САВОЛ: Бир кишининг иймон келтиришига сабаб бўлиш минглаб файз ва завқдан устунроқми?
Жавоб: Бир инсон иккинчи бир инсоннинг иймон келтиришига сабаб бўлса, унинг топган савоблари қадар савоб, унга сабаб бўлган кишининг ҳам номаи аъмолига ёзилади. Бу жуда яхши. Кишининг фақат ўзи учун интилмай, ўзгаларни ҳам ҳақ йўлига бошлаши улуғларимизнинг бизга амридир. Бу фаолиятни «хизмат» деб атаймиз. Мусулмонларнинг иймон келтиришлари, исломни ўрганишлари, моддий ва маънавий қийинчиликларни енгишлари йўлида хизмат қилиш савобли ишдир. Тасаввуфий нуқтаи назардан шундай деймиз. Фақат буни тасаввуфга қарши бир муддао сифатида ўртага қўйиш хато, шайтоний бир ишдир. Яъни:
– Сен мутасаввиф бўлма!
– Э, нима учун?
– Бошқаларнинг имон келтиришлари учун ҳаракат қил!
– Бундай нарса йўқ! Инсон нима учун мутасаввиф бўлади? Яхши мусулмон бўлиш учун... Нимага тасаввуф йўлига киради? Тақво соҳиби бўлиб, қалбини нурлантириб, гўзал аҳлоқли мусулмон бўлиши учун... Яхши мусулмон бошқа мусулмонлар учун янада фойдали ишлар қилади. Тарих давомида шундай бўлган. Ўзи яхши бўлмаган киши бошқалар учун фойдали бўлолмайди, аксинча, зарарли бўлади.
Тасаввуфдан қочиш керак эмас. Бу билан киши ўзини қутқарадиган дорилардан қочган бўлади.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).