Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.
Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.
Динимиз озодалик ва покликка буюради. Ислом дини келган даврларда ҳозиргидек чиқиндилар, турли-туман зарарли тутун ва ҳоказолар чиқарувчи завод-фабрикалар, конлар, кимё заводлари, машина ва ҳоказолар бўлмаган. Одамлар бугунги кунимиздагидек кўп чиқинди ҳосил қилувчи маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаган. Табиат қўйнида, табиий неъматлардан озиқланган. Турли хил сунъий моддалардан тайёрланган хилма-хил ўрам, қадоқ ва бошқа идишлардаги егуликлар емаган. Бу эътибордан уларнинг чиқиндилари ҳам табиат ва муҳитга дўст бўлган безарар чиқиндилардан иборат бўлган. Уларнинг асосийси таом қолдиқлари бўлган, холос. Шундай бўлса ҳам динимиз ўша вақтнинг ўзидаёқ атроф-муҳит тозалиги, шахсий тозалик ва гигиена соҳасида келажак даврларга ҳам манфаатли бўлувчи кўрсатмаларни бериб қўйган.
Шундай экан, уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Аммо таассуфки, сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашаётгандек гўё. Бугун ана шу қадриятларни давом эттиришимиз, динимизнинг поклик борасидаги ҳукмларига риоя қилиш ҳар кунгидан ҳам зарурдир.
Сув – ҳаёт манбаи ҳисобланиб, инсон у билан тирик. Ҳатто танамизнинг аксар қисмини айнан сув ташкил қилиши ҳаммага маълум. Уни исроф ва ифлос қилиш табиатга нисбатан хиёнатдир. Жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” дея қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак.
Йўллар ва соя-салқин жойлар барча инсонларнинг ҳаққи бўлиб, уларнинг ҳукми ҳам сув кабидир. Демак, сувни асраган каби соя – дарахтларни ҳам ҳимоя қилиш лозим.
Заминимиз шундай фазилатларга бойки, халқи чин меҳнаткаш, тупроғи тирик жондек бағрида ҳамма нарса ўниб-ўсиб чиқади. Юртимиз об-ҳавоси ҳам мўътадил, оқар сувлари бор, бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши холатдир. Демак Аллоҳ таоло бизга шундай шароитни бериб қўйган экан, биз бу нарслардан унумли фойдаланишимиз керак.
Бундан қарийб икки йил аввал Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Эндиликда 25 октябрдан 1 декабргача “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди. Бу мавсумда 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг меваси ва ҳосилидан инсон ё қуш ёки ҳайвон тановул қиса унга садақанинг савоби бордир”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизлардан бирингизнинг қўлида кўчат бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлса, қўлидаги кўчатни экишга қодир бўлса, турмасдан кўчатни эксин”, дея марҳармат қилганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати