Нафснинг бу иллатига учраган инсон фақат ўзи тўғри деб ҳисоблаган тахмин ҳамда хулосалари асосида Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқларини бажаришдан қоча бошлайди.
Муолажа услуби
Бу балодан қутилишнинг ягона йўли – илм эгаллаш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир” (Нисо сураси, 59-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).
Бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким илм талабида йулга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Илмдан бир бобни ўрганиб бирор мусулмонга ўргатишим мен учун бутун дунёни Аллоҳни йўлида садақа қилишимдан яхшироқдир”, деганлар.
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Кечаси бир соат илм ўқиш кечаси ибодат қилиб чиқишдан кўра Аллоҳга суюклироқдир”.
Аллоҳнинг каломи Қуръони карим – илм манбаи. Унинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Қуръоннинг ҳар бир оятида яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача инсониятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади. Уни ўрганишдан олимлар чарчамайди, такрорлашдан маънолари эскирмайди, илҳом ва ҳайратга сабаб бўлаверади.
Қуръон оятларини эшитиш, инсу жин, бутун борлиқнинг қалбини ларзага келтиради. Жинлар илк бор Қуръони каримнинг оятларини тинглаганларида бундай дедилар: «Улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, ҳақиқатан, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқловчи, Ҳақ (Дин)га, тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга чақирувчи (Муҳаммад даъвати)ни қабул қилинглар, унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади, сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват этувчини қабул қилмаса, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутилувчи эмас. Унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).
Қуръонга амал қилганлар ажр-мукофотлар оладилар, унга мувофиқ қарор қилганлар хато қилмайди, унга чақирувчилар энг тўғри йўлга чорлайдилар.
Зуннун ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ислом динини илм билан зийнатлади”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ