Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (1-қисм)

04.01.2021   8703   12 min.
Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (1-қисм)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ислом дини, киши ўзига раво кўрган яхшиликдан ўзгаларни ҳам баҳраманд этиш лозимлигини уқтиради. Бинобарин, ўзини асраш Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясига дохил бўлишнинг шарти саналади. Энди ана шу сифатни ўзгалар ҳаёти, шаъни ва насабига нисбатан қўллаш қанчалик савоб амал эканини тасаввур қилинг! Бу сифатлар Аллоҳнинг наздида нечоғлик улуғ мартаба тутишини кўз олдингизга келтиринг! Бир-бировнинг тақдирига дахлдорлик туйғуси ана шу нуқтада таркиб топади. Зеро, бу – абадият қонуни. Бармоқлар алоҳида-алоҳида ҳолда ожиз, мушт бўлиб тугилган тақдирда қудрат касб этади. Бу фақатгина дин соҳасига тааллуқли гап эмас. Тарихимизни титкилаб қарасак, қачон, қаердаки тарқоқлик пойдор бўлса таназзулга учраганимизни илғаймиз. ХIII асрда Хоразмшоҳ калтабинлик билан ўзининг қудратли қўшинини майда-майда бўлакларга бўлиб мўғулларга ем қилгани ёки ХVII асрга келиб улкан бир салтанатнинг учта мустақил хонликка бўлиниб кетиши, вақти келиб чор Россияси учун тайёр луқма бўлгани юқоридаги фикримизнинг яққол исботидир. 

Биз биринчи навбатда улуғларимимизни улуғлашни одат қилишимиз керак. Бир-бировга жонсўзликни таркиб топдиришимиз лозим. Ўтган шўролар тузуми бизни ахлоқан нимага ўргатди? Етмиш йиллик истибдод йиллари Ўзбекистон ҳукуматини Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов, Камолов, Нуриддин Муҳиддинов, Шароф Рашидов, Усмонхўжаев сингари инсонлар муайян муддат бошқариб келишди. Бирортаси ҳам вафотидан кейин қадр топмади. Сабаби, сиёсатнинг арқоғи аввалбошдан шундай ўрилган эди. Сталин ўлиши билан  тепкиланди. Хрушев ҳали тириклигидаёқ тавқи лаънатга учради. Брежнев ҳам шундай қисматдан қочиб қутулмади. Андропов, Черненкони биров эсламайди ҳам. Горбачевни эса русларнинг ҳали ҳам отарга ўқи йўқ...  

Бунинг бариси – тарғибот-ташвиқотнинг самараси. Мана шу иллат қон-қонимизга сингиб кетди. Қатағон йилларининг шифқатсизликлари бизни бир-бировга бўри бўлиб ташланишга ўргатди: “деди-деди”, чақув каби иллатларнинг илдизига сув қуйди, ривожига равон йўл очиб берди. Маиший масаладаги оддий, ҳаётий муаммоларимизни ҳам сиёсат даражасида ҳал этишга, ёмон кўрган одамларимиздан мосуво бўлиш учун имонсизлик даражасидаги “қора технология”лардан тап тортмай фойдаланишга мойиллик уйғотди. Бутун мусулмон олами эътироф этган яккаю ягона шайхимиз муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазаратларининг бошиларига не кунларни солмадик дейсиз. Шундай илмли кишини ғов ташлаб халқдан яшириш, икки ўртада тўсиқ қўйиб нимага эришдик – шу ҳақда биров бирров ўйлаб кўрганми?..

Хато қилиш айб эмас, уни вақтида тузатмаслик катта гуноҳ аслида. Жамиятда чангалзор қонунлари амал қилган даврларда нимаики ноҳақликлар бўлган бўлса – бўлди, бас! Президентимиз бугун юртга муҳаббат, одамларга муносабат борасида янги бир сиёсатга асос солдилар. Улуғларимизни улуғлаш улкан бурчимиз эканини таъкидламоқдалар. Илм эгалари, уламоларга миллий бойлигимиз даражасида қараш, уларни асраш, билим бисотларини эл фарзандларига улашиш ишига биринчи галдаги вазифамиз сифатида қараш таркиб топиб боряпти. Нур бор жойда соя бўлиши тайин. Илмли инсонлар илмсизларнинг ғашига тегиши ҳам бор гап. Илмли кишиларнинг парвози юксак, илми ҳаминқадар нотавонлар уларга тенглашмоқ истайдилар. Аммо, қанотларини қийнашдан кўра илмлиларнинг қанотини қиймалашни афзал биладилар. Шу йўл билан тенглашишини маъқуд кўришади. Ҳамма бало ана шунда!

Камина ушбу рисолада солиҳ бир инсон ҳақида сўзлаш учун, баайни ўзим гувоҳи бўлганим баъзи бир ҳаётий воқеаларни қоғозга тушириш учун юқоридаги фикрлар устида муфассал тўхталдим. Сабаби, мен сўзламоқчи бўлган инсон – муфтий ҳазратлари, Усмонхон Алимов илми шойим, эътиқоди қойим, устоз уламоларимиздан бири. Неча йилки Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,  муфтийси лавозимида хизмат қилиб келмоқдалар. Мен Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ишлаш баробарида муфтий ҳазратларининг матбуот котиби сифатида ҳам муайян бир муддат фаолият кўрсатдим. Шу жараёнда бир неча бор у кишида, кишининг қалбини тўлқинлантирадиган, ҳар қандай уйғоқ юракда мардлик, қатъиятлилик фазилатларини тарбиялайдиган, ҳар қандай вазиятда имон доирасини тарк этмаслик сифатларини кўриб  мутаассир бўлганман. Мана шу хотираларимни бугун сизга ҳам илиндим. 

Ҳазрат диний идора раҳбари этиб тайинланган пайт мен телевидение соҳасида ишлардим. Бир куни  идоранинг ишлар бошқарувчиси бўлиб ишлаган  акамиз қўнғироқ қилиб, ҳазратнинг  ташаббуси билан тадбир ташкил этилаётгани, агар иложи бўлса шуни телевидение орқали ёритишда ёрдам беришимни сўради. Ҳазрат диний идора тизимида ишлаб ўтган ходимларнинг оила аъзолари ва  фахрийларини бир пиёла чой баҳонасида йўқлаб, хотирламоқни мақсад қилган экан. Тасвирга олиш гуруҳи билан борганимизда Бароқхон мадрасаси ҳовлиси безатилган,  чиройли дастурхон атрофида кўплаб меҳмонлар жамулжам бўлган эди. Аввало ўтганлар ҳақига Қуръони каримдан тиловат қилинди. Сўнг ҳазрат сўз олиб, идора тизимида ишлаб кетган муфтийлар, олимлар ва ходимларни номма-ном  айтиб уларнинг динимиз равнақига қўшган улкан хизматларини ёдга олдилар. Тадбир сўнггида барча қатнашчиларга совға-саломлар улашилди. Камина айрим иштирокчилардан интервью олдим. Улар бунинг каби муносабатдан хурсандликларини кўз ёшлари билан ифода этиб, ҳазратдан миннатдор  эканликлари билдирдилар. 

Яхшигина кўрсатув бўлганди аммо, эфирга  чиқаришмади. Начора, ўша пайтда вазият, баьзиларнинг онгида ўтмишдан ўтроқлашиб қолган мафкура шуни тақозо этди. Динни деб дунёсини йўқотишни истамайдиганлар, бугунини ўйлаб охиратини бой бераётганлар ҳозир йўқ дейсизми?! Бугун амал-тақал қилиб эгаллаган курсисини жаннатда эришиши мумкин бўлган ўрнидан афзал биладиганлар-чи, йўқми? Бунақалар ҳамма замонда бўлган ва бўлади. Кишилик кечмиши пайдо бўлгандан  то ҳозирга қадар ҳаёт ҳам, адабиёт ҳам бир фалсафани тарғиб қилиб келади, нимагадир бепарвомиз. Бутун ер юзини забт этган Искандар Зулқарнайн тобутдан бир қўлини чиқариб қўйишларини васият қилди. Бутун дунёнинг зебу зийнатларини қўлга киритгани, бироқ нариги дунёга ҳеч нима олиб кетмаётганига ишора эди бу. Минг тўққиз юз ўн иккинчи йили икки минг нафардан ортиқ йўловчиси бўлган “Титаник” кемаси улкан уммон остига ғарқ бўлди. Кемадаги йўловчиларнинг саккиз нафари миллиардер кишилар бўлган. Аммо, бойлик ҳам бундай чоғ уларнинг жонига оро кирмади. Яқиндагина катта бир компаниянинг раҳбари коронавирусга чалиниб бу оламни тарк этди. Ўлими олдидан ўттизга яқин шифокорларни чорлаб, агар шу дарддан омон чиқса барча шифокорларга биттадан қимматбаҳо машинасини совға қилишини баён этибди. Аммо,.. 

Ўтган шўролар тузуми даврида дин ёмонотлиқ қилинди, диний уламолар тазйиққа учради. Неча минглаб инсонлар диний эътиқоди туфайли қатл этилди. Хўш, шу ишларга бош бўлган сохта тузум неча йил умр кўрди, бор-йўғи етмиш йил! Шундан сабоқ чиқарсак бўлмайдими? Ўтмишга балчиқ чаплаган кишиларнинг ўзлари ҳали ўтмишга айланиб-айланмай, ўзларига лой чапланмадими?! Фикр қилайлик ахир. Динга муносабат, уламоларга қиладиган мулозаматимиз бояги-боягидек бўладиган бўлса, диний бағрикенглик, эътиқод эркинлиги ҳақида жар солмай қўяқолайлик деган хаёлга борардим. Фойдаси бўлардими,  ўша даврлар бу хаёлотларни? Йўқ, мумкин эмас эди! 

Хуллас, динимиз равнақи йўлида хизмат қилган кишиларни эъзозлаб ўтказилган тадбир на телевидение орқали ёритилди ва на бирорта газетада ахборот тарзида чоп этилди. Ҳазрат кимларнидир ўртага солиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали бир парча маълуот беришга роса тиришдилар, аммо – бори уринишлари  беҳуда кетди.

Тан олайлик ўша йиллари телевидение экрани орқали ҳам, газеталаримиз саҳифаларида ҳам унчалик таниқли бўлмаган, ўзидан ўзмай фақат ойлик маоши эвазига ўз вазифасини бажариб келаётган кишиларнинг фаолиятини бадиий бўёқлар билан бежаб, бўртириб кўрсатиш авж олган    эди. Ваҳоланки, ҳазрат хотирлашни ирода этган улуғларнинг мусулмонларга, халққа қилган хизмати беқиёс ва савобли эди. Ҳазрат, бир томондан, халқ эшитса, кўрса улар ҳаққига тиловатлар қилинар, эсланар ва бу билан арвоҳларнинг руҳи шод бўлар, деган мақсадни қўйган бўлса, яна бир жиҳатдан уламоларинг зикридан Аллоҳ таоло рози бўлиб юртга барокотлар ато этар, деган умидда эди. Мен эса динга, уламоларга эътибор бўлмаган ва тазйиқлар ҳукмдор жамиятда шу уй, фикр ва режаларни амалга оширишга ҳаракат қилган ҳазратнинг иймонига қойил қолгандим.

***

Ҳазрат аҳли илм ва қори устозларнинг ҳамиша ҳурматларини жойига қўяр, бирор тадбирлар бўлиб қолса чақиртирар, байрамлар арафасида совға-саломлар бердирарди. Мамлакатимизнинг қайсидир  вилоятига сафарга чиқсалар ўша ҳудудда истиқомат қилаётган улуғ  ёшдаги аҳли илм, қори бувалар ва идора тизимида фаолият олиб борган устозларни зиёрат қилар, уларнинг суҳбати ва дуоларини олиб қайтарди. Агарда вақт нуқтаи назардан иложини қилолмасалар, имом-хатибларга уларнинг аҳволидан хабардор бўлишларини тайинлаб, топшириқлар берарди. Айниқса, ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни устозим деб эъзозлардилар. Динга манфаати ғоятда кўп, хизматлари беназир  бўлган  аллома деб улуғларди. Кези келганда маслаҳат оларди. 

Айтиш жоизки, ўша пайтлари Шайх ҳазратлари учун матбуотга чиқиш, давлат тадбирларида иштирок этиш расман тақиқланганди. Уларнинг ҳар бир қадами назорат остида эди. Назоратчиларнинг айримлари шайхга хайрихоҳ бўлса, аксари ашаддий қарши ёки қарши томондан ўта қўрқадиганлар эди. Улар хоҳлаган вақтда Шайх ҳазратлари билан алоқада бўлган ёки хайрихоҳлик қилган ҳукумат одамлари ёки  бошқа инсонларга махсус айбловлар тақаши, салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди . Муфтий ҳазратлари ҳам бундан мустасно эмасди. Шу ҳолатда ҳам у киши Шайх ҳазратларига бўлган шогирдлик мақомидан воз кечмаган. Идоранинг янги бинога кўчиши муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирга муфтий Усмонхон Алимов Шайх ҳазратларини таклиф этди. Шу тадбирда камина ҳам хос одамлардан бўлиб қатнашганим учун, баъзи  ҳолатларнинг гувоҳи бўлганман. 

Муфтий ҳазратлари белгиланган муддатдан ўн дақиқа аввал  ҳовлига чиқиб Шайх ҳазратни кутиб турдилар. У зот келганларида қучоқ очиб кўришдилар. Ҳазратнинг ташрифидан ниҳоятда хурсанд эканликларини юзу кўзларида балқиб турган шодлик ифодаси аниқ-таниқ  билдириб турарди. Диний идоранинг хоналарида туриб, деразасидан мўралаб Муфтий ҳазратнинг ҳатти-ҳаракатларини хуфёна кузатиб, ғашланганлар ва ҳодиса ҳақида ўзларининг катта-кичик “акахон"ларига дақиқама-дақиқа маълумот етказиб турганлар ҳам анчагина эди. Ҳазрат эса бепарволик билан улуғ устоз, дунё алломасининг ташрифидан бағоят хурсанд бўлганини ҳеч кимдан яширган эмасди.

Таклиф ва зарурият тақозоси ва муфтий ҳазратнинг ташаббуси билан мўмин-мусулмонлардан келган саволларга жавоб тариқасида "Сўраган эдингиз" рисоласини чиқаришни бошлаганимизда, муфтий ҳазратлари: “Дилмурод, китобни аввало Шайх ҳазратларига оборинг. Мен гаплашиб қўйдим. Кўриб, ўз фикрлари, маслаҳатларини берадилар”, дедилар. Келишилган вақтда бордим. Шайх ҳазратлари китобни кўриб, танишганларидан кейин, бу лойиҳанинг мўмин-мусулмонлар учун бағоят фойдали манба бўлишини айтиб дуо қилдилар ва муваффақият тиладилар. Ўша пайт баъзи амалдорларга бу иш маъқул бўлмай, “диний идоранинг ўз олимлари йўқми, ўзларинг эплолмайсанларми” қабилида иддао ва дўқ-пуписалар қилганларидан ҳам бохабарман. Аммо муфтий ҳазратлари мана шу каби дўқ-пўписаларга парво қилмай Шайх ҳазратлари билан мунсабатларини мусбат тарзда  давом эттирган эди.

(давоми бор)

Дилмурод Қўшоқов

azon.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   2057   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари