳада қилиб, ҳаётда ҳар ким қилган ишига яраша насибасини олишини англаган ҳолда, Аллоҳ таолонинг улуғ фазлидан сўраб, ҳаракат қилиши керак.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз хулқи ва молида ўзидан устун инсонга қараса, ўзидан пастроққа ҳам қарасин”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу инсоннинг сиқилган қалби учун фойдали даводир ва бу қараш қалбларда надомат ва ҳасратни пайдо қилмайдиган қарашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг турли ҳолатларини яхши билганлари учун уларни маҳзун бўлиб, ғам чекмайдиган, аксинча, қаноат ҳосил қилиб, рози бўладиган томонга йўналтирдилар. Яъни, киши ўзидан устун ва аълороқ бўлган инсонларга қараб, қалби сиқилса, ҳасрат чекса, ўзидан пастроқ ва моли камроқ инсонларга қараб, Раббига шукроналар айтади, Аллоҳнинг неъматларидан ҳеч ким бенасиб қолмаётганини кўради.
Аммо инсон ибодатлар, тоатлар, солиҳ амалларда ўзидан кўра пешқадамроқ, Аллоҳга қурбати зиёдароқ кишиларга қараши мустаҳаб ишлардандир. Бу кўрсатмаларга амал қилган киши ҳаётда ризолик ва хотиржамликка, роҳат ва сакинатга эришади, ўзининг буткул неъматлар ичида эканини ҳис қилади ва бу неъматлар шукрини адо этишга шошилади. Аллоҳ таоло унга фазли – эҳсонини янада зиёда айлайди.
Иброҳим сурасида бундай огоҳлантирилган: «…Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (7-оят).
Тафсир китоблари асосида
Одина САИДАКБАР қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан
Шри-Ланканинг “Uthaym” нашрида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Материалда Янги Ўзбекистонда миллий қадриятларни тиклаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар юксак баҳоланган.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш, халқнинг кўп асрлик бой илмий-маданий меросини ўрганиш ҳамда уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мамлакатда тарихий обидаларни реставрация қилиш, музейлар ва архивлар фаолиятини модернизация қилиш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва рақамлаштириш, миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик йўналиши сифатида алоҳида эътироф этилган. Муаллиф фикрича, мазкур ғоя нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки илм-фан, таълим, маданият ва инновацияларни уйғун ривожлантириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Учинчи Ренессанс концепцияси Ўзбекистоннинг буюк илмий анъаналарини қайта тиклаш, ёш авлодни билимли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган умуммиллий дастур сифатида баҳоланмоқда.
Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар фақат маданий соҳадаги ислоҳотлар билан чекланмайди. Улар мамлакатнинг илмий, маънавий ва интеллектуал тараққиётини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Илмий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тарихий манбаларни тадқиқ этиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва замонавий таълим тизимини ривожлантириш каби йўналишлар ягона мақсад — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.
Мақолада Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кенг ўрин ажратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган мазкур бетакрор мажмуа Ўзбекистоннинг маданий ва илмий сиёсатидаги энг муҳим истиқболли лойиҳалардан бири бўлди. Марказда VII асрга оид ноёб Усмон Мусҳафи сақланаётгани унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Шу билан бирга, бу ерда қўлёзмаларни илмий ўрганиш, реставрация қилиш, архив материалларини тизимлаштириш ва замонавий технологиялар асосида рақамлаштириш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Газетада Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, уларни халқаро туризм ва илмий тадқиқотлар билан уйғун ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати