Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Январ, 2025   |   6 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:31
Bismillah
06 Январ, 2025, 6 Ражаб, 1446

2. БАҚАРА СУРАСИ, 238–239 ОЯТЛАР

3.01.2021   2948   3 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 238–239 ОЯТЛАР

حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ٢٣٨

238. Намозларни, хусусан ўрта намозни эҳтиётланглар. Аллоҳ ҳузурида хушуъ билан туринглар.

"Намозларни эҳтиётлаш" деганда беш вақт фарз қилинган намозларни ўз вақтида, барча рукнларини камчиликсиз, тўла-тўкис адо этиш тушунилади. Кўпгина муфассирлар "ўрта намоз" аср намозидир, дейишган, чунки туш пайтидаги истироҳатдан сўнг уни кечиктириб юбориш хавфи кўпроқ бўлади. Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, "Пайғамбар алайҳиссалом Хандақ куни: "(Мушриклар) бизни вусто намозидан қолдирди, кун ботиб қолди, Аллоҳ таоло уларнинг қабрлари билан уйларини (ёки қоринларини) ўтга тўлдирсин!" дедилар" (Бухорий ривояти).

Мусулмонлар намоз ўқишаётганида Аллоҳ таоло ҳузурида турганларини эслаб, фақат Уни ёдлашлари, барча дунёвий нарсалардан батамом узилишлари, хушуъ ва хузуъ билан ибодат қилишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саждада пешонага ботмаслиги учун тупроқни текислаш ҳақида сўрашганида: "Намоз ўқиётганингда тупроқларни сурма, агар иложи бўлмаса, фақат бир марта майда тошларни текисла" деб, намозда ёт ишларни қилишдан қайтарганлар. Зеро, кетма-кет ҳар хил ҳаракат қилиш (амали касир) намозни бузади. Таассуфки, намозхонлар орасида бу муҳим ишга бепарволар кўп: баъзилари намозда туриб соатига қарайди, кийимларини тўғрилайди, бурун ё қулоғини қашийди, намозда туриб ўнгга, чапга ёки осмонга қарйдиганлар ҳам бор. Намоз ўқишдан мақсад Аллоҳга қуллик изҳори экан, намозхонлар намозни хушуъ ва хузуъ билан адо этишга буюрилишган. Мўминлар бу амрга итоат этишса, албатта нажот топишади.

فَإِنۡ خِفۡتُمۡ فَرِجَالًا أَوۡ رُكۡبَانٗاۖ فَإِذَآ أَمِنتُمۡ فَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَمَا عَلَّمَكُم مَّا لَمۡ تَكُونُواْ تَعۡلَمُونَ٢٣٩

239. Агар хавфда бўлсанглар, пиёда ё уловдалигингизда (ўқинглар), бехавотир бўлганингизда эса билмаганларингизни Аллоҳ ўргатганидай Унинг зикрини қилинглар.

Уруш пайтида ёки душман хавфи туғилганида намозларни юрган ҳолда ёки уловда кетаётганда, рукуъ-саждасиз, ҳатто қиблани аниқламай ўқиса бўлади. Хавф кўтарилиб, хотиржам бўлингач, намозлар аввалда Аллоҳ таълим бергани каби барча рукнларига риоя этган ҳолда тўкис адо этилади. "Нурул-изоҳ"да хавф (қўрқув) намозининг ҳукмлари ва сабаби ҳақида бундай дейилган: "Хавф намозини фақат душман ва йиртқич ҳайвон олдида ёки сув тошқини (сел) ва ёнғиндан қўрқиш ҳолатида ўқиш жоиздир. Бутун жамоат бир имомга эргашишни хоҳлашса, имом жамоатни иккига бўлади. Бир гуруҳни душман қаршисида қолдиради, бошқа бир гуруҳ билан намоз ўқишни бошлайди. Ўқиладиган фарз намоз икки ракатли бўлса бир, тўрт (ёки уч) ракатли бўлса, икки ракат ўқилганидан сўнг биринчи жамоат душман олдига боради. Улар ўрнига иккинчи жамоат келиб, имомга эргашади. Имом намознинг қолган қисмини ўқиб, якка ўзи салом беради. Иккинчи гуруҳ душман олдига қайтгач, биринчи гуруҳ ўринларига қайтиб, Қуръон ўқимасдан намозларини тугатишади, салом бериб, душман олдига қайтишади. Иккинчи жамоат ҳам намознинг қолган қисмини жойларига қайтиб ёки душман қаршисида, холироқ жойда ўқиб тугатади" (Абул Ихлос Ҳасан ал-Вафоий Шурунбилолий ва Абу Зайд Шиблий. "Нурул-
изоҳ", Тошкент, "Мовароуннаҳр", 2003, 109-110-бетлар).

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

"Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши" нима дегани?

4.01.2025   3749   11 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни  Аллоҳ таолонинг  ҳузурида қандай бўлса шундай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлган.

Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин баён қилганларини кўрамиз.

عن ابن عباس رضي الله عنهما   عن النبي صلى الله عليه وسلم  قال  اقراني جبريل على حرف فراجعته فلم ازل استزيده و يزيدني حتى انتهى الى سبعة احرف

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда қилишини сўрайвердим, ниҳоят етти ҳарфга етди ”, дедилар”.

Араб тилида “ҳарф” сўзининг маъноси бир нарсанинг олд юз тарафи, бир нарсанинг бурилиши, яъни бузилиши ва бир нарсанинг миқдори, ўлчови сингари маъноларини билдиради.

Ибн Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра, “ҳарф” сўзи “қироат” маъносида ҳам келган: “Шомликлар Ибн Омирнинг ҳарфида (яъни қироатида) қироат қиладилар”. Гоҳида “ҳарф” сўзи “маъно” ва “жиҳат” деган маъноларда ҳам ишлатилади.

Биз сўз юритаётган мавзуда эса бу сўз ўзининг биринчи, яъни “олд- юз тараф” деган маъносида ишлатилади. “Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши” деганда, етти важҳ, яъни кўриниш деган маъно тушунилади.

Уламолар жумҳури Усмоний мусҳафнинг расми етти ҳарфни кўтарадиган шаклда ёзилган деган фикрга мойил бўладилар. Қози Абу Бакр ибн Тоййиб Боқиллоний ушбу фикрни ихтиёр қилиб шундай дейди:

“Саҳиҳ гап шуки, дарҳақиқат ушбу “етти ҳарф” дан тарқалган ва зоҳир бўлган, имомлар у зотдан забт қилишган. Усмон ва саҳобалар “етти ҳарф” ни мусҳафда собит қилганлар ва унинг саҳиҳлиги хабарини берганлар. Мутавотир даражада собит бўлмаганларини эса тушириб қолдирганлар ”.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан биридир. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.

Аввало Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Қолаверса, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканлигини ўша ҳадиси шарифлардан тушуниб олишимиз мумкин. Бунинг устига, “етти ҳарф”дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам мазкур ҳадиси шарифлардан билиб олиш мушкул. Табийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсалар ҳақида яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига суяниб, ўзаро муомала қилганлар.

Шу ўринда “ўзлари тушунган бўлсалар яхши, аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди?”, деган савол туғулади. Ўзлари учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишини ким ўйлабди дейсиз. Бундан ҳам муҳими, улар бунга ўхшаш оддий нарсаларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари эришган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги баҳсларга вақтлари ҳам хоҳишлари ҳам йўқ эди. Хофиз абу Хотим ибн Ҳиббон Бустий: “Одамлар бу масалада ўттиз беш хил фикр айтишган”, дейди.

Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Итқон фи улумил Қуръан” номли китобларида бу масалада қирқ хил фикр борлигини билдирганлар. Лекин бу фикрларнинг аксарини саҳиҳ нақл ҳамда соғлом мантиқ қўллаб-қувватламайди. Бу хусусидаги хато “етти ҳарф” нинг маъносини узил-кесил тайин қилишни хоҳлаш оқибатида келиб чиққан. Бироқ ибн Аъробий айтганидек етти ҳарфнинг маъноси хусусида матн ҳам, асар ҳам келмаган. Кишиларнинг ихтилофи уни тайин қилишдадир.

Шу ерда Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Чунки, бизда ҳам баъзи бир кишилар худди шу гапларни гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.

“Етти ҳарф” дан мурод нима эканини баён қилмоқчи бўлганлар ўзларича тирли фикрларни айтганлар. Ана шу фикрлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.  

Бу фикрни олға сурганлар ўша араб лаҳжаларини санаб ҳам ўтадилар. Баъзилар уларни қуйидаги лаҳжалардан иборат, дейишади:

1.​Қурайш;
2.​Ҳузайл;
3.​Тамим;
4.​Азд;
5.​Рабиъа;
6.​Ҳавозин;
7.​Саъд ибн Бакр.

Бошқалари эса аввалгиларга хилоф равишда қуйидаги лаҳжаларни санаб ўтадилар:

1.​Ҳузайл;
2.​Кинона;
3.​Қайс;
4.​Зобба;
5.​Таййимур-Рибоб;
6.​Асад ибн Ҳузайма;
7.​Музор.

Аммо Қуръони каримда ушбу зикр қилиб ўтилган қабилалардан бошқаларнинг ҳам лаҳжалари бордир. Уларнинг барчаси Қурайш луғатида ўз аксини топган. Абу Бакр Воситий ўзининг “Ал- Иршад фил-қироатил-арш” китобида бу лаҳжаларни қирқтагача етказган.

Кўплаб уламолар “етти ҳарф” дан мурод арабларнинг етти лаҳжасидир, деган гап мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаганлар. Аввало, қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганлиги ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳишом ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу билан ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар ва у зот Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини айтадилар. Ҳолбуки, ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Ҳишом ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одам эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганида, улар ихтилоф қилмас эдилар.

1.​Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг  учун ҳам Ислом оламида етти ҳил қироат тарқалган.

Халил ибн Аҳмаддан ҳикоя қилинганидек, “Етти ҳарфдан мурод қироатлардир”, деган фикр, хусусан бу гапни айтувчи машҳур етти қироатни назарда тутаётган бўлса, шубҳасиз, бу энг заиф фикрдир .

Бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап. Сабаби етти қироат деган сўз кейинги даврларда пайдо бўлган. Нубувватдан кейинги даврларда қироатлар кўп бўлган. Кейинчалик  уломолар  қироатлар ичидан энг машҳурларини танлаб, етти қироатни ихтиёр қилганлар.  

2.​Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши муайян ададни тақозо қилмайди. Арабларда “етти” сўзи гоҳида чекланмаган ададга нисбатан ишлатилади.

Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда  айнан олти билан саккиз орасидаги етти адади хусусидадир. Баъзилар “еттидан  мурод ҳақиқий адад эмас, балки осонлаштириш, енгиллаштириш  ҳамда кенгликдир. Етти сўзи бирликларда “етти”, ўнликларда “етмиш”, юзликларда “етти юз” шаклида мутлақ кўпликни ифода қилиш учун ишлатилади” дейдилар. Суютий матнларга суяниб, бу сўзни кучли тарзда рад қилган.

Демак, “етти” лафзидан кўплик эмас, балки аксар уламолар тушунганларидек, аниқ сон мақсад қилинган.

Ибн Ҳиббон айтганидек, "Етти – кўпчиликнинг наздида аниқ ададдаги сондир".

Қуръони карим хусусидаги “етти ҳарф”дан мурод “етти илмдир”.

Баъзилар “Қуръони карим етти ҳарфда нозил қилинган, дегани унда етти катта илм баён қилинганидир”, дейишади. Улар ўзларича мазкур етти илм қуйидагилардан иборат эканини айтганлар:

1.​Илмул-иншаъ вал-ийжад (мавжудотнинг пайдо қилиниши, яратилишига доир илм);
2.​Илмут-тавҳид ват-танзиҳ (Аллоҳ таолонинг тавҳиди танзиҳига доир илм);
3.​Илму сифатиз-зат (Аллоҳ таолонинг Зотига доир илм);
4.​Илму сифатил-феъл (Аллоҳ таолонинг ишларига доир илм);
5.​Илму сифатил-афву вал-азаб (Аллоҳ таолонинг кечируви ва азобига доир илм);
6. Илмул-ҳашр вал-ҳисаб (қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга доир илм);
7.​Илмун-нубувва (пайғамбарлик ҳақидаги илм).

Бу албатта, ҳадиси шарифни ўзларича чуқур, ботиний тарзда тафсир қилишларидир. Аллоҳ таоло бу маънода ҳеч қандай далил нозил қилмаган.

3.​ Бошқа бир тоифанинг фикрига кўра “етти ҳарф”- дан мурод қуйидаги етти нарсадир:

1.​Мутлақ ва муқайяд;
2.​Ом ва хос;
3.​Насс ва муаввал;
4.​Носих ва мансух;
5.​Мужмал ва муфассар;
6.​Истисно;
7.​Унинг қисмлари.

Албатта, бу гап ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжатга асосланмай, хаёлдан айтилган гапдан бошқа нарса эмас. Мазкур истилоҳлар усули фиқҳ атамалари бўлиб, тафсилоти усули фиқҳ китобларида келади.    

4. ​“Етти ҳарф”- дан мурод  бир ҳадисда зикри келган  етти нарсадир:

Бундай фикр эгалари “етти ҳарфни” тушунтириб,очиб беришда заиф ҳадисга суянадилар. Ибн Масъуд  розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарадилар.  

У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аввалги китоб бир эшикдан бир важҳда нозил қилинган эди. Қуръон эса етти эшикдан етти ҳарфда нозил қилинди: зожир,омир, ҳалол, ҳаром, муҳкам, муташобиҳ, амсол. Ҳалолни ҳалол денг, ҳаромни ҳаром денг, масаллардан ибрат олинг, муташобиҳларига иймон келтиринг,ва “Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир”, денг!”.

Юқоридаги ҳадисдан шундай ҳулоса келиб чиқади Қуръони каримнинг  “етти ҳарфда” нозил бўлиши унинг ичида қуйидаги етти нарсанинг борлигидир:  

1.Зожир- зажр қилувчи, яъни қайтариқлар борлиги.
2.Омир- амр қилувчи оятлар борлиги.
3.Ҳалол- ҳалолни баён қилувчи оятлар борлиги.
4.Ҳаром- ҳаромни баён қилувчи оятлар борлиги.
5.Муҳкам- маъноси бошқасига ўҳшамаган очиқ-ойдин оятлар борлиги.
6.Муташобиҳ- маъноси бошқасига ўхшаш, тушуниш учун уриниш керак бўладиган оятлар борлиги.
7.Амсол- масаллар, ибратли қиссалар борлиги.

Ибн Абдулбарр: “Аҳли илмлар наздида ушбу ҳадис собит эмасдир, бу ҳадиснинг заифлигига ижмоъ қилинган”, деган.

5. “Етти ҳарф”- дан мурод   маънолари бир ҳил, лафзлари ҳар хил бўлган етти кўринишдир.

Масалан:

أقبِل, هَلُمَّ, تعال “олдинла”, “бу ёққа”, “кел”;

“عجِّل, أسرع “шошил”, “тезла”;

 “أنظر, أِّخِّر, أمهل” “шошма”, “кечик”, “вақт бер ”.

Бу ерда бир сўзнинг маъносини англатиш учун бошқа сўзлар ишлатилмоқда. Шу ва бошқа маълумотларни синчиклаб ўрганган мутахасис уламоларимиз, Қуръони каримнинг  етти ҳарфда нозил бўлиши Қуръони каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган етти тур,  хилма-хилликдир, дедилар.

Рустам Нишонов