(Давоми, 1-қисм)
***
Шайх ҳазратларига бўлган яна бир эҳтиромни кўринг. Ҳазрат идоранинг интернет сайтини очишни мақсад қилиб, шу соҳада лаёқатли мутахассисларни топиб, алоҳида рўйхат билан олдиларига киришимни сўрадилар. Дастурчилар борасида муаммо йўқ, телевидениеда анчайин тажрибали дастурчилар борлигини, савоб учун холис хизматини аямайдиган мутахассислар мавжудлиги билардим. Хуллас, динимиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлганлар талайгина эди. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Улардан бир нечаларини рўйхатга тиркаб муфтий ҳазратларига киргиздим. Шу сафга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сайтларини юритаётган Абу Муслимни ҳам қўшдим. Ҳазрат рўйхат билан танишиб Абу Муслим номзодига тўхталиб: "Шу йигитни танлаймиз. Устознинг хизматида, муҳими тажриба орттирган экан. У йигитни топиб, хизмат ҳақини гаплашинг, келишиб олиб мен билан учраштиринг" деб топшириқ берди. Шу орада Шайх ҳазратларидан Абу Муслим учун рухсат сўраб, розилигини олган эканлар. Ҳазрат Абу Муслимни қабул қилиб сайтнинг қай ҳолатда бўлишини маслаҳат қилдилар, ўз тавсияларини айтиб, ишни бошлашга оқ фотиҳа бердилар.
Ҳазрат, оммавий ахборот воситалари орқали диний материаллар кўпроқ ёритилишини истар, бунинг учун бор имкониятини ишга соларди. Идора ходимлари, имом хатибларни ОАВда доимий чиқиш қилиб туришга тарғиб қилиб, бу ишлар динимиз учун манфаатли бўлишини таъкидлардилар.
"Ислом нури" газетаси ва "Ҳидоят" журнали идора тасарруфида бўлгани учун мазмун, савия ва обуна масаларини ўзлари назоратга олганди. Ҳар душанба куни бўладиган йиғилишда нашриёт директорига: "Нуруллохон, сизда нима ютуқ ва муаммолар бор? Обуна қандай кетаяпти? Ўсиш борми?” деган саволларни берарди. Нурулло аканинг жавобларини тинглаб, ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларига обуна масаласини қаттиқ тайинлаб, уни бажариш жуда муҳим эканини таъкидлаб турарди. Ҳазратнинг бу саъй-ҳаракатлари боис ушбу нашрлар мамлакатимизда чиқаётган машҳур журнал ва газеталардан мазмун-моҳият жиҳатидан ҳам, адад-тираж жиҳатидан ҳам олдинги қаторларга ўтиб олганди. Бевосита фаолиятим ОАВ да бўлгани ва кузатишларим асосида айтишим мумкинки, биринчи раҳбарнинг ташаббуси билангина бу соҳада ўсиш бўлиши ойдек равшанлигини биламан. Журналистлар яхши мақолалар ёзиши, техник ходимлар безаш ишларини бажариши мумкин. Аммо, унинг тиражини ошириб, ўз ўқувчиларига етиб боришида раҳбарнинг жонкуярлиги муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Ҳазрат, матбуот орқали диний саводхонликни оширишнинг ўта манфаатли бўлишини англаган ҳолда бунга қаттиқ бел боғлаган эди. Обуначиларнинг кўп бўлишидан хавотир оладиган каслар ҳам етарли эди. Улар ҳам ошкора ҳам зимдан турли баҳона-важлар билан қаршилик кўрсатиб келишарди. Ҳазрат буни билар, шунга қарамасдан ишни давом эттираверарди. Кимлардир “муфтий одамларни журнал ва газетага қаттиқ тарғиб қилдиряпти”, деган иддаоларни ҳам ёйган эди. Бу ҳақда бир куни ҳазратга гап очдим.
– Дилмурод, – деди ҳазрат, – динимиз тарғиботига қаршиликлар ҳамма вақт бўлган, муросаа қилсак ҳеч нимага эришмаймиз, ўжарлик қилсак ундан бадтари бўлади. Шу важдан иложини топиб, имконини қилиб нимадир қилишимиз керак. Обунадан фойдаланиб мўмин-мусулмонлар хонадонига динимиз шиорларини тарғиб қилишнинг нимаси ёмон? Ахир шундай ҳам одамларнинг хонадонида бўлар-бўлмас газета ва журналлар, ҳар хил қўшиқлар тўла аудио, видео маҳсулотлар исталганча бор-ку, уларнинг ҳаммаси пулга олинган. Шуларнинг орасида расман рухсат берилган "Ислом нури" ва "Ҳидоят" журнали ҳам бўлса, одамлар майли истар-истамай уни варақласа, қайсидир саҳифасига кўз югуртирса бу – совуқнинг заҳрини бир юмшатмайдими? Айрим фильмлар, сариқ матбуоту, тижорат мақсадида чоп этилаётган енгил-елпи мазмундаги китоблар орқали тарқалаётган ахлоқий емирилишнинг олдини олишга хизмат қилмайдими? Ахлоқий тозаришга, маънан юксалишга ундовчи бу нашрларга қилинган сарф, охират фойдаси учун қилинган харид эмасми?
Дилмурод, биламан, бизни тушунмайдиганлардан кўра тушунишни истамайдиганлар кўп. Улар очиқдан-очиқ гапиришяпти ҳам, гоҳида дўқ уришяпти, пўписа қилишяпти – парво қилмасликка ҳаракат қиляпман. Энг ёмони баъзи бир одамлар ўзининг тор ва биқиқ дунёқарашини давлат сиёсати номидан тиқиштирмоқчи бўлади.
Ҳазратнинг куюнчаклик билан айтган фикрлари ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглаб туради. Дарҳақиқат, ўша пайт вазият оғир эди. Ўттиз миллион аҳолиси бор, шунинг тўқсон беш фоизи мусулмонларни ташкил қилган мамлакатда битта телерадиодастур, битта журнал ва битта газета нашр этишга рухсат берилган эди. Ҳазрат мана шундай шароитда ўзининг озгина ваколатидан фойдаланиб, шу миттигина имкониятдан самарали фойдаланиш ҳақида бош қотирарди.
Шу ўринда бир гап. У кезлари ёмғирдан кейин потраб чиққан қўзиқоринга ўхшаш ҳозирги интернет “даҳо”лари пана-пастқамларда писиб юришарди, айримларининг эса орқа этаги елкасига игнабоғич билан қистириб қўйилган пайт эди. Ҳозирда оғзидан кўпик сачратиб, одамларга дин аҳкомларидан сабоқ беришга киришган бу кимсалар вазиятга қараб, тўнини, замонавий тилда айтганда “тон”ини ўзгартириб туради. Бир пайтлари президентимиз таъкидлаганларидек тик турган симёғочни ҳам қамаш мумкин бўлган чоғлари шу валломатлар “оч қорним, тинч қулоғим” шиорига амал қилиб судралиб юришни маъқул билардилар. Бугун эса тиллари бир қулоч.
Карантин сабаб, таътилимни Ургутда ўтказдим. Озгина деҳқончилик қилиб, тоғ бағридаги боғимда чайла ясаб, бир неча ой яшадим. Шу орада анчагина китобларни мутолаа қилдим. Бир куни Исроил акам келиб қолди. Мук тушиб ўқиётганимни кўриб: “Уйда анча-мунча журнал, газеталар бор, келтириб бераман? – деб қолди. Эртаси куни бир даста қилиб ташлаб кетди. "Ҳидоят", "Ислом нури". Баъзилари титилган, варақлари йиртилган.
– Ака, булар невараларнинг қўлига тушганми-а, – сўрадим.
– Қайда, обуна бўлганман. Буниси қўйиб, буниси ўқийди. Баъзида ҳамсоялар ҳам обкетади. Савоб бўлади деб қўяман, – деди. Муфтий ҳазратларининг айтган гаплари ҳақ экан, деган ўй кечиб ўтди хаёлимдан. Ҳақиқатдан ҳам ўқувчилар сонининг ўсиши газета тиражининг ошишига сабаб бўлганди. Тиражи ошган газета-журнал халқимиз орасида кенг тарқалди. Ўқимишли одамлар сони ортди. Ҳарнечук, халқимиз ҳар хил олди-қочди нашрлардан кўра, дин ва диний мавзуларда ишончли манбаадан бир нима ўқиганлари маъқул, ана шунда чалғимайдилар. Ҳазрат, сиздан Аллоҳ рози бўлсин!
***
Устоз, Каримуллоҳ домла айтиб берган бир воқеани эслайман: “Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида таҳсил олардик. Бир куни муфтий Зиёвуддинхон ҳазрат мадрасамизга ташриф буюриб, ўқиш ва ўзлаштириш жараёнлари; талабаларнинг яшаш шароитлари билан танишдилар. Сўнгра, барча талабаларни тўплаб, ҳар биримизга совет пулида ўн сумдан ҳадя қилдилар. Талабаларнинг ўша пайтдаги қувонч ва ҳаяжонлари ҳали-ҳали ёдимда. Аслида гап пулда эмас, эътиборда. Ўқишни тугатдик, ишларга кирдик, оила қуриб, фарзандларимиз дунёга келди. Аммо ўша воқеани ҳар доим эслаб ҳақларига дуо қиламан. Илло, Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган ҳар бир яхшилик эътирофга лойиқ!”
Муфтий ҳазратнинг ёнларида кўп вақт бўлганим учун Зиёвуддинхон ҳазратга хос бўлган фазилатлар у кишининг ҳам амал қиладиган муҳим ҳаётий шиорлари бўлганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Ҳазрат, ҳозирги тилда айтилганда "хайрия жамғарма"сига эга эди. Маошларидан, хайр-эҳсонлардан келадиган пулларнинг маълум қисмини яхшилик ишларига тарқатарди. Моддий ёрдам, эҳтиёжманд оила ёки зарурият юзасидан сўралган кўмак сўраб қилинган мурожаатларини ҳеч қачон жавобсиз қолдирмас, бу ишларга энг зурур юмуш деб қарарди.
Вилоятларга чиққанларида ўша жойдаги мадраса талабалари учун атайин жамғармасидан пул олиб тарқатарди. Ёрдам ва эҳсон учун мўминлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда Аллоҳ айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек ҳаракат қиларди. Ҳазрат аксар ҳолда қилаётган эҳсон ишларини махфий равишда қилар, мақтов ва намойишкорликдан йироқ эди.
Ўз вақтида баъзи бир бадкирдор кишиларнинг асоссиз туҳмат ва қабиҳликлари сабаб ўша даврнинг “қора рўйхат”ига тушган Фозил қори аканинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Дилмурод, Усмонхонни бизга худо юборди, – деган эди қори ака самимий, – қаранг қанчалик бағри кенг, мард, асли оталари Темирхон эшон бобо ҳам бошқача одам бўлганлар!..”
Ҳазрат Фозил қори акани қаттиқ ҳурмат қилар, у кишига бўлган ноҳақликлардан изтироб чекиб юрарди. Расмий тадбирлар, даврий нашрлар, телерадиода чиқиши таъқиқлаб қўйилган Фозил қори акани устозим, қадрдоним, акам деб эъзозлар эдилар. Шу гапларни очиқ-ошкор айтишдан сира чўчимаганлар.
Бир куни муфтий ҳазрат мени ҳузурига чақириб, Фозил қори аканинг қаердалигини суриштириб топишимни, идорага таклиф қилишимни буюрдилар. Телефон орқали боғланиб, ҳазратнинг таклифини етказдим мабодо зарур бўлса машина жўнатишимиз мумкинлигини айтдим. Фозил қори ака аср намозидан кейин келишларини билдирдилар. Ҳазрат у киши келганини эшитиб, кутиб олиш учун ҳовлига чиқиб, кўзларида ёш, меҳр билан қучоқ очиб кўришиб, хоналарига таклиф этди. Анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Фозил қори ака хурсанд, кайфияти аъло даражада эди. Муфтий ҳазратни олқадилар. Самимий, чин дилдан сўзлаётган қори акани кузата туриб, кўпнинг ҳидоятга киришига сабаб бўлган, динимизга анчагина фойдали амалларни қилган шундай улуғ зотни маҳзун кўнглини кўтарган ҳазратдан Аллоҳ рози бўлсин деган кечинмалар кечиб ўтди кўнглимдан. Чунки ўша кезлари кимдир юқоридаги раҳбарлардан қайсидир бирига ёқмаса чақув, туҳмат уюштириб, уни янада тепадаги раҳбар орқали обрусизлантириб, қаматтириб ё ишдан ҳайдатиб, номини "қора рўйхат"га тиркаб қўярди. Одатий, оддий ҳол эди бу. Шу билан у одамнинг ОАВ да чиқиши ёки тадбирларда қатнашиши мутлақо барҳам топарди. Шу ишга масъул бўлган барчалар топшириқни аъло даражада бажарарди. Кимдир у инсоннинг фаолиятини тикламоқчи (қийин масала эди) бўлса, ўзига нисбатан шубҳа ва гумон ортирарди. Назорат остига олинарди. Шуни билиб ҳеч ким бу ишга бош қўшмас, аксинча бундай кишилардан ўзини олиб қочарди. Мана шу каби кимсаларнинг олчоқликлари ҳам у кишининг соғлигига салбий таъсир кўрсатгани бор гап.
Фозил қори акага бўлган ҳурматлари, динимиз учун қилган хизматлари важҳида муфтий ҳазратлари катта идораларга кириб у кишининг номини қисман оқлашга муяссар бўлган эдилар. Фозил қори буни биларди, Бу ишлар анчайин мураккаб эканини, ҳаракатлар бўлгани-ю, манфаат бермаганини ҳам. Шунга қори ака муфтий ҳазратдан жуда миннатдор эдилар. Охиратлари обод бўлсин.
(давоми бор)
Дилмурод Қўшоқов
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси