Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кўп йиллар диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилган таниқли уламо Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида уламо хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Тадбир доирасида Юсуфхон тўра ҳазратларининг яқинлари ва ҳамкасблари иштирокида мазмунли давра суҳбати ташкил этилди. Унда уламонинг қизлари — Рокияхон Ҳасанбоева, Адибахон Нишонова, Кифояхон Узоқова, келини Муаззампошша Шокирова ҳамда ҳамкасби Зарифа Қосимова иштирок этдилар.
Суҳбат давомида талаба қизларга Шайх ҳазратларининг Диний бошқармадаги кўп йиллик самарали меҳнати, ота сифатида фарзандларига кўрсатган меҳри, аёл-қизларнинг илм олишига бўлган юксак эътибори ва замон талабларига мос тарбия беришдаги қатъияти каби фазилатлари ҳақида сўзлаб берилди.
«Шайх Юсуфхон тўра Шокиров нафақат йирик олим, балки қизларининг жамиятда ўз ўрнини топиши ва илмли бўлишига катта аҳамият берган фазилатли ота эдилар», — дея таъкидладилар.
Тадбирлар доирасида устоз ва талабалар томонидан алоҳида тайёргарлик кўрилиб, эумладан, Шайх Юсуфхон тўра Шокиров ҳаёти ва фаолиятига оид махсус видеоролик, инфографикалар ва тақдимот материаллари намойиш этилди.
Бу каби тадбирлар келажакда диний ва замонавий илмларни пухта эгаллашга интилаётган талаба қизлар учун юксак ибрат ва маънавий озуқа бўлиб хизмат қилади.
З. Комилжонова,
«Хадичаи Кубро» таълим муассасаси маънавий-маърифий ишлар
бўйича директор ўринбосари