Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Қабр ва қабристон зиёрати

20.11.2020   16266   7 min.
Қабр ва қабристон зиёрати

1-савол: “Барзах” ҳаёти нима? 

Жавоб: “Барзах” сўзи луғатда икки нарсанинг ораси деганидир. Шариат истилоҳида эса инсон вафот этганидан сўнг то қиёматгача бўлган вақтини “барзах” ҳаёти дейилади. 

Инсон қабрга қўйилганидан сўнг икки фаришта – Мункар ва Накир Аллоҳ ва Унинг расули, дини ҳақида сўраши, шундан кейин қабрда роҳат ёки азобнинг бўлиши ҳақдир (“Фиқҳул Акбар”). 

2-савол: Баъзилар қабр атрофида айланиб, марҳумдан мадад сўрайди. Қабрни зиёрат қилиш одоби қандай? 

Жавоб: Қабрларни зиёрат қилиш жоиздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар! Чунки у охиратни эслатади”, деганлар. Бу саҳиҳ ҳадисдир. Қабр зиёрати ўйин­кулги учун, одамларга қўшилиб бориб, кўриб келиш, томоша қилиш учун бўлмаслиги керак. Инсон қабрларда ётганлардан ибрат олиши, ўзининг ҳам у ерга келишини ўйлаши, охиратининг обод бўлишини, қабрдаги сўроқ­саволларни, унга берилиши керак бўлган жавобларни ўйлаши, ўзидан кейинда қолганлар уни нима деб, қандай одам деб эслашларини тасаввур қилиши даркор. Қабристонга келганда дунёда парҳезгар бўлишини, ҳалолдан ризқланишини, қилган гуноҳларига, ёмонликларига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфорлар қилиши лозим. 

Қабрларнинг зиёратига борганда таҳоратли бўлиш мустаҳабдир. Аслида мўмин-мусулмон ҳамма вақт таҳоратли юриши афзал. 

Қабристонга кириб келганда, умумий қилиб қабристонда ётган мусулмонларга салом берилади. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабри олдига келганда, унинг қибла тарафига ўтиб, орқани қиблага, юзни эса қабр томонга қаратиб, Қабр аҳлига салом берилади. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган мўътабар одатдир. Жумладан, у зоти шариф қабристонга чиққанларида: “Ассалому алайкум, мўмин ва муслимлар диёрининг аҳллари! Биз Аллоҳ хоҳласа, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз”, деганлар. Кейин Қуръондан билган сура ёки оятларини ўқиб, қабристон аҳлига, ўзи зиёрат қилаётган қабрдаги кимса руҳониятига савобини бағишлайди. 

Имом Байҳақий ва Дайламийлар Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир”, деганлар. 

Қабр аҳли тирикликларида қандай эҳтиромга сазовор бўлган бўлсалар, ўлганларидан сўнг ҳам эҳтиром этилишга лойиқдирлар. Авлиёлар қабрлари олдида эҳтиром билан юриш, одоб билан гаплашиш лозим. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳужрамга дафн қилинганларидан сўнг бирови хўжайиним, бирлари отам деб, уйда пайтимда тез-тез кириб зиёрат қилиб чиқаверар эдим. Аммо ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) уларнинг ёнларига дафн қилинганидан сўнг кам кирадиган, кирсамда, ҳижобим ва пардам билан кирадиган бўлдим”. 

Ўликлар ёрдам беришга қодир эмас. Улардан мадад ва ҳожатларини раво этишни сўраш ширкдир. 

Зиёрат вақтида қабрларни ўпиш, уларни қучоқлаш, юзга суртиш каби амаллар макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ амал ҳисобланади. Қабр атрофини айланиш эса мутлақо ҳаром. Қабрлар олдида чироқ ёки шамлар ёқиш, уларнинг ёнида қўйлар сўйиш, ҳар хил латталар боғлаш ҳам шаръан ҳаром ишлардир. Буни ҳалол санаш инсонни куфрга олиб боради. 

3-савол: Баъзи жаноза намозларида иштирок этиб, қабристонда қабрларни босиб юрган кишиларни кўрамиз. Ушбу нарса Ислом динида жоизми? 

Жавоб: Бу нарса Ислом шариатида жоиз эмас. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир” (Имом Муслим ривояти). 

Шундай экан, қабрларнинг устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади. Иложи борича бундай ишлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. 

4-савол: Қабр устига қўйилган тош ёки мармар қабрда ётган маййитга азоб берармиш, шу ростми? 

Жавоб: Қабр устига тош ёки мармарга ўхшаш бошқа нарсалар қўйишни агар марҳум васият қилган бўлса, унга шу ношаръий васияти туфайли маълум даражада азоб берилиши китобларда ёзилган. 

5-савол: Бизнинг водий томонларда бир одат бор, одамлар қабристон зиёратига борганда, қабр усти ва атрофларига дон сепадилар, бошқа бировлар эса, олиб борган донига дуо ҳам ўқишади. Бу нарса шариатимизда борми? 

Жавоб: Йўқ. У каби ишлар жоҳилият одатларидандир. Қадимда жоҳилият замонларида одамлар қабрлар ёнига дон-дун қўйиб кетишлари тарихдан маълум. 

Қабр усти ва атрофига дон сочиш донни исроф қилишдир. Исроф нафақат бизнинг динимизда, балки барча динларда ман қилинган. 

6-савол: Қабрларни очиш мумкинми? 

Жавоб: Динимизда қабрларни очиш, марҳумнинг суякларига шикаст етказиш ман этилган (“Фатовойи Ҳиндия”). Шунинг учун зарурат бўлмаса, қабр очилмайди. 

7-савол: Юртимизнинг жуда кўп жойларида, айниқса, йўл чеккаларида рамзий “қабр” сифатида ўраб қўйилган жойларга дуч келамиз. Тўғри, бу ўша жойда ҳалокат содир бўлгани ва оқибатда инсонлар ҳалок бўлганини англатиши шубҳасиз. Лекин бу ерни турли хил панжара ёки белгилар қўйиб ўраш тўғрими? 

Жавоб: Киши вафот этганидан кейин унинг қабри адаштирилмаслиги учун унга бирон белги қўйиш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам яқин кишиларидан бири вафот этганида қабрига бир тошни белги сифатида қўйганлар. 

Йўл четларини рамзий қабр сифатида эмас, балки ҳақиқатан ҳам ўша жойда марҳум ётгани боис ўраб қўйилади. Азалдан юртимизда Ислом динига эътиқод қилиб келингани боис марҳумларга ҳурмат сақланган ва вафот этган кишининг қабрини белги қилиб, ўраб қўйишган. Йўловчилар қабрни босиб ўтмаслиги, устида таҳорат ушатмаслиги, ухлаб қолмаслиги ва ўша ердан ҳайдаб ўтиладиган пода қабрни босиб, оёқости қилмаслиги, тезакларини ташлаб кетмаслигини кўзлаб шундай қилинади. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб, терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир, дедилар” (Имом Муслим ривояти). 

Шундай экан, қабрлар устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади ва мана шу каби гуноҳлардан сақланиш учун қабр устига белги ўрнатилган ёхуд ўраб қўйилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   28623   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар