Аллоҳ таоло: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар...», деди (Нур сураси, 30- оят).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Назар солиш шайтоннинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ азза ва жалла унга қалбида ҳаловатини топадиган иймон беради», дедилар» (Имом Ҳоким ривоят қилган).
1. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбни гуноҳкорлик алами ва азобидан сақлайди.
2. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбда тақвони кўпайтиради.
3. Кўзни ҳаромдан сақлаш кўзларни ва юзни мунаввар қилади.
4. Кўзни ҳаромдан сақлаш илм йўлларини онсонлаштиради, қалбдаги нур воситасида ҳақдан ботилни ажрата олади.
5. Кўзларни ҳаромдан сақлаш қалбга қувват, собитлик ва шажоат беради. Қўрқишга лойиқ бўлган Зот фақат Аллоҳ эканлиги ҳиссини кучайтиради.
6. Ҳаромга қарамаслик шаҳватга асир бўлишдан асрайди ва қалбга ёруғлик, сурур бағишлайди.
7. Кўзларни ҳаромдан сақлаш жаҳаннам эшикларидан бирини ёпади ва банданинг Аллоҳга дўст бўлиш даражасини кўтаради.
8. Ҳаромга қарамаслик ақлни қувватлантиради. Амалларнинг оқибатини ўйламаслик эса ақлнинг заифлашишига олиб келади.
9. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбни ғафлат ботқоғидан сақлайди. Ҳаромга қараш банда билан жаннат ўртасида парда ҳосил қилади.
10. Кўзни ҳаромдан Аллоҳнинг амрига итоат қилиш нияти билан сақласа, банда бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улуғ саодатга эришади.
11. Ҳаромдан кўзни сақлаш заҳарли ўқнинг қалбга қадалишига ва шайтоннинг қалбга киришига тўсқинлик қилади.
12. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбга жаннатга олиб борувчи амаллар билан машғул бўлиш истагини беради...
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати