Нуриддин Абулҳасан Али ибн Султонмуҳаммад ҳанафий қироат илмида моҳир, зукко ва замонасининг етук олими бўлган. У киши Ислом оламида Мулла Алийюл Қори номи билан танилган. Алломанинг туғилган йили тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Баъзи манбаларда темурийлар ҳукмронлиги даврида милодий XV асрда яшаб ижод қилгани қайд этилган[1].
Ҳанафий мазҳабининг забардаст олими Мулла Али қори Ҳиротда илм таҳсилини бошлаб, Қуръони каримни тўла ёд олади. Шайх Муҳиддин ибн Ҳофиз Зайниддин у кишининг илк устози. Алломанинг талабалик йиллари темурийлар салтанати гуллаб-яшнаган даврга тўғри келган. У замонасининг таниқли олимларидан илм ўрганиб, фақиҳ бўлиб етишади. Сафавийлардан Шоҳ Исмоил ибн Ҳайдар ҳукмронлиги пайтида кўпчилик уламолар каби Мулла Али Қори ҳам чорасизликдан мамлакатни тарк этади. Ҳижрий 952 йили Макка шаҳридан қўним топади. Бу эмин шаҳарда аллома яна илмга шўнғийди.
Шайх Шаҳобиддин Абул Аббос Маккий (ҳижрий 973 йили туғилган), Шайх Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик шофиъий Мисрий, Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа ҳанафий Мисрий (ҳижрий 981 йили туғилган) ва Шайх Абу Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ҳанафий Маккий каби олимлар унга устозлик қилишган.
Тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида ном қозонган Сулаймон ибн Сайфиддин Жоний, Шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад шофиъий Маккий, қози Абдурраҳмон ибн Исо ҳанафий Маккий, Шайх Муҳаммад Абу Абдуллоҳ Муқаллиб (вафоти 1061 ҳижрийда) Саййид Муҳаммад Ҳусайний Балхий каби алломалар у зотнинг шогирдларидир.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий “Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари” номли рисоласида: “Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Алийюл Қори ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади. Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий эса “ат-Таъликус Сабиҳ” асарида уни: "Улуғ муҳаддис, ақли ўткир, фозил, замонасида тенгсиз, асрининг танҳо олими", дея таърифлайди. Замондош ва маслакдошлари у зотни "Хақиқатлар султони, нодир фиқхий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими" деб тан олишган.
Аллома саксондан ортиқ китоб ёзган. Баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва кўлланма бўлиб келмокда. Олимнинг «Анварул Қуръон фи асрорул Фурқон (Фурқон сирларида Қуръон нурлари)», «Ан-насиҳу вал-мансуҳу минал ҳадис (Ҳадисларнинг насх ва мансухлари)», «Адиллату мўътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили)», «ал-Асмарул жанийяту фи асмаил ҳанафия (Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар)», «ал-Аҳадисуд қудсияту арбаъиния (Қирқ қудсий ҳадис)», «ал-Адаб фи ражаб (Ражаб ойи одоблари)» ва «Манакибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи (Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари)» каби китоблари машҳурдир.
Аллома мазҳабимиз фиқҳий масалаларига доир кўплаб рисолалар ҳам ёзган. «Рисала-ту фи ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш туғрисида рисола)», «Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи)» шулар жумласидан.
Аллома ўндан ортиқ китобларга шарҳ ёзган. «Шарҳи Саҳиҳи Муслим (Имом Муслим "Саҳиҳ"ининг шарҳи)», «Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми («Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи» китобига шарҳ)», «Шарҳу ал-Фиқҳил акбар ("Фиқҳул акбар"нинг шарҳи)», «Шарҳу «Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифанинг "Муснад"ига шарҳ)», «Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний (Марғинонийнинг "Ҳидоя"сига шарҳ)», «Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Хидоя ("Ҳидоя" масалаларидаги "Викоя"га шарҳ)» ва «Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ («Миш-катул Масобиҳ»ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар)» каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.
Мазҳабимизнинг буюк алломаси Мулла Али Қори Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз каби алломаларнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Олим илм ва ибодатда собитқадам ва мўътадил бўлган.
Манбаларда у зотнинг моҳир ҳаттот бўлганлиги ҳам айтилади. Аллома мискин ва муҳтожларга кўп ёрдам берган, ҳалол ризқ истаб, таржима ишлари билан шуғулланган[2]. Аллома асарларини таржима қилган кишилар айтишича, у зот ҳар йили бир марта чиройли хат билан Мусҳафни тўлиғича кўчириб, тушган пулни рўзғорга ишлатар экан. Шайх Абдулҳалим Нўъмоний «ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида: "Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди", деб ёзади.
Ҳазрат Мулла Али Қори ҳанафий ҳижрий 1014 йили шаввол ойининг 14 куни Макка шаҳрида вафот этади. Баъзи ривоятларда алломанинг Макка ҳудудидаги «Муаллат» деган жойга дафн килингани айтилади.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] “Хуласатул асар”. 3-ж., 185-б.; “Саматун нужум”. 4-ж.,393-б.
[2] “Мирқотул Мафотиҳ”. Байрут, 1971. 1-ж., 27-б.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.
Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.
“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.
Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.
Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.
Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.
Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.
“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.
Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси