Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

22.11.2020   5820   14 min.
АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

ВАЛИЙЛАР ВА КАРОМАТЛАР

«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин дўст» маъносини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради:

إِنَّ وَلِـِّۧيَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَۖ وَهُوَ يَتَوَلَّى ٱلصَّٰلِحِينَ١٩٦

«Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир» (196-оят).

Аллоҳ таоло Юнус сурасида:

أَلَآ إِنَّ أَوۡلِيَآءَ ٱللَّهِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٦٢

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).

Аллоҳнинг валий(дўст)ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг валий(дўст)лари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.

Ана шу бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси – дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар?

ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣

«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» (Юнус сураси, 63-оят).

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳ таолога дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳ таолога дўст бўлганларга эса:

لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ لَا تَبۡدِيلَ لِكَلِمَٰتِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِيمُ٦٤

«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир» (Юнус сураси, 64-оят).

Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.

Мазкур хушхабар Аллоҳ таолонинг сўзларидир.

«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир».

Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.

Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса, ўша таърифлар тақво ва ибодат, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатлар соҳиби бўлган валийнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.

Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар «Валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилган», деган фикрни олдинга суришган.

Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақда алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.

Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.

Масалан, Муҳйиддин ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар: «Хотамул авлиё анбиёлардан афзал бўлади», дейишгача етганлар.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида «Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг қуйидаги гапларини келтиради: «Шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг «Агар валийнинг ҳақиқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки унинг сифатлари ва белгилари У Зотнинг сифатларидандир», деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди».

Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.

Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи:

«Валий Аллоҳ таолони билувчи, Унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У Зотга ихлос ила ибодат қилувчидир», дейди.

Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.

Қуйида «Шарҳи Талхийси ақоиди Тоҳовия» китобидан ушбу масалага бағишланган жойини борича тақдим қиламиз:

 

ВАЛИЙ ҲЕЧ ҚАЧОН НАБИЙ
 МАРТАБАСИГА ЕТА ОЛМАЙДИ

«Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз».

Шарҳ: Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан қатъи назар, анбиё алайҳиссаломларнинг бирортасидан афзал бўла олмайди, деб эътиқод қиламиз. Агар ҳамма авлиёлар битта набий билан солиштирилса, набий улардан устин чиқади ва мартабаси юқори бўлади, деймиз.

Далил:

Муаллиф «Иттиҳод» мазҳабидагиларга (Банда кўп ибодати ила Аллоҳ билан бирлашиб кетади, деб эътиқод қилувчиларга) қилинган раддияга ишора қилмоқда. Шунингдек, сўфийларнинг жоҳилларига ҳам. Чунки улар баъзи авлиёларни баъзи бир анбиёлардан афзал, дейдилар (Аллоҳ асрасин).

Аммо ҳақиқий, истиқоматдаги сўфийлар (ахлоқ уламолари) ваҳий ва шариатга эргашишга буюрадилар.

Аллоҳ таоло халойиқнинг ҳаммасини, жумладан, авлиёларни ҳам пайғамбарларга эргашишга амр қилган. Аллоҳ таоло:

وَمَآ أَرۡسَلۡنَا مِن رَّسُولٍ إِلَّا لِيُطَاعَ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ

«Қайси бир расулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз», дейди (Нисо сураси, 64-оят).

Бошқа бир оятда эса:

قُلۡ إِن كُنتُمۡ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحۡبِبۡكُمُ ٱللَّهُ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡ ذُنُوبَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ٣١

«Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир». Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деган (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Бас, ким куфрни ботин тутиб (яъни ичида валийни набийдан афзал кўриб), Исломни зоҳир қилса (яъни тилида «Набий валийдан афзал», деса) ёки ўзининг куфрий ақийдасини Ислом ҳижоби ила беркитса, у зиндиқдир. Агар ўз ихтиёри ила қўлга тушмасдан олдин тавба қилсагина, тавбаси қабул қилинади. Худди ҳеч кимнинг қистовисиз, ўз ихтиёри билан мусулмон бўлган кофир каби.

 

АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

«Уларнинг кароматларига ва сиқа – ишончли кишилар томонидан қилинган саҳиҳ ривоятларига ишонамиз».

Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, баъзи солиҳ учун имтиҳон мақсадида берилган одатдан ташқари ишларни тасдиқ қилмаймиз. Улардан адолатли, ишончли ровийлар тарафидан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни эмас. Ёки Расул ва Набий шаънига лойиқ нарсалар уларга нисбат берилганига эмас.

Мўъжиза ва каромат луғатда бир нарсадир. У одатдан ташқари содир бўлган иш. Мутақаддимларнинг наздида иккаласи ҳам бир нарсадир. Лекин кўпчилик мутааххир уламолар уларнинг орасини фарқлашади. Мўъжиза пайғамбар учун, каромат валий учун, дейишади.

Одатдан ташқари ҳар бир иш пайғамбардан содир бўлса, одамлар ўшанга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, бу мўъжиза бўлади. Агар одатдан ташқари иш пайғамбардан бошқа аҳли тақво ва солиҳ одамдан содир бўлса, бу каромат бўлади. Агар ўша одатдан ташқари иш тўғри йўлда бўлмаган одамдан содир бўлса, бу сеҳр ёки синов бўлади.

 

АЛЛОҲ ТАОЛОГА ХОС СИФАТЛАР ҲЕЧ КИМГА
МЎЪЖИЗА ҲАМ, КАРОМАТ ҲАМ БЎЛМАЙДИ

Шубҳа йўқки, камол сифатлари учдир.

  1. Илм.
  2. Қудрат.
  3. Беҳожатлик.

Бу уч нарса ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чунки У Зот ҳар бир нарсани Ўз илми билан иҳота қилгандир. У Зот ҳар бир нарсага қодирдир. У Зот оламлардан беҳожатдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу уч нарсани даъво қилишдан воз кечишга амр қилгандир:

قُل لَّآ أَقُولُ لَكُمۡ عِندِي خَزَآئِنُ ٱللَّهِ وَلَآ أَعۡلَمُ ٱلۡغَيۡبَ وَلَآ أَقُولُ لَكُمۡ إِنِّي مَلَكٌۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۚ

«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт» (Анъом сураси, 50-оят).

Чунки мушриклар гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғайб илмини талаб қилишар эди.

يَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلسَّاعَةِ أَيَّانَ مُرۡسَىٰهَاۖ

«Сендан Соат (қиёмат) ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар» (Аъроф сураси, 187-оят).

Гоҳида эса таъсир ўтказишни талаб қилар эдилар.

وَقَالُواْ لَن نُّؤۡمِنَ لَكَ حَتَّىٰ تَفۡجُرَ لَنَا مِنَ ٱلۡأَرۡضِ يَنۢبُوعًا٩٠

«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз» (Исро сураси, 90-оят).

Гоҳида эса у зотда ҳам башарий (инсоний) эҳтиёжлар борлигини айб деб билишар эди.

وَقَالُواْ مَالِ هَٰذَا ٱلرَّسُولِ يَأۡكُلُ ٱلطَّعَامَ وَيَمۡشِي فِي ٱلۡأَسۡوَاقِ

«Улардедилар: «БунеРасулки, таомеб, бозордаюрадир?!»(Фурқонсураси, 7-оят)

Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари бу нарсаларга молик эмасликларининг, бу уч нарсадан Аллоҳ берган миқдоргагина эга бўлишлари мумкинлигининг хабарини беришни амр қилди. У зот Аллоҳ билдирганича биладилар. Аллоҳ беҳожат қилганича беҳожат бўладилар. Аллоҳ одатдан ташқари қодир қилган ишга қодир бўладилар. Барча мўъжиза ва кароматлар ушбу доирадан четга чиқа олмайди.

 

КАРОМАТ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

«Каромат» «карума», «якруму» феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади.

Каромат шу маънода икки хил бўлади:

  1. Аслий.
  2. Касбий.

Биринчи(аслий каромат)нинг мисоли қуйидаги оятда:

۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик» (Исро сураси, 70-оят).

Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир.

Иккинчи(касбий каромат)нинг мисоли:

إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади.

Одатдан ташқари ишларни каромат дейиш мажозийдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади. Аллоҳ таолонинг икром қилиши ўша ишларнинг содир бўлишига сабаб бўлади.

Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.

Кароматларнинг ростлигига далил:

  1. Аллоҳ таолонинг Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти:

كُلَّمَا دَخَلَ عَلَيۡهَا زَكَرِيَّا ٱلۡمِحۡرَابَ وَجَدَ عِندَهَا رِزۡقٗاۖ

«Закариё ҳар сафар унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

  1. Қуръони Каримдаги Каҳф – (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.
  2. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги кирган ғорларининг оғзига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.
  3. Қуръони Каримдаги қуйидаги оят:

وَمَن يَتَّقِ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّهُۥ مَخۡرَجٗا٢ وَيَرۡزُقۡهُ مِنۡ حَيۡثُ لَا يَحۡتَسِبُۚ

«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

  1. Ва ушбу оят:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن تَتَّقُواْ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّكُمۡ فُرۡقَانٗا

«Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон қилиб беради» (Анфол сураси, 29-оят).

Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр этилди. Бу унга ҳамма мусибатлардан кушойиш берилиши, ризқининг ўйламаган, билмаган томондан берилиши ва ҳақ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир» (Иқтибос тугади).

Ушбу иқтибосга қўшимча сифатида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва мўмин-мусулмонларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло Ўзига тақво ва зоҳидлик ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил этган бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсаларни улар орқали юзага чиқариб, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб, уларни мукофотлайди. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг «Валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт», деган гаплари бор.

Шу билан бирга, валийларга ва уларнинг кароматларига Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича эътиқод қилмоғимиз лозим.

Яъни ҳар бир мўмин-мусулмон содиқ иймони туфайли Аллоҳ таолонинг ҳимоясига киради, дўстига – валийсига айланади. Иймонларининг, ибодатларининг, ихлосларининг тадрижига кўра Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир мўмин-мусулмонга маълум даражада икром кўрсатади.

Тақвоси, эҳсони кучли бўлган валийларга оддий одамлар қила олмайдиган одатдан ташқари ҳолатлар ато этилиши ҳам рост.

Сувда юрувчи, осмонда учувчи, бир неча лаҳзада кўз илғамас жойларга бориб келувчи, балиқлар унга итоат этувчи, ўзгаларнинг ҳолидан хабар берилган, ўзининг кўргиликларидан огоҳ этилган каромат соҳибларининг борлиги ҳам рост.

Қиёмат қоим бўлгунча турли валийлардан ҳар хил кароматлар содир бўлиши ҳам инкор этилмайдиган башоратдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ТУШ, КАШФ ВА ИЛҲОМ

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

25.11.2024   2144   1 min.
Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

Ўзбекистон Республикасининг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев ҳамроҳлигидаги мамлакатимиз делегацияси аъзолари Қоҳира университети президенти доктор Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ билан учрашди.

Мулоқот давомида талабалар билан ишлаш, академик ва тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинуви масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълимнинг барча босқичлари бўйича ЖАДАЛ ривожланиб бораётган шериклик кўламини янада кенгайтириш, бу жараёнда шарқшунослик, архитектура йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш, Қоҳира университети факультетларининг қатор муҳим мутахассисликлари бўйича магистратура бўлимида профессор-ўқитувчилар, талабалар учун жой ажратишга келишилди.

Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ олий ўқув юрти тарихи, университет ҳузуридаги институтлар, факультетлар, ушбу таълим муассасасида ўқиётган мисрлик ва чет эллик талабалар сони ҳақида батафсил маълумот берди.

Дарвоқе, Коҳира университети “Times” нашри 2024 йил ноябрда эълон қилган рейтингда 92 мамлакат, хусусан минтақадаги 749 университет орасида 39-ўринни эгаллади.

Ўз навбатида, элчимиз Ўзбекистон олий ўқув юртлари Миср билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари