Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: ҲАЁСИЗ ЛИБОСЛАР ЗАРАРИ

9.12.2020   3176   17 min.
Оилада фарзанд тарбияси: ҲАЁСИЗ ЛИБОСЛАР ЗАРАРИ

Фарзандни эрта жинсий қизиқишлардан сақлаш

Муборак динимизнинг таълимотлари яна бир муҳим тарбияни ота-онанинг вазифаларидан қилиб белгилаган. Бу юксак масъулият фарзандларни инсон хулқини ихтиёрсиз бузадиган, жинсий мойиллик ва рағбат уйғотадиган ҳар бир нарса ва ҳолатлардан сақлашдир. Бу жараён бола тўққиз ёшдан то вояга етгунгача бўлган муддатни ўз ичига олади.

Таълим-тарбия олимлари фикрича, бу инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич. Агар ота-она фарзанднинг бу борадаги тарбиясини ўз вақтида тўғри йўлга қўйса ва ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олса, бу катта ютуқ. Чунки соғлом жамият тараққиёти ва равнақи учун фазилатли, одобли, юксак маънавиятли ва тарбияли фарзанд вояга етади.

Шу боис динимиз ҳар бир ота-она ва мураббийга фарзандларнинг жинсий қизиқишлари эрта уйғонишидан эҳтиёт чораларини кўришга буюради.

Аллоҳ таоло бундай дейди: «...аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!..» (Нур, 31).    

Имом ибн Касир Нур сурасининг ушбу оятини бундай тафсир қилади: “Гўдак аёлларнинг турли ҳолатларини билмайди. Уларнинг авратларини, нозик овозларини, нозланиб юришларини фаҳмламайди. Агар бола ёш бўлиб, буларни тушунмаса, унда аёллар ҳузурига киришида зарар йўқ”.

Бу оят тафсиридан ҳулоса шу: агар бола аёлларнинг ҳолатларини ва авратларини фаҳмламайдиган даражада жуда ёш бўлса, уларнинг ёнларида ўтириши ва ҳузурларига кириб-чиқиб юришида зарар бўлмайди. Аммо фарзанд тўққиз ёшдан ошган бўлса, бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди. Чунки бола бу ёшда ҳар бир кўринишни онгли равишда идрок қилади. Ушбу чегара ёшидан сўнг ҳам унга бу борада изн сўраш одоби буюрилмаса, баъзи ноқулай ва таъсирчан манзаралар гувоҳи бўлади. Натижада бола ғалати бир ҳолга тушиб, ахлоқи бузилиши ҳам мумкин. Бу эса, табиий, болада жинсий мойиллик жуда эрта уйғонишига олиб келади. Ҳаёт тажрибалари кўрсатишича, бундай ҳолга тушиб қолган фарзанднинг бутун фикри-зикри беихтиёр шундай ўй-хаёллар атрофида бўлади. Бунинг оқибатида илмга бўлган иштиёқи кескин пасайиб, ўзи бажарадиган кундалик ишларига бепарво бўлади.

Фарзандининг бу каби ғалати, ажабтовур ҳолатини  кеч бўлса-да, сезиб, вазиятни англаган ота-она учун энди унинг тарбия жараёни бироз оғир кечади. Муҳим паллада эътиборсизлик қилган ота-она энди бу иллатни юқтириб олган фарзандининг тарбиясига жуда жиддий эътибор бериши талаб этилади. Акс ҳолда, нечоғли оғир бўлса-да, айтиб ўтиш керак, шармандали ҳолат рўй бериши мумкин. Афсус, ўғил-қизлар ўртасидаги аянчли ва шармсиз воқеаларнинг барҳам топмаётгани фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор берилмаётгани оқибатидир.

Баъзи кишилар: “Биз болага ушбу тарбияни бермасак-да, қинғир ишларга қўл ураётгани йўқ”, деб фикр билдириши мумкин. Тўғри, бундай салбий ишларни амалга оширмаса, нур устига нур. Аммо бу ҳол “Ушбу тарбия билан шуғулланмаса ҳам бўлади”, деган фикрни илгари сурмайди. Чунки фарзанд вояга етиб, маълум ёшга киргач, бирон олийгоҳга кириб ўқиш ёки иш туфайли ота-она назоратидан бироз бўлса-да узоқлашади. Ана шу маҳалда, ёшлигида бу тарбиядан мосуво бўлиб ўсган, боз устига ота-она назоратисиз қолган фарзандда ушбу иллат бўй чўзиб қолиши, шунда у  турли хил бузуқликлар таъсирига тушиб, ҳаёсиз ишлар қилиши мумкин.

Фарзандининг қилаётган ҳар бир ишидан батафсил хабардор бўлиб турибман, деб қайси бир ота-она кафолат бера олади? Ёки фарзанд улғайгач, унинг учун хоҳ яхши, хоҳ ёмон эшиклар барчаси очиқми? Ёхуд ота-она вазифаси шулар билан ниҳоясига етдими? Йўқ, асло. Ваҳоланки, айни палла, ўзларидан андоза олган фарзандни жамият учун қай даражада тўғри тарбиялаб, тайёрлаб берганини кўрадиган пайт бўлади. Халқимизда нақл бор: “Яхши бўлса ейди ошини, ёмон бўлса ейди бошини”. Яхшилигидан раҳмат, ёмонлигидан лаънат ҳам бевосита ота-онага келади. Шу боис, ота-она ҳаёт экан, фарзандлар доим назоратга, панду насиҳатга муҳтожлигини унутмасинлар. Шунинг учун муҳтарам мураббий ва ота-оналар тарбиянинг ҳар бир жабҳасида оқсамасдан шижоат кўрсатишлари қатъий талаб этилади.

Ҳадиси шариф:

عن عبد الله بن عباس رضي الله عنهما قال: كان الفضل رديف رسول الله صلى الله عليه و سلم فجاءت امرأة من خثعم فجعل الفضل ينظر إليها وتنظر إليه وجعل النبي صلى الله عليه وسلم يصرف وجه الفضل إلى الشق الآخر. (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазл ибн Аббосни қурбонлик куни уловларининг орқасига ўтирғизиб олдилар. Фазл балоғат ёшига етиб қолган эди. Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаръий масала сўрагани Хасъам қабиласидан келган бир аёлга Фазл тикила бошлади. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фазлнинг иягидан ушлаб, юзини бошқа томонга бурдилар”.

Имом Термизий ривоятида:

وفي رواية الترمذي قال العباس يا رسول الله ! لم لويت عنق ابن عمك ؟ قال رأيت شابا وشابة فلم آمن الشيطان عليهما.

Ибн Аббос Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Нега амакингиз ўғлининг юзини бурдингиз?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ёш йигит ва қизни кўрдим, улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто 10–12 ёшли бола бўлган Фазлни бегона аёлга қарашдан қайтариб, юзини бурдилар. Бундан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) балоғат ёшига яқинлашаётган болаларнинг одоби яхши бўлиши ва фитна гирдобига тушиб қолишларидан сақлашга катта аҳамият берганларини билиш мумкин. Бу билан: “Улар фитнадан омон бўлишига ишонмадим”, дея қиёматга қадар давом этадиган барча умматларига жинсий мойиллик эрта уйғонишининг олдини олиш ниҳоятда муҳим тарбия эканидан сабоқ бердилар. Буни эса Набийнинг (алайҳиссалом) фарзандларни тўғри тарбиялашда олтин ўгитлари деб қабул қилишимиз, ҳаётимизда қўллашимиз зарур.

Бу тарбияни сингдириб боришда шарафли бурч соҳиблари ота-она қуйидаги икки масъулиятли назоратни сидқидил билан амалга оширишлари лозим. Биринчиси, оиладаги ички назорат, иккинчиси, атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш.

 

Оила назорати

Фарзанд яхши одобли, ота-онаси, оиласи, Ватани, дини ва халқига муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайиши учун оиладаги назорат жуда муҳимдир. Фарзанд вояга етиши жараёнидаги жинсий қизиқишга мойилликдан сақланишда  қуйидаги зарур жиҳатларга катта эътибор бериш лозим:

– ота-она ва опа-сингиллар хоналарига изн сўраб кириш одобига қатъий амал қилишни фарзандга ўргатиш;

– бола тўққиз ёшдан ошганида унга қўйиладиган тақиқларда мустаҳкам туриш. Бегона аёллар билан аралаштирмаслик, авратларга назар солишининг олдини олиш каби ишларга эътиборни кучайтириш;

– фарзанд ўн ёшдан ўтганида бир хонада ака-сингил ёки опа-ука бир жойда ётишининг олдини олиш. Ота-она бу ёшдаги фарзандларининг ётоқларини алоҳида қилиши керак;

– фарзандга уйда хоҳлаганча телевизор кўриши ёки компютер ўйнашига рухсат бериш яхши эмас. Бу орқали улар таъсирли манзара, ёшларига муносиб бўлмаган турли кўрсатувлар, ахлоқсиз томошаларнинг гувоҳи бўлиб, фикрлари, хулқлари бузилиши мумкин;

– ҳозирги вақтда фарзандларнинг кўпида турли суратларни томоша қилишга қизиқиш кучли. Табиий, бу рағбатлари ахлоқсиз кўриниш, ярим яланғоч суратларни ҳам кўришга олиб боради. Шунинг учун ўғил-қизларнинг тарбиясига эътиборсизлик ахлоқсизликка сабаб бўлади. Болаларнинг нарсалари турадиган жойларга доимо эътибор қаратиш зарур;

ўн ёшга кирган ва ундан катта болаларга қариндош ёки қўшни қизлар билан бирга турли баҳонада хилватда ўйнашга имкон бериш ҳам уларда эрта жинсий ўйғонишга сабаб бўлиши мумкин.

 

Атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш

Тарбияда ташқаридан бўладиган салбий таъсир энг катта хатардир. Чунки фарзандга оилада бу борадаги эркинликка йўл қўйилмагач, у ўз қизиқиш ва рағбатларини қондирадиган сабабларни ташқаридан излай бошлайди. Демак, ота-она фарзандининг ташқи ҳаётига ҳам катта эътибор қаратиши талаб этилади. Яъни, улар фарзанди мактаб ёки коллеждан кейин қаерга бориши, нима билан шуғулланашини назорат қилиш лозим. Ёхуд бола дўстлари билан суҳбатлашиши, бирга дарс қилиш мақсадида уйдан чиқиб бошқа ножўя ишлар билан шуғулланиши мумкин. Айниқса, ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларига урф бўлган турли йиғинлар баҳонасида фарзанд уйдан чиқиб, ота-она эътиборидан узоқлашишга ҳаракат қилади. Ана шу пайтда ихтиёрини ўзига қўйиш оқибатида, фарзанд турли бузуқ ишлар, ичиш, чекиш ва баъзи ҳаёсиз амалларга қўл уради. Оила тарбияси мукаммал бўлмаса, бунинг устига фарзанд тарбиясига хавф туғдирадиган атроф-муҳит таъсирига эътибор қаратилмаса, оқибати ёмон бўлади. Буни ҳисобга олмаган, эътибордан четда қолдирган айрим ота-оналар кўнгилсиз воқеа содир этилганидан кейин хатоларини англаб, надоматда қолади.

Шу боис, бу борада аҳамият бериш зарур бўлган муҳим жиҳатларни баён қиламиз:

 

Ахлоқсиз филмлар ва томошалар зарари

XXI асрнинг қудратли тўлқини – глобаллашув ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда ва ўз меваларини бермоқда. Электрон ахборот воситалари, интернет-кафелар, клублар ва бошқалар кўпайди. Катталар-ку, баҳарнав, ёш болалар ҳам ойнаи жаҳонда ҳаёсизларнинг қилиқларини кўриб, вояга етмасиданоқ бети қотиб улгуради. Бугун “ишқий” филм томоша қилади, эртага пинҳона жойларга бориб, кино кўради. Охир-оқибат гулдек йигит, ғунчадек қиз аввал инсонийлик қиёфасидан айрилади, кейин бошқа борлиғидан. Ота-она билмайдики, анча олдин – ўн яшар ўғилчаси, тўққиз яшар қизалоғи телевизорда ҳаёсиз томоша кўрганидаёқ бу фожиалар илдиз отган.

Инсоннинг маънан ожиз ва қалбан ғофил бўлиб қолишига энг катта сабаблардан бири ахлоқсиз филм ёки томошалардир.  Шаҳватни қўзғовчи ва жинсий қизиқишга тарғиб этувчи бу каби нарсалар фарзанднинг беғубор қалбини тамоман заҳарлаб қўяди. Илму маърифат сингиши лозим бўлган покиза қалбни ёввойи шаҳват ва ҳирс эгаллайди. Афсус, бу каби фаҳшга етакловчи ишлардан кимлардир бугун тирикчилик манбаи сифатида фойдаланмоқда.

Барчамизга маълум, тадбиркорларга етарлича шароитлар яратиб берилди. Баъзи тадбиркорларнинг бу имкониятлардан оқилона фойдаланмай, яхши мақсадлар учун ташкил этилган жойларда шармсиз филмлар намойиш этаётгани  ёки турли ҳаёсиз дисклар сотилаётгани ҳам маълум бўляпти.

Бундан ташқари, ёшлар турли тадбирлар баҳонасида бир жойга йиғилиб, сунъий йўлдош узатмаси орқали ҳаёсиз филм ва томошаларни кўраётгани қулоққа чалинади. Бу ҳам фарзандлар ахлоқи бузилишига катта таъсир кўрсатади.

 

Ҳаёсиз либослар зарари

Аёллар иффатли кийиниши ва ўзларини яхши тутиши лозим. Бу ниҳоятда катта масала. Аллоҳ аёл кишини хотин, она бўлиши учун гўзал, латофатли этиб яратган. Шунинг учун ҳам шариатда эркаклар учун ҳаром қилинган тилла, кумуш, ипак каби зийнат буюмлари аёлларга ҳалол қилинган. Лекин бу рухсат-ижозатлар номаҳрам эркакларнинг шаҳватини қўзғатиш, Аллоҳ берган ҳусну жамолларини кўча-кўйда кўз-кўз қилиб, гуноҳ ишларга манба бўлиш учун берилган эмас. Улар ўз жуфти ҳалоли ҳузурида, рухсат берилган жойларда бемалол зеби-зийнатли бўлиши мумкин, ҳатто лозим.

Баъзи аёллар номаҳрамлар эътиборини тортиш учун қўлидан келган-келмаган ясан-тусанни қилади, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам, тақинчоқ тақишга, янги кийим кийишга интилади. Уйда, эрлари ҳузурида эса бир аҳволда бўлиб юради. Бу ҳол кўплаб оилавий келишмовчиликларнинг сабабидир. Кўчада зеб-зийнатга бурканиб ўзини намойиш қилиб юрган аёлларни кўриб келган эркак уйида ўзига қарамайдиган хотинини кўриб, ғалати бўлиши табиий. Аслида эса тескариси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини эрига намойиш қилиши керак.

Охирги вақтда аёлларнинг таналарининг кўп жойини очиб юриши нафақат зинога, балки эркакларнинг жинсий заифлигига сабаб бўлаётганини мутахассислар ташвиш билан таъкидлашяпти. Шунингдек, баданни очиб юриш боис аёллар ҳам турли касалликларга чалинаётгани ҳақида хабарлар кўп.

Кўча-куйда ҳар бир кишининг кўзи тушадиган бундай шармсиз либослар, нафақат балоғат ёшига етган ва балоғат бўсағасидаги ёшларнинг, балки омманинг назарини чалғитиб, фитнага етаклайдиган воситадир. Айниқса, ҳар томонлама ривожланиб бораётган ўсмир ёшлар бундай фитнали кўриниш олдида ва номуссиз либослар қаршисида кўз-назарлари, ақлларини назорат эта олмайди. Ҳаёсиз манзаралардан кўзларини олиб қочишга журъати етмай, ожиз қолиши аниқ. Бунинг натижасида кучли истак ғалаён кўтара бошлайди. Бу ҳолат кўпинча нафс-истакларини жиловлай олмаган ўсмирларнинг хулқлари бузилишига сабаб бўлиб, ўй-хаёлларини ушбу ҳолат  буткул ўзига ром этади. Оқибатда илму ҳунар олишга рағбати сусайиб кетади.

Хўш, бу каби зарарли иллатлардан сақланиш учун, балоғат ёшига етган ёки балоғат ёши бўсағасидаги ёшлар нима чора қўлласин? Хўш, бу каби “дард”га қарши қандай курашиш, қандай чора қўллаш керак?

Бутун дунёни лол қолдирадиган, теран ақлли, моҳир инсонлар бўлиб вояга етиш учун, аждодларимиз каби машҳур кишилар бўлиб жаҳонга танилиш учун бугунги кунда барча шарт-шароитлар яратилиб берилмоқда. Келажагимиз бўлган ёшларимизни йўлдан оздирмоқчи, халқимизнинг мунаввар келажаги йўлига бу каби номуссиз ишлар ила халал бермоқчи бўлаётганларнинг асл мақсади нима? На диний, на миллий қадриятларга асло мос келмайдиган бундай ибосиз либосларни ким, нима мақсадда ўйлаб чиқиб, жорий қилмоқда?

Бунинг тарихига назар солсак, уларни ғараз ниятли кимсалардан ташкил топган гуруҳлар ўйлаб чиққан бўлиб, уларнинг қабиҳ мақсадлари барча ҳудудларда ҳар қандай тартиб-интизомни бузиш ва жамиятда гўзал одобларни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган. Бу билан улар ҳар бир юртдаги эркаклар заифлашиб, ушбу йўлга батамом муккаларидан кетганидан сўнг ҳокимиятга осонгина эга бўлишни ният қилишган.

Инсон нафси ҳиссиётга эргашувчи, ҳиссиёт эса нуқсонга олиб борувчидир. Ҳиссиётга ўта берилувчан аёллар нолойиқ либослар оқимига қараб жуда тез оқади. Бу эса ғаламислар ёвуз режаларининг амалга ошувини осонлаштиради. Иффат фазилатидан йироқ бўлганларга мўлжалланган бундай либослар асло чегара билмайди. Асли заифа ва ожиза қилиб яратилган аёллар ял-ял товланиб турган бу “гўзаллик” қаршисида ожиз қолади, маънан ғариб “гўзаллик” шайдолари дарҳол унинг асирига айланади. Бу тоифа аёлларнинг наздида бундай либосларни киймаслик гўёки “маданиятдан узилиш” ва “замондан ортда қолиш”дир. Бу “маданият”га ошуфта бўлган аксарият “замонавий”лар секин-аста, ўзлари билиб-билмаган ҳолда фитналар гирдобида қолиб, гуноҳлар уммонига шўнғиб бораверади. 

Баъзи аёллар мол-дунё тўплаш мақсадида ўзини кўз-кўз қилиб, қинғир йўлни танлайди. Кийим сабабли айрим оилаларда эр-хотин орасида жанжал ва тортишувлар келиб чиқади. Бу тортишув эса, аёлнинг эридан “янги чиққан мода”ни олиб беришини талаб қилиши билан бошланади. Натижада, кўпинча оилалардаги бу каби ҳолатлар ўзаро низога айланиб, эр-хотин ўртасига совуқчилик тушади. Оқибатда бу чиркин тушунча жамиятда ёлғиз аёлларнинг ва тирик етимларнинг сони ортиб боришига хизмат қилмоқда. Эътибор беринг, жуда оддий ҳолат бўлиб кўринган “маданиятли ва замонавий” очиқ либослар ортида кўз илғамас қанча ёмонлик, фисқу фужурлар турибди.

Балки ғарб аёллари бундай  шармсиз кийимларни фахр билан кийишар, аммо комил имонли, иболи ва ҳаёли аёл-қизларимиз зулмат зиндонига етакловчи бундай шармандаликни асло қабул қилишмайди. Чунки бундай либослар фитна-фасодни ва бузуқликни тарғиб этиб, ахлоқан тубанлик ва пасткашликка сабаб бўлади.

Ўз дини ва ўзлигига содиқ момоларнинг бебаҳо маънавиятини қадрлайдиган ва чеҳрасида ор-номус балқиб турган мўътабар аёл-қизлар эса, динимиз ва ўчмас анъаналаримизнинг олий-намунавий аҳлоқ чегарасидан чиқишни одобсизлик деб билишади. Тараққий этиб бораётган жамиятимиз ва келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимиз эгри йўллардан юришга ҳаё қилади. Ўзларининг хушсурат кўриниши ва ораста кийими, чиройли хулқи, ибо-ҳаёси билан эл меҳрини қозонади.

Муқаддас динимизда бу борадаги кўрсатмалар аниқ ва равшан баён этилган бўлиб, бунга ҳар бир фарзанд амал қилиши шарт. Аллоҳ таоло амр қилади:

وَمَا كَانَ لِمُؤۡمِنٖ وَلَا مُؤۡمِنَةٍ إِذَا قَضَى ٱللَّهُ وَرَسُولُهُۥٓ أَمۡرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ ٱلۡخِيَرَةُ مِنۡ أَمۡرِهِمۡۗ

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилганида – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир...» (Аҳзоб, 36).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Фарзанд тарбиясидаги уч услуб;

Турли хатарлардан огоҳ бўлиш;

Ижтимоий хатар;

Иқтисодий хатар;

Дину имонга хатар;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Истинжо фойдалари

21.11.2024   3793   3 min.
Истинжо фойдалари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик, шунда у зот сув ила истинжо қилар эдилар".

Ислом дини инсон ҳаётида керак бўладиган катта-кичик барча масалаларни ҳал қилган. Шариатнинг ҳар бир ҳолат бўйича қонун ва одоблари бор. Ана ўша одоблардан бири истинжодир. Истинжо деб, ҳожат чиқаргач, орқа ёки олд нажосат йўлини тош, кесак, сув ва шунга ўхшаш нарсалар билан поклашга айтилади. Аслида истинжо сув билан қилинади. Сувдан бошқа нарсалар фақат сув йўқ бўлган ҳолатлардагина ишлатилади.

Истинжо қилишнинг тиббий фойдалари жуда кўп. Замонавий илм кашф қилдики, қанд касаллиги билан оғриган бемор ҳожат чиқарганидан кейин яхшилаб истинжо қилмаса, танага теккан бавлни ювиб ташламаса, сийдик таркибидаги микроблар сийдик йўлига ўтиб яллиғланишни келтириб чиқаради. Бу нарса жинсий алоқа пайтида эрдан аёлга ўтади ва бачадон яллиғланишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида кейинчалик бепуштлик ҳам кузатилиши мумкин.

Истинжо инсонни турли паразит, қурт ва гижжалардан ҳам сақлайди. Кичик игсимон қуртлар орқа нажосат тешиги атрофида яшаб, тухум қўяди. Бу тухумлар аввал кийимга, кейин қўлга юқади ва яна ошқозонга тушиб айланиб юради. Агар доимий суратда истинжо қилиб юрилса, ҳожатхонадан чиққач, қўллар совунлаб ювилса, бундан ҳолатлар кузатилмайди.

Истинжо хавфли касалликлардан бўлмиш ич терлама, вирусли жигар вабоси каби касалликлардан ҳам сақлайди. 1963 йилда Англия шаҳарларининг бирида ич терлама тез суратда кўпаяди. Бу нарса шаҳарда вабо тарқалиш хавфини келтириб чиқаради. Тиббий идоралар аҳолига ҳожатдан чиққач истинжо қилишни шарт қилиб қўйишади ва бу шаҳарга инфекция тарқалиши олдини олишнинг энг яхши ва самарали чораси экани таъкидланади. Шаҳар аҳолиси ўша таълимотга амал қилишади, махсус қоғозлари билан кифояланмай, худди мусулмонлар каби истинжо қилишади. Бироз фурсат ўткач, ўша шаҳардан ич терлама касаллиги арийди .

Истинжони чап қўл ёрдамида қилишда ҳам катта ҳикмат бор. Зеро. Инсон ўнг қўли билан ўзгалар билан саломлашади, таом ейди ва бошқа ишларни амалга оширади. Истинжони чап қўлда қилиш билан микроблар кўпайиши олди олинади. Шу ўринда истинжодан кейин қўлни тупроқ билан артиш ёки совунлаб ювиш яхши эканини эслатиб ўтмоқчимиз.

Истибро ҳам тиббий нуқтаи назарда аҳамиятли иш. Сийдик йўлининг сийдикдан бутунлай фориғ бўлиши у ерда туз, жумладан, фасфат тузи йиғилиши олдини олади. Сийдик йўлида туз йиғилиши кейинчалик тошга айланиши мумкин.

Одилхон қори Юнусхон ўғли