Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида шу кунларда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ишчи гуруҳ аъзолари орасида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳам бор.
Ишчи гуруҳ аъзолари Инчон шаҳридаги саноат зонасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширётган юртдошларимиз, иш берувчилар билан учрашиб, уларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганди.
Шунингдек, юртдошларимиз билан мулоқот давомида уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик бўйича тавсиялар берилди.
Сафар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.