Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Аллоҳ бузғунчиликни севмас

26.12.2020   7590   4 min.
Аллоҳ бузғунчиликни севмас

Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, ўз манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда бузғунчи тоифалардан огоҳлагнтириб шундай марҳамат қилади:

«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11-12).

«Биз ислоҳотчилармиз» дея иддао қилаётган бундай оқимлар ўзларининг қарашлари ва амалиётига қўшилмаганларни «адашганлар»га чиқармоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар замарида жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш ва ички парокандаликни келтириб чиқариш мақсади мавжудлигини англаш қийин эмас, балки уларнинг асл мақсади ҳам айнан шудир! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 60 оятида: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!»,  деган хитобига эътибор қаратадиган бўлсак, Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида: «Аллоҳ тартиб ўрнатилгандан кейинги ҳар қандай бузғунчи ва вайронакорликни унинг катта ё кичиклигидан қатъи назар, ҳаром қилди», деб, таъкидлаб келтирадилар.

Экстремистик оқимлар ўзларининг манфур ниятлари ва амалиётларини оқлаш мақсадида муқаддас ислом номи билан турли «фатволар» бериб келмоқда. Масалан, улар бунинг учун мутлақо асоси бўлмаган воқеани ўзларига далил қилиб олишган. Унга кўра, гўёки, Тоифга қоронғуда ҳужум қилинган, оқибатда аёллар ва ёш болалар ҳам ҳалок бўлган, саҳобалар бунинг ҳукмини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўраганларида «Сизларнинг мақсадингиз мушриклар эди, қоронғуда ажратиш мураккаб бўлгани боис улар ҳам мушриклардандир» деган сохта ҳадисни асос қилиб, жамоат транспорт воситалари (автобус, поезд ва самолёт)ни олиб қочиш ва бегуноҳ одамларни гаровга олиш мумкинлигини уқтиришмоқда. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Дарҳақиқат, сиздан олдингиларни ўзаро қон тўкишга ва тақиқланган ишларни мумкин деб олишларига уларнинг динда чуқур кетишлари сабаб бўлди», дейдилар.

Афсуски, динда чуқур кетиш оқибати ислом уламоларининг кўрсатмаларини инкор қилишдан тап тортмайдиган, диний бирлик, ақидавий якдиллика очиқдан-очиқ таҳдид туғдирувчи, ўзаро низоларга кўмилиб кетган гуруҳларнинг пайдо бўлишига ғоявий замин яратмоқда. Аллоҳ бузғунчиликни севмаслигини, бундай ҳаракатлар ислом дини таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони каримнинг «...Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай» (Юнус, 81), оятидан ҳам кўришимиз мумкин.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (хорижийлар ҳақида огоҳлантириб): «Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зарарига юради», - дедилар».

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Кимки раҳмли бўлмаса, у раҳм қилинишдан маҳрумдир».

Бузғунчилик ишларини дин номидан амалга ошириб, ўзларининг мудҳиш қилмишлари ва жиноятлари билан ном қозонган хорижийларнинг «Ҳукм фақат Аллоҳникидир», деган даъволарига қарши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинибди», деганлари эса, бугунги кундаги бузғунчи тоифаларнинг қилмишларига ва унинг асоси ҳамда оқибатларига ҳам кучли раддиядир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Мўмин яхши ишлар қилса ҳам, Аллоҳдан қўрқиб туради, мунофиқ эса ёмон иш қилиб туриб, хотиржам юради», деганлари ҳам мўмин-мусулмонларга, инсониятга бесабаб зарар ва зулм қилиш кишининг ким экани ҳақида хулоса беради.

Имом Ғаззолий ҳазратлари эса: «мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир», деб таъкидлайдилар.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда ҳам ҳар бир шахс таассубдан узоқ бўлиши, бузғунчилик ва вайронкор ғоялардан огоҳ бўлиши, Ислом дини ақидаларини яхши билиши, уларга амал қилиши ва улар асосида маънавий ҳимояланиши ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Акмалхон Аҳмедов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

11.08.2026   1995   1 min.
Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
 

"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди
Ўзбекистон янгиликлари