Мисрнинг 1875 йилдан буён нашр этилаётган “Ал-Аҳрам” (gate.ahram) газетасида Самарқанддаги буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси қайта қурилаётгани ва очилиш маросимига ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида мақола эълон қилинди.
Мақолада табаррук зиёратгоҳ, ислом олами учун қимматли манзил саналган Имом ал-Бухорий мажмуасида, қарийб, 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилаётгани, меҳмонхона, автомобиль турар жойи, бекат, ошхона, савдо расталари, таҳоратхона қурилаётгани батафсил ёритилган.
Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар бўлими раҳбари Тоҳир Ибодуллаев “Яқин Шарқ” ахборот агентлигига маълум қилишича, мажмуада буюк аллома ҳадисларидан ҳикоя қилувчи йирик музей барпо этиляпти. Мутахассис ушбу марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом Абу ал-Мансур ал-Мотурудий каби мўътабар мусулмон уламолари меросини ўрганиш эканлигига тўхталиб, ислом илми ривожига улкан ҳисса қўшган олимлар хазинасидан бутун дунё аҳли баҳраманд бўлиши лозимлигини таъкидлади. Муаллиф мажмуада Ал-Азҳар университети олимлари бошчилигида дунёнинг барча давлатларидан машҳур мутахассислар иштирокида халқаро конференция ва илмий маърузалар ташкил этиш режалаштирилганига ҳам эътибор қаратган.
Қўлёзмалар бўлими томонидан “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ўзбек тилида нашр этиш жараёни ниҳоясига етказилиб, яна 100 га яқин китоб араб тилидан ўзбекчага ўгирилган.
– Ҳозир дунёнинг барча кутубхоналаридан “Саҳиҳ ал-Бухорий” қўлёзмалари тўпланяпти, – дейди Т.Ибодуллаев. – Ҳар ой Марказ ва Ал-Азҳар олимлари ўртасида ташкил этиладиган онлайн маърузада Имом ал-Бухорий маркази уламоларининг саволларига жавоб бериляпти. Дастур доирасида тажриба алмашиш мақсадида марказнинг ўзбекистонлик тадқиқотчиси жорий йил Ал-Азҳар Аш-Шарифга ташриф буюрди ва Имом ал-Бухорий маркази томонидан нашр этилган асар тақдимотида иштирок этди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ