Инсонларга тўғри йўлни аниқ қилиб кўрсатиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деган Пайғамбаримиз Саллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловатлар бўлсин.
Мазҳаб сўзи аслида арабча “Заҳаба” феъли сўзидан олинган бўлиб йўл, йўналиш деган маънони билдиради. Истилоҳда эса аҳли суннати вал жамоанинг тўрт имомларининг фиқҳий мазҳаблари тушунилади.
Фиқҳий мазҳаблар 4 га, ақидавий мазҳаблар 2 га бўлинади. Бунда Абу Мансур Мотуридийнинг “Мотурудия” ва Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Ашъария” мазҳаби киради.
Баъзи инсонлар ўртасида фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам учраб туради. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади.Улар мазҳабга эргашишни айб ва нуқсон деб билиб, фиқҳий мазҳаббошиларга тил теккизишгача етиб борадилар. Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий мазҳабсизликка чақирувчиларни. Исломдаги энг хатарли бидъат, деб биладилар. У киши мазҳабсизликни динсизликка олиб борувчи қўприк деб атайдилар.
Уламоларимиз, фиқҳий мазҳаблар имомлари ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:
Бу дунёдан яхши яшаб, ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қурьон ва Суннат ўша чуққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса, ушбулардан фойдаланиб чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қуйиб кетган кишилар. Мазҳабни инкор қилувчилар тоғнинг тагига келиб қулланмани олиб, ўзига янги йўл топиб, чўққига чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Бунинг учун камида мазҳаббошининг илми билан унинг илми тенг бўлиши керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: «Албатта» мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукмлари мана шулардир.
Мазҳабларнинг тўтган йўллларига эса оятдаги ,,манашу менинг тўғри йўлимдир,, деган жойи тўғри келади.
Диндан фақат ўзиниг дунёвий мақсадлари учун фойдаланишни истаган ёки Қурьон оятлари ва суннатга қўр-кўрона амал қилиб улардан кўзланган ҳақиқий маънони бошқа тарафга бўриб, Ислом уламоларининг йўлини тарк этган киши бетаҳқиқ ўзига ўзи зулм қилган кишидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ одамларга бирор нарсада зулм (ноҳақлик) қилмайди. Лекин одамлар ўзларига зулм қиладилар, деб марҳамат этган. Бизнинг юртимизда Имоми Аъзам, яъни Ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Шунинг учун ҳар бир инсон ушбу мазҳабга амал қилиб ибодатларини бажарса тўғри йўлдан адашмайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни мазҳабга амал қиладиган мўмин бандалардан қилсин.
Зафар Яҳёев,
Ургут туман “Мирзо Улуғбек” жоми масжиди имом-хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати