Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

01.01.2021 й. Азиз умрнинг қадрига етайлик!

28.12.2021   7577   13 min.
01.01.2021 й. Азиз умрнинг қадрига етайлик!

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رب العالمين، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ محمد الأمين وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

АЗИЗ УМРНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК!

Муҳтарам азизлар! Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир.

Динимиз манбаларида инсон умрининг қадри баландлигига ишоралар жуда кўп. Хусусан, ояти карималарда инсоннинг болалик, ёшлик, қарилик даврларини тасвирланиб, бу даврлар тезда ўтиб кетиши баён қилинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ

فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا

яъни:(Эй, Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир(Каҳф сураси 45-оят).

Ушбу ояти каримада инсон умрининг баҳори – ёшлик даври ва кузи – кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда.

Инсон ҳаётидаги асосий ғоя – имон-эътиқод билан солиҳ ҳаёт кечириш, ўзгаларга имкон борича наф келтириш ва яхши из қолдиришдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

 الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا

яъни: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси 2-оят).

Ушбу ояти каримада ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.

Бўш вақтни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

نِعْمَتانِ مغبونٌ فيهمَا كثيرٌ منَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ والفَراغُ

 (رواه الإمام البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما)

яъни: “Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривоятлари).

Яна бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган:

اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،

وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ

(رَوَاهُ الإمام الْحَاكِمُ عَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)

яъни:  “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг: кексалигингиздан олдин ёшлигингизни, касаллигингиздан олдин саломатлигингизни, камбағаллигингиздан олдин бойлигингизни, машғуллигингиздан олдин бўшлигингизни, ўлимингиздан олдин ҳаётингизни” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун фойдаланган киши нақадар бахтлидир! Аммо соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш учун сарфлаган одам нақадар зиёнкордир!”.

Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مِنْ حُسْنِ إِسْلاَمِ الْمَرْءِ: تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيْهِ

(رواه الإمام الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Кишининг намунали мусулмон бўлиши – фойдасиз нарсаларни тарк қилиши билан бўлади” (Имом Темизий ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифни Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ шарҳлаб бундай деганлар: “Бу ҳадисга амал қилиш – Исломнинг учдан бирига амал қилиш ҳисобланади” (“Танвийрул ҳаволик” китоби).

Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ вақтни қадрига етиш ҳақида қуйидаги ибораларни айтганлар:

"يَا ابْنَ آدَمْ، إنَّمَا أَنْتَ أَيَّامٌ، كُلَّمَا ذَهَبَ يَوْمٌ ذَهَبَ بَعْضُكَ"

яъни: “Эй одам боласи! Сен маълум кунлардан иборатсан. Қачон бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетди деганидир”.

Азизлар! Умримиз чекланган экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етсак, вақт ҳамиша бизнинг фойдамизга ишлайди.

Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ: عَنْ عُمْرِهِ: فِيْمَ أَفْنَاهُ؟ وَعَنْ شَبَابِهِ: فِيْمَ أَبْلاَهُ؟ وَعَنْ مَالِهِ: مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَهُ؟ وَفِيْمَ أَنْفَقَهُ؟ وَعَنْ عِلْمِه: مَاذَا عَمِلَ فِيْهِ؟

(رواه الإمام الترمذي عن معاذ بن جبل رضي الله عنه)

яъни: “Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча, унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).

Демак, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади.

Бугунги кунда баъзи каттаю-кичикнинг вақти, умри бекорга исроф бўлаётган майдон – ижтимоий тармоқлардир. Баъзи ёшу катта телеграм, фейсбук, инстаграм, ютуб ва тик-ток каби ижтимоий тармоқларда кунига соатлаб вақтларини сарфламоқда. Яхшиликка, хайрли мақсадлар, билим олиш ё билим тарқатиш йўлида фойдаланаётганларга офарин деймиз, лекин аксарият вақтда кўнгилочар ўйинлар, бемаъни расм ва видеоларни кўриб, умрини шамолга совурадиганлар ўз оёғига болта урган кишидан фарқи йўқ. Гуноҳни пулга сотиб олган бўлади, холос. Чунки бекорга сарф бўлган вақтдан муҳим ишларга сарфланганда эди, қанчалик фойда бўларди. Ҳатто кечаси билан бедор бўлиб, ўйин ўйнаб чиқадиганлар шуни ўрнига ухлаб дам олгани фойдалироқ бўлади. Ундан кўра ҳар бир ёш ўзининг олдига катта мақсадлар қўйиб, дунё-охирати учун фойдали илм ўрганиши, бирор касбни пухта эгаллаши, тил ўрганиши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам яхшироқдир.

Умрни бекорга совуришнинг яна бир кўриниши, баъзи ёшлар ўртасидаги чойхона (гап)ларнинг ҳаддан ташқари кўплигидир. Ҳатто баъзиларнинг ҳар куни чойхонаси бор. Бу, ҳар куни катта эҳтимол билан 2-3 соат вақт бекорга сарф бўлади, дегани. Ўзаро суҳбатда фойдали мавзулар кўтарилса, яхшиликка тарғиб, ёмонликдан қайтариш бўлса, майли. Лекин аксар ҳолатда бекорчи ва ғийбат гаплар бўладиган чойхоналар қалбни қорайтиришдан бошқасига ярамайди. Умр –исроф, пул – исроф, вақт – исроф! Агар улфатлар ҳар куни шунча вақтни фарзанд тарбиясига ажратса, қанчалик яхши натижа берган бўларди?! Эртага ўзимизни айбимиз билан фарзандлар ноқобил бўлиб чиқса, айбни ўзгалардан излаб юрамиз, Аллоҳ сақласин!

Муҳтарам азизлар! Вақтимиз етарли бўлган пайтда китобхонликни йўлга қўйиш жуда фойдалидир. Ўзимиз бу ишда ўрнак бўлиб, фарзандларимизни қизиқтирайлик. Фарзандларимизнинг бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш биз, ота-оналар, зиммамизда эканини доимо ёдда тутишимиз керак!

Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларидаги баъзи мисоллар билан танишсак, мақсадга мувофиқ бўлади:

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?” – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?” – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан”, – деб  жавоб бердилар”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:

"مَا نَدِمْتُ عَلَى شَيْءٍ نَدَمِي عَلَى يَوْمٍ غَرَبَتْ فِيْهِ شَمْسُهُ، نَقَصَ فِيْهِ أَجَلِيْ، وَلَمْ يَزْدَدْ فِيْهِ عَمَلِيْ"

яъни:  “Қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим”.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.

– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари (40 йил) давомида 500 та китоб ёзганлар.

– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бир кунда 12 000 (ўн икки минг) марта, Холид ибн Марвон эса 100 000 (юз минг) марта тасбеҳ айтар эдилар.

– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари давомида 1 500 (бир ярим минг) китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзларидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр!

Ислом уламоларидан бири фақат нонни ивитиб ер эди. Сабаби сўралса, “шундай қилсам, камроқ вақт сарфлайман”, деганлар.

Мусулмон бўлмасада ўрнак олишимиз мумкин бўлган дунёга таниқли бир миллиардер доим беш-олтита бир хил кўйлак, бир хил шим олар экан. Нега, деб сўралса, “кийим танлашга вақтим кетмасин”, дер экан. Яна бири эса ҳеч боғичли пойабзал олмас экан, нега, дейилса, “ипини ўтказишга вақтим кетмасин”, деб жавоб бераркан. Аслида биз, мусулмонлар, вақтнинг қадрига етишга ҳақлироқмиз, чунки динимиз умрни фойдали ишларга сарфлашга қаттиқ тарғиб қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз вақтдан унумли фойдаланиб, умримизни ибодатлар, ҳалол касб-кор, илм-маърифат, зикру тасбиҳ, савобли ишлар ва ватанимиз равнақи учун сарфлашимиз керак бўлади.

Муҳтарам азизлар! Ҳозирги кунда айрим кимсалар баъзи заиф ҳадисларда келган “жавроб” иборасини “пайпоқ” деб таржима қилиб, таҳоратда пайпоққа масҳ тортиш мумкин дея одамларни чалғитмоқдалар. Аслида ҳадиси шарифда зикр қилинган жавроб бошқа ва яқин пайтларда пайдо бўлган пайпоқ бошқа эканини англаш учун ортиқча ақл ёки билим керак эмас.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб, хулоса қилинса, жавробжундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган, энг камида ости теридан бўлган нарса экани маълум бўлади.

 Мўътабар фиқҳий манба “Иноя шарҳул Ҳидоя” китобида шундай дейилади:

“Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил кўринишда бўлади:

- Агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қўйилган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.

- Теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барчалари иттифоқ қилганлар.

- Теридан бўлмаган, лекин қалин жавроб бўлса, Имом Аъзам наздида масҳ тортиш дуруст эмас”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча фақиҳлар ва мужтаҳидлар сув сизиб ўтадиган, оёқда ўзини тутиб тура олмайдиган, яъни боғичсиз тушиб кетадиган, юқорида айтилган 6 км масофагача кийиб юрилса, йиртилиб кетадиган пайпоқлар ва пойабзалга масҳ тортиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Агар кимдир ҳозирги юпқа пайпоқларга масҳ тортаётган бўлса, Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари ҳамда Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига кўра унинг таҳорати дуруст бўлмайди.

Аллоҳ таоло умримизга файзу барака берсин! Вақтимизни доимо дунё ва охиратимиз, динимиз ва халқимиз учун фойдали ишлар билан ўтказишни насиб айласин! Омин! 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Илмли ёшлар – юрт келажагиҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

10.01.2025   833   8 min.
Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. 

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«‎Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг ‎хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: ‎‎«Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй ‎бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ‎нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот ‎бергин», деб айтди‎», деган (11-оят).

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни ‎‎(мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан ‎пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда ‎китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан ‎бўлди» (12-оят).

Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!

Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?

Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.

– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.

Мақолалар