Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2026   |   9 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:04
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2026, 9 Сафар, 1448

Асло чўчиманг, ислом – мўътадил дин!

26.11.2020   3270   8 min.
Асло чўчиманг, ислом – мўътадил дин!

Долзарб мавзу

Бугун, афсуски, айрим ғаламис кимсалар муқаддас динимизни ёмонотлиққа чиқариб, дунёнинг кўпгина давлатларида, хусусан, Ғарб мамлакатларида атайлаб “исломофобия” (яъни, одамларни Исломдан қўрқитиш, диндан бездириш)ни тарқатишга чиранишмоқда.

Қўли қонга ботган манфур, малъун, сотқин кимсалар “жиҳод” ниқоби остида дунёнинг арзимас матоҳига учиб, тинч аҳолининг ҳаловатини бузиш, одамлар ўртасида саросима уйғотиш мақсадида оломон орасида ўзини портлатаётиб “Аллоҳу акбар” дея ҳайқирмоқда. Дин душманлари қаерда қинғир иш қилмоқчи бўлишса, яна ўша улуғ калом – “Аллоҳу акбар” янграйди.

Табиийки, инсонпарвар, мўътадил, ўз номи билан тинчликни тарғиб қиладиган динимизнинг асл моҳиятидан бехабар кимсалар Исломдан чўчиб қолишмоқда. Бу масаланинг биринчи жиҳати.

Яна бир жиҳати шуки, айримлар (ҳатто аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган дитёрларда ҳам) атайлаб динимиз буйруқларини кишиларга машаққатли қилиб кўрсатишмоқда. Бу ҳам кишиларни, диндан юз ўгирмаса-да, лекин Ислом арконларини бажаришдан чўчитмоқда.

Хўш, аслида ҳам шундайми: баъзилар айтаётганидек, динимиз ростдан ҳам машаққатлими? Исломнинг арконларини бажариш шунчалик мушкулми?   

Ислом ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйиш ўртасидаги мўътадилликни тутган дин бўлиб, у энг тўғри йўл саналади. Қуръон ва суннатдаги шариат матнлари мўътадил йўлни тутишга буюрувчи ва ғулув номи билан тўғридан-тўғри муболағага берилиш ёки тажовуз, золимлик, адоват, муросасизлик ҳамда чуқур кетиш каби ғулувни ифода этувчи нарсалардан қайтарувчи умумий далиллар билан келган.

Келинг, мусулмонларнинг асосий манбаи бўлган Каломуллоҳга дмурожаат қилайлик. Зеро, илоҳий каломдан ошириб бир сўз дейиш башарият уддалайдиган иш эмас.

  1. Аллоҳ таоло айтади: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг» (Нисо сураси, 171-оят).
  2. Бошқа бир ояти каримада: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавойи нафларига эргашманг» (Моида сураси, 77-оят), деб марҳамат қилинган.

Ушбу икки оятда аҳли китобларни динда ғулув кетишдан қайтариқлар бордир. Қуръони каримда аҳли китобларга хитоб қилинган ҳар бир буйруқ ёки қайтариқларда бу уммат назарда тутилган бўлади. Чунки бу (Қуръон) билан аслида мусулмонларга хитоб қилинади. Агар Аллоҳ уларни ғулув кетишдан қайтарган бўлса, демак, биз, биринчи навбатда, ундан ман этилганмиз. Аҳли китоблар орасида ғулувга кетишнинг турли кўринишлари бор эди. Жумладан, баъзилар Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари ҳақида ғулувга кетишарди. Масалан,  насронийлар Исо ва унинг онаси, яҳудийлар эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишди. Улар ибодатда ғулув кетишди. Насронийлар эса Аллоҳ  бирор ҳужжат нозил қилмаган таркидунёчилик ва ундан бошқа ғулув кўринишларини ўйлаб топишди.

  Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматни  яҳудий ва насронийлар адашгани каби ғулувда уларга эргашишларидан хабар берганлар. Бу эса уммат орасида уларда бўлгани каби ғулувга кетиш содир бўлишини ифода этади. Уларни ғулувдан қайтариш воқеликда айнан бизга ҳам тегишлидир.

  1. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмас» (Моида сураси, 87-оят).
  2. Яна бир ояти каримада: «Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир» (Ҳуд сураси, 112-оят), дея амр этилган.

Ушбу икки оятда ғулув кетишдан қайтариқ бор. Чунки ҳаддан ошиш – шаръий чегарадан чиқиш демак. Бу эса ғулув маъносидадир, шунингдек, туғёнга кетиш ҳам ҳаддан ошишдир. Иккала оят мўътадиллик, васатийлик ва истиқоматга буюрмоқда, ғулув кетишдан қайтармоқда.

Шу билан бирга, муборак ҳадислар ҳам Ислом умматининг истиқоматда бўлиши учун муҳим маёқдир. 

  1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Ақаба кунининг тонгида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида турганча менга: “Отишим учун тош териб бер”, дедилар. Мен у зотга майда тошларни териб бердим. У зот: “Бу каби тошларни отинглар. Сиздан олдингиларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган”, дедилар (Имом Насоий ва Ибн Можа ривояти. Лафз Насоийники, санади саҳиҳ).

Ушбу ҳадис динда ғулув кетишдан қайтарувчи энг қатъий далилларидан биридир. Ҳадис шайтонга тош отишда тошлар борасида муболаға қилишдан қайтариш учун айтилган бўлса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни диннинг барча бобларида ғулув кетишдан қайтаришни ўз ичига олган умумий ибора билан баён қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан олдин ўтганларни динда ғулувга кетиб, ҳалок бўлганларини баён қилмоқдалар. Нуҳ қавмининг ҳалокати Аллоҳни қўйиб, солиҳларга ибодат қилишлари бўлди. Яҳудийларнинг ҳалокатига эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишлари сабаб бўлди. Улар ҳаддан ошиб, ҳатто пайғамбарларни қатл қилишди. Нозил қилинган китобларни бузиб талқин қилдилар. Насронийларнинг ҳалок бўлишига Исо ва унинг онаси Марям ҳақида ғулувга кетиш сабаб бўлди. Улар динга ундан бўлмаган ибодатларни янгилик қилиб киргизишди. Бу умматнинг ҳам энг кўп ҳалокатга дучор қилувчи омил ғулув ҳисобланади.

  1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч марта ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Абу Довуд ривоятида эса: “Огоҳ бўлинг! Ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар”, дедилар. Бу сўзни уч бор айтдилар. Имом Нававий: “Мутаъаннитлар –сўз ва амалларида чегарадан чиқиб, ҳаддидан ошадиганлардир”, деган.

Бу ҳадис юқоридаги “Сиздан олдингиларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган” ҳадисининг айнан маъноси бўлиб, уни янада таъкидлаб келмоқда. 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, дин енгилдир. Бирор киши динни қийинлаштирса, уни мағлуб қилади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
  2. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?” дедилар. Мен: “Албатта, мен ўшандоқ қилурман”, дедим. У зот: “Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳақи бор, аҳлингнинг ҳам ҳақи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухла ҳам”, дедилар».
  3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан, унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг”, дедилар».

Хулоса қилиб айтганда, динимиз, айримлар ўйлаганчалик, машаққат эмас. Исломнинг барча арконларини бемалол бажарса бўлади. Буларнинг ҳеч қийин жойи йўқ. Аслида динимиз осон. Лекин ўзимиз уни қийинлаштириб оламиз. Агар биз биргина Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган “Енгиллаштиринг, асло қийинлаштирманг, башорат беринг, асло нафратлантирманг”, ҳадисга риоя қилганимизда эди, бугун ваҳима қилинаётган “исломофобия” ҳам, “динимиздаги машаққатлар” ҳам ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институти тарихида илк магистрларга дипломлар топширилди

22.07.2026   4076   5 min.
Тошкент ислом институти тарихида илк магистрларга дипломлар топширилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мамлакатимиз диний-маърифий ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа — Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк магистрантларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда диний-маърифий соҳа олимлари ва уламолар, устозлар, битирувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори, таниқли олим Уйғун домла Ғафуров ҳамда бошқалар янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётганини таъкидлади.

махад2

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда диний таълим тизими янги босқичга кўтарилгани, кейинги йилларда мазкур соҳада мисли кўрилмаган натижаларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.

Хусусан, сўнгги йилларда учта олий ва битта ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди. 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди. Самарқанд шаҳрида Ҳадис илми мактаби, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги ўрта махсус таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги тўртта халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

махад3

Таъкидланганидек, Тошкент ислом институтининг 55 йиллик тарихида илк бор 2024 йилдан магистратура босқичи йўлга қўйилди. Айни пайтда институтда «Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти)» ҳамда «Теология (Ҳадис илмлари)» мутахассисликлари бўйича магистрантлар таҳсил олмоқда. Келгусида эса докторантура босқичини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Институтнинг илк 10 нафар магистранти ўқиш давомида илмий фаолиятда фаол қатнашиб, диссертация мавзулари доирасида жами 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттирди. Улар ақида, тафсир, фиқҳ ва ҳадис илмларига оид нуфузли манбалардан 53 та ижозага сазовор бўлишди.

махад 4

Шунингдек, магистрантлар маҳаллий ва халқаро илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, мамлакатимизда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишди.

Улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий амалиёт ўтаб, тадқиқот методологияси, манбашунослик ва ноёб қўлёзмалар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлади.

махад5

Маросимда битирувчиларнинг замонавий фанлар соҳасида ҳам салмоқли ютуқларга эришгани қайд этилди. Жумладан, бир нафар магистр Баҳрайндаги Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилотининг (AAOIFI) халқаро малака сертификати (CPSS) соҳиби бўлган бўлса, яна бир битирувчи 3D моделлаштириш ва анимация соҳасида малакали мутахассис сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, битирувчи магистрларнинг турли маърифий муассасалар, таълим даргоҳлари ва илмий-тадқиқот марказларига ишга қабул қилингани ҳам маълум қилинди.

м6

Қайд этилганидек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида илк магистрларнинг етишиб чиқиши мамлакатимиз диний таълим тизими тараққиётидаги муҳим тарихий воқеа бўлиб, келгусида соҳа учун юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга илмий-педагог кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида институт тарихида илк магистр сифатида ном қолдирган битирувчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

м7

Битирувчилар мамлакат раҳбарияти томонидан билдирилган юксак ишонч ва ғамхўрликка муносиб жавоб қайтаришга, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга ҳамда ислом маърифатини кенг тарғиб этишга бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини таъкидладилар.

— Мамлакатимизда диний-маърифий таълим тобора такомиллашиб бормоқда, — деди Тошкент ислом институти магистранти Гулчеҳра Сиддиқова. — Магистратурада олган билимларимиз ва илмий изланишларимиз самарасини Ватанимиз, халқимиз ва жамиятимиз равнақи йўлида сафарбар этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

м10


Диний таълим тизимида магистратура очилиши ва илк магистрларнинг битириши мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш, соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган салоҳиятли илмий-педагог кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, мазкур тарихий воқелик юртимизда маърифий Ислом ғояларини кенг тарғиб этиш ва бой илмий меросимизни жаҳон миқёсида ўрганиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари