Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” билим юрти битирувчиси Нўъмонхон Яҳёхон билан саодат асрига саёҳат қилиб, саҳобалар ҳаётига оид таъсирли лавҳаларни янги ташкил этилган “Пешқадамлар” лойиҳасида ёритиб бориш режалаштирилган.
Азиз мухлис, muslim.uz ижодкорлари Аллоҳнинг ёрдами ила яна бир хайрли лойиҳага қўл урди. Бундан мақсад Ислом дини маърифатини Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганиб, кейинги авлодларга етказиб кетган саҳобалар ҳаётига чуқур назар солиб, дин ривожи йўлида қилган буюк хизматларини кўрсатиб, ибрат олиш саналади.
Ислом тарихи саҳобалар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Улар пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг комил ва фозилларидир. Саҳобаларнинг энг яхшилари тўрт халифа, кейин жаннатга кириши башорат қилинганлар, Бадр ва Уҳуд, Ризвон иштирокчилари туради. Шунингдек, уларнинг бирлари илмда, яна бирлари ҳалимликда, бошқалари эса саховат ё жасорат бобида пешқадам бўлганлар. Aллоҳ улардан рози бўлсин.
Мана шундай маърифий лойиҳаларни ҳар бир талаба, ҳар бир битирувчи ёки диний соҳа ходими силсила шаклида олиб боришида бизнинг сайт ва ижтимоий тармоқларимиз минбар вазифасини ўташи мумкин.
Ҳақ таоло ушбу “Пешқадамлар” кўрсатувини муваффақиятли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати