Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш ва халқимизга танитиш мақсадида,“Энг ноёб қўлёзма асарлар” номли янги рукн остида кутилмаган нодир топилмалар тўғрисида ажойиб мақолалар ва фотолавҳалар эълон қилинади.
Юртимизда энг бой қўлёзмалар жамланган бўлиб, уларнинг бир қисми Диний идора кутубхона-музейида сақланади. Қўлёзмалар фонди алоҳида бўлимлардан ташкил топган бўлиб, уларда араб, форс-тожик, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 3 мингдан зиёд қўлёзма, 9 мингдан ортиқ тошбосма ва 9 мингдан кўп янги нашр китоблар мавжуд.
Кутубхона-музейи мутахассислари қадимий қўлёзмалар ва бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш борасида янги изланишларни бошлаб юбордилар.
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ва ихтисослашган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўлёзма манбалар билан ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз. Шунингдек, қўлёзма асарларни тадқиқотчи ва битирувчи талабалар диссертация мавзуси сифатида илмий муомалага киритиш энг фойдали ва муҳим иш эканини алоҳида таъкидлаймиз.
Илк тадқиқот манбаси
Дастлабки ўрганадиган қўлёзма манбаимиз – Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхона-музейида 1490-инвентар рақами билан сақланаётган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг ربيع الأبرار و نصوص الأخبار - “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”) қўлёзма асаридир.
Муаллиф тўғрисида
“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” асари муаллифи Абул-Қосим Маҳмуд ибн Амр аз-Замахшарий – Ўрта Осиёлик аллома, араб тилшунослиги ва грамматикаси асосчиси, хаттот, араб-форс-туркий луғатларнинг муаллифидир.
У милодий 1075 йил 18 мартда, ҳижрий 467 йил Ражаб ойининг 27 куни Хоразмнинг қадимги Замахшар қишлоғида туғилиб, бошланғич сабоқни отасидан олганлар. Илм-фанни чуқур ўрганиш мақсадида Бухорода бир қанча муддат Хоразмшоҳлар даврида ижод билан машғул бўлади.
Отаси саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва кўп вақтини Қуръони карим тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшар қишлоғидаги бир масжидда имомлик ҳам қилган.
Аз-Замахшарий Марв, Нишопур, Исфаҳон, Сурия, Боғдод, Ҳижоз ва икки марта Макка шаҳрида бўлган. Қаерда бўлишидан қатъи назар, араб тили луғати ва грамматикасини, маҳаллий аҳоли шевалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганишни давом эттирган.
Аллома кўп асарларини Макка шаҳрида ёзади. У ерда у “Аллоҳнинг қўшниси”, “Бутун дунё ўқитувчиси”, “Барча араблар ва бошқа халқларнинг устози”, “Хоразмнинг шон-шарафи” каби унвонларга сазовор бўлган.
Аз-Замахшарий мантиқ, грамматика, дин, луғатлар, адабиёт, педагогика, тарих ва жўғрофияга оид 60 дан ортиқ асарлар ёзиб, илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшади. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бугунги кунда «ал-Кашшоф» қўлёзмасининг 100 дан ортиқ нусхаси ва унга ёзилган 20 дан ортиқ шарҳлари дунё фондларида сақланмоқда.
Маҳмудаз-Замахшарий 538 ҳижрий йилда вафот этган.
Қўлёзма асар ҳақида
Китобнинг номи “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” бўлиб, унда борлиқ ҳодисаларининг ҳикматлари ҳамда дин ва дунё одоблари баён этилган. Шунингдек, асарда адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган.
Унинг ёзилган санаси ҳозирча номаълум. Китоб яхши сақланган, муқоваси қоғоз картон, орқа жилди эса матодан қилинган. Саҳифаларнинг ҳолати бутун, лекин тешилган ва йиртилган жойлари бор.
Асар 5 та бўлимдан иборат бўлиб, 98 та бобни ўз ичига олади (баъзи олимлар эса “92 бобдан ташкил топган” ҳам дейишган). Ўлчами бўйи 26,5 см. 17,5 см. 5,5 см.саҳифаларсони 403 та. Насх хатида ёзилган. Бу китобнинг қўлёзма нусхаси дунёда кам топилади. Тошбосма нусхаси Байрут шаҳрида 1991-1992 йиллар (1412-1413 ҳижрий)да нашр қилинган.
Бу асарнинг нодир қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг асосий фондида ҳам 2384-инвентар рақами остида сақланади. Шунингдек, Голландиянинг Лейден шаҳри ва Германиянинг Берлин шаҳри кутубхоналарида ҳам ушбу асарнинг қўлёзмалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира, Табриз ва Бағдод шаҳарларида форс тилига таржима қилинган, тўрт жилдли нусхалари ҳам мавжуд.
Асардан лавҳалар:
Умар ибн Абдулазиз айтган эканлар. Ҳеч ким менга тобеин Товус ибн Кайсончалик яхши насиҳат қилмаган эди. Товус ибн Кайсон менга шундай ёзадики, агар ёрдам сўрайдиган бўлсанг, хайр аҳлидан ёрдам сўрагин! Шунда амалингни барчаси хайр бўлади. Ёмон кишилардан ёрдам сўрамагин! Агар улардан ёрдам сўрасанг ишингни барчаси ёмонликка бўлади.
* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади қайси бир банда биродарини Аллоҳ учун зиёрат қилса, унга осмондан нидо қилувчи фаришта шундай дейди: “Қандай ҳам яхши қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, жаннатдан бир жой тайёрладинг”.
* * *
Тил қулоқ билан қалб ўртасидаги адолатдир. Қуръонни қулоғингиз эшитадиган ва қалбингиз тушунадиган қилиб ўқинг.
Қўлёзма мундарижаси
Қайд этганимиздек,китоб 5 жуз, 98 бобдан ташкил топган бўлиб, бир-биридан ажойиб ва қизиқарли бобларни ўз ичига олган. Айрим боблар мазмунини қуйида баён этамиз:
1-боб дунё ва охиратни эслаш тўғрисида;
2-боб осмонлар, юлдузлар, арш ва курсий ҳақида;
3-боббулутлар, ёмғир, қор, момақалдироқ, чақмоқ, ёғингарчиликка оид;
4-боб ҳаво, шамол,иссиқ ва совуқ кунлар ҳамда соя-салқин ҳақида;
16-боб мукофот, жазо,эваз ва улушга оид;
17-боб нодонлик, нуқсон, хато, бузиш, ўзгартириш ва шунга ўхшаш нарсаларга бағишланган;
18-боб телбалик, аҳмоқлик, ғафлат, хафалик шошқалоқлик ва сабрсизлик, фойдасиз нарсалар ва ўйинлар билан овора бўлишга доир;
19-боб сукут қилдирувчи жавоблар, сўз билан жароҳат етказиш, тан олиш ва юз ўгириш, таъна, шубҳа, қайсарлик ва жанжалкашлик тўғрисида;
20-боб жиноят, гуноҳва уларга оид чора ва жазоларҳамда узрлар, гуноҳларни тарк этиш ва тавба ҳақида;
33-боб сафар, сайр қилиш, айрилиш ва жўнаш, манзилга етиш, видолашув, узоқда бўлиш, яқин бўлиш, кетиш-келиш ва шу кабилар оид;
34-бобёшлик ва йигитлик, кексалик ва шунга ўхшаш мавзуларга бағишланган;
35-боб ватанга муҳаббат ва уни соғиниш, аҳли оила ва қадрдонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишга доир;
60-боб илм, ҳикмат, одоб, китоб, қалам ва шуларга тегишли нарсалар тўғрисида;
62-боб хиёнат, ўғрилик, алдов, қотиллик, чақимчилик, туҳмат ва сирларни ошкор қилиш ҳақида;
78-боб мол-дунё, касб, тижорат, нифоқ қимматчилик ва арзончилик, савдодаги ёлғон, тўлов ва божлар, бойлик ва фақирлик каби мавзуларга оид;
80-бобҳазиллашиш, кулишнинг жоиз ўринлари ва мазаҳ қилишдан қайтариш кабиларга бағишланган.
Хулоса
“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар ривояти ва фикрлар баёни”) асарида ҳар бир замон ва макон учун муҳим бўлган масалалар баён этилганини инобатга олган ҳолда илмий изланувчилар, мустақил тадқиқотчилар ва талаба ёшларга мазкур ноёб асарни кенг тадқиқ этиш ва халқимизга етказишнитавсия этамиз.
Мурожаат учун:
Телефон: +998 71 240 08 31
Телеграм: https://t.me/MuzeyKutubxonaBOT
Электрон почта: muzeykutubxona@mail.ru
Муҳаммадносир АБДУВОСИЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
музей-кутубхонаси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх Абу Ғудданинг биргина китобни узоқ излаб, ниҳоят, Маккаи мукарраммада Тошкентлик шайхдан топганлари хусусида ажиб ҳикоя
Шайх раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳифалар» китобида ўзларининг ҳаётларидан бир лавҳани қуйидагича зикр этадилар: «Баъзан бирон китобга етишадиган бўлсам, Аллоҳ таоло учун фалон-фалон ракат намоз ўқийман деб назр қилар эдим. Бир китобни қўлга киритаман деб, қизиқ воқеани бошимдан кечирганман. Уни шу ўринда келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:
«Қоҳирадаги ал-Азҳар университетининг шариат факультетида ўқиб юрган пайтларимда доимо шайхимиз, аллома имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларида бўлардим. У зот аллома Шайх Алий Қорининг «Фатҳу бобил иноя бишарҳи китобин ниқоя» китобини олишни тавсия қилдилар. Фойдали, нодир, дурдона китобларни қўлга киритишга ишқибоз эканимлигимни билганликлари сабаб, ўша китобни топишга бир неча бор жиддий тарзда қизиқтирган эдилар.
У китоб Ҳиндистонда чоп этилган бўлса керак, деб юрардим. Қоҳирада олти йил яшаган бўлсам, то ўқишни тугатгунимча ўша китобни излаб юрдим.
Топилиши мумкин деб фараз қилган барча кутубхоналаримдан сўраб-суриштирдим, лекин у ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмадим. Ўз юртимга қайтганимда ҳам Ҳалабнинг қайси шаҳрини зиёрат қилмай ёки қайси кутубхонасига кирмай, ўша китобни излашда давом этардим.
Мен китоб Ҳиндистонда чоп этилган деб ўйлаганим ва у ҳанафий фиқҳи борасида ёзилгани боис, шояд мақсадимга эришсам деб, китобфурушлардан Ҳиндистонда чоп этилган ҳанафий мазҳабига оид барча фиқҳий китоблар ҳақида суриштирар эдим. Лекин улар бу китобнинг ҳатто номини ҳам билишмас эди. Дамашқдаги қадимги дурдона китоблардан хабардор бўлган эски китобфурушлар бор эди. Уларда жуда кўплаб қадимги ва қимматбаҳо китоблар бўлса-да, уларни сотиш масаласида жуда ҳам қаттиқ туришар ва анчагина қиммат нарх белгилашарди.
Улар Саййид Иззат Қусайботий ва унинг отаси, шунингдек, Шайх Ҳамдий Сафаржалоний ва Саййид Аҳмад Убайдлар эди. Бир куни Саййид Иззат Қусайботийдан Ҳиндистонда чоп этилган «Фатҳул бобил иноя...» китоби ҳақида сўрасам, ул зот китоб унда борлигини айтди ва Имом Айнийнинг 1293 ҳижрий йилда Ҳиндистонда чоп этилган жуда катта – олти мужалладдан иборат «Ал- Биноя би шарҳи Ҳидоя» китобини олиб чиқди. Ушбу китоб ҳам мен излаб юрган қимматбаҳо, нодир китоблардан эди, аммо мен у зотдан сўраган китоб эмасди.
Шунинг учун бу китобни унча қиммат бўлмаган нархда сотиб олдим. Кейин мен Шайх Ҳамдий Сафаржалоний раҳимаҳуллоҳдан қидириб юрган китобим ҳақида сўрадим. Билсам, китоб Россияда, Қозонда чоп этилган экан. Айтишларича, китоб қизил гугуртдан ҳам нодирроқ экан. У киши умри давомида қанча-қанча китоблар билан шуғулланган бўлса-да, ўша китобдан фақат бир нусхаси қўлига тушгани ва уни аллома Имом Кавсарийга ақл бовар қилмайдиган даражада қиммат нархга сотиб юборганини айтди.
Китоб чоп этилган жойни аниқ билиб олган бўлсамда, унга етишишга бўлган умидим сусайди. Аллоҳ таоло мени 1376/1957 йилда биринчи маротаба Байтуллоҳни ҳаж қилишга муваффақ қилганида Маккаи мукаррамага кириб, китоб босилган ўлкалардан Аллоҳнинг муборак шаҳрига кўчиб келган кишилардан биронтаси ўзи билан ўша китобни олиб келгандир, деган умидда Маккадаги кутубхоналардан китобни суриштира бошладим, лекин топа олмадим. Аллоҳ таолонинг инояти билан Маккаи мукаррамадаги бозорлардан бирида одамлардан чеккароқдаги бир эски китобфурушнинг олдига бориб қолдим.
У зот шайх Мустафо ибн Муҳаммад Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ экан. У зотдан бир неча китоблар сотиб олдим. Сўнг ноумид бўлган ҳолда ҳалиги китоб ҳақида сўрасам, бир ҳафтача олдин менда бор эди, деб қолди. Китобни бухоролик олимлардан бирининг меросидан сотиб олган экан. Бир неча кун олдин уни асли бухоролик Тошкент уламоларидан бирига қиммат нархга сотиб юборган экан. Ишонқирамай турган эдим у ўша китобни менга сифатлай бошлади. Ҳақиқатдан ҳам ўша мен анчадан бери излаб юрган китоб эди. Шундан кейин китобни сотиб олган тошкентлик олим кимлигини сўрадим.
У зот ўйлаб туриб шайх Иноятуллоҳ Тошкандийнинг номини айтди. Ундан ўша шайхнинг яшайдиган, ишлайдиган манзилини, уни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. У бу ҳақда билмаслигини айтди. Яна у киши ҳақида кимдан сўраб-суриштиришим мумкинлиги ҳақида сўраган эдим, буни ҳам билмаслигини айтди. Шундан сўнг ўша китобни қўлга киритиш ёки уни сотиб олган киши билан учрашишдан янада умидим узилди. Шундай бўлса-да, Масжидул Ҳарам ёки Макка бозорларида учратган барча бухоролик кишилардан шайх Иноятуллоҳ ҳақида суриштириб юравердим. Бухороликлар бор деб айтилган ҳеч қайси мадраса ёки карвонсарой қолмади, ҳаммасидан ўша шайхни суриштириб чиқдим. Ҳатто Макка ташқарисидаги маҳаллаларгача бордим. Чунки айримлар у ерда ҳам бухороликлар бор дейишганди.
Лекин излаётган одамим билан учрашиш қаёқда дейсиз? Ахир Маккаи мукаррамада Иноятуллоҳ исмли қанчадан-қанча бухороликлар бордир. Тўхтовсиз сўраб-суриштиришлар мени шайх Абдулқодир Тошкандий Бухорий Саотийнинг ҳузурига олиб борди. У зот Макка атрофидаги Жарвал маҳалласида истиқомат қилар экан. У зотдан шайх Тошкандий ҳақида сўраган эдим, шайхни таниди ва менга унинг асл исмини айтди. Исми шайх Мир Иноят Тошкандий экан. Лекин у ҳам шайхнинг манзилини у билан учрашиш мумкин бўлган жойларни билмас экан.
Яна «Фатҳул бобил иноя...» китобини олган ўша шайх билан учрашишдан ноумид бўлиб қолдим. Орадан бир оз вақт ўтди. Бир куни Каъбаи муаззамани тавоф қилиб Аллоҳ таолодан мени ўша инсонга йўлиқтиришини ва ўша китобни қўлга киритишга муяссар этишини сўрадим. Ушбу дуо ва нолани би неча бор такрорлайвердим. Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу муддат ичида китоб ва унинг эгасини қидиравериб, фикру ҳаёлим паришон бўлиб қолган эди. Бу Аллоҳга аён.
Бир куни (масжид кенгайишидан олдин) Масжидул Ҳарам эшикларидан бири- «Бобу зиёда»нинг олдидаги бозорда айланиб юрсам, Абу Араб деган эски дамашқлик тижоратчи мени кўриб, кўринишим ва кийимларимдан шомликка ўхшатиб олдига чақирди. Шом ўлкаси ва Шом аҳолиси ҳақида сўради. Китобга бўлган иштиёқим кучлилигидан у кишидан биринчи бўлиб ҳалиги бухоролик шайх ҳақида сўрадим. У олдидаги дўконда ўша шайхнинг куёви савдо қилишини, шайхни ҳаммадан кўра у яхши билишини айтди. Бу гапларни эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдимки, қулоқларимга ишонмай қолдим.
Шундан сўнг мен туну кун у ерга қатнаб, охири у киши билан учрашишга муваффақ бўлдим. У зот китобни менга ўзлари истаган нархда арзонга сотдилар. Ўша кун умримда энг хурсанд бўлган онларимдан бири эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга ўша китобни биринчи жузини таҳқиқ қилиб, нашр қилишни насиб этди. Аллоҳ таолодан ўз фазли ва карами ила китобнинг қолган қисмларини ҳам нашр қилишга муваффақ бўлишини сўраб қоламан!».
Шайх Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг
«Саҳифалар» китобидан.