Бир киши шайхнинг ҳузурига бориб: «Эй шайх, нега мен доим яхшилик қилиб юрадиган кишилардан ўзимга нисбатан ёлғон ва хиёнатни кўраман», деб сўради.
Шайх саволга жавоб бермади.
Савол берувчи: «Нега мен, доим яхши кўриб, ихлос қиладиган инсонларимдан жафо, бевафолик кўраман», деб сўради.
Шайх бу саволга ҳам индамади.
Савол берувчи: «Нега яхши кўрганларим, яқинларим вафот этиб, фақат душманларим қолди», деди.
Шайх бу саволга ҳам жавоб бермади.
Савол берувчи яна сўзида давом этиб: «Нега мен бу дунёда ёлғизлик ва ғарибликни ҳис қилиб яшайман», деди.
Шайх бу гал ҳам индамади.
Савол берувчи: «Нега одамлар мен ҳақимда яхши гумонда бўлмайдилар», деб сўради.
Шайх яна сукут қилди.
Савол берувчи: «Нега мен ишонган, сўзини тасдиқлаган инсонларим менга ёлғон гапиришади, меҳр кўрсатганларим менга қўполлик қилишади, бағримга босганларим мени тарк этишади», деб сўради.
Шайх бу саволга ҳам лом-мим демади.
Савол берувчи: «Нега инсонларга яхшилик қўлини узатсам, улар менга ёмонлик қўлини чўзиб, муҳаббатимни муҳаббат билан эмас, фужур билан қабул қиладилар», деди-да, йиғлай бошлади.
Шунда шайх қўлини ўша одамнинг юраги устига қўйиб: «Эй биродарим, Аллоҳ таоло сени бу қадар яхши кўришининг сабабини била олмадим. Аллоҳ таоло сабр ва эҳсон соҳибларини муҳсинлар деб мақтаган. Эҳтимол сен, ана ўша тоифадандирсан. Билиб қўй, эй биродарим, сен менинг олдимга Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидан шикоят қилиш учун келдинг», деди.
Савол берувчи бироз жим бўлиб қолди-да, шайхга: «Ҳазрат, қўлингизни қалбим устига қўйиб, ислоҳ ўқини отган эдингиз, мўлжалга аниқ тегди ва оқибатда тузалиш йўлини кўрсатдингиз».
Эй дўстим, одамларнинг сизга бераётган озорларидан маҳзун бўлманг. Аллоҳ таоло сизни эҳсон аҳлидан қилиб қўйган, аммо сиз буни сезмаётган бўлишингиз мумкин. Унутманг, эҳсон мақомига фақатгина қалби поклар эришади.
Эй Аллоҳ, устимиздан сабр тўккин, мусибатлар пайтида савоб умидида таслим бўлиш мақомини бергин ва бизни муҳсинлардан айлагин.
Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ