Шу йил 6 февраль куни Фарғона вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва имом-ноиблари билан учрашув ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Музаффар Камолов ва Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан соҳа мутасадди вакиллари юртимизда диний-маърифий соҳада бўлаётган хайрли ишлар, мўмин-мусулмон халқимизнинг илму маърифатини юкслатириш, ибодатларини эмин-эркин адо этиши учун муносиб шароит яратиш, келгусида диний соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш давомида имом-хатиблар билан бирга имом-ноибларнинг ҳам муайян вазифалари борлиги, ўз ишига ихлос ва садоқат билан ёндашишда диний соҳа ходимлари бошқаларга намуна бўлиши лозимлиги, яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш, масжидлардаги қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор бериш лозимлиги қайд этилди.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати