1-савол: “Барзах” ҳаёти нима?
Жавоб: “Барзах” сўзи луғатда икки нарсанинг ораси деганидир. Шариат истилоҳида эса инсон вафот этганидан сўнг то қиёматгача бўлган вақтини “барзах” ҳаёти дейилади.
Инсон қабрга қўйилганидан сўнг икки фаришта – Мункар ва Накир Аллоҳ ва Унинг расули, дини ҳақида сўраши, шундан кейин қабрда роҳат ёки азобнинг бўлиши ҳақдир (“Фиқҳул Акбар”).
2-савол: Баъзилар қабр атрофида айланиб, марҳумдан мадад сўрайди. Қабрни зиёрат қилиш одоби қандай?
Жавоб: Қабрларни зиёрат қилиш жоиздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар! Чунки у охиратни эслатади”, деганлар. Бу саҳиҳ ҳадисдир. Қабр зиёрати ўйинкулги учун, одамларга қўшилиб бориб, кўриб келиш, томоша қилиш учун бўлмаслиги керак. Инсон қабрларда ётганлардан ибрат олиши, ўзининг ҳам у ерга келишини ўйлаши, охиратининг обод бўлишини, қабрдаги сўроқсаволларни, унга берилиши керак бўлган жавобларни ўйлаши, ўзидан кейинда қолганлар уни нима деб, қандай одам деб эслашларини тасаввур қилиши даркор. Қабристонга келганда дунёда парҳезгар бўлишини, ҳалолдан ризқланишини, қилган гуноҳларига, ёмонликларига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфорлар қилиши лозим.
Қабрларнинг зиёратига борганда таҳоратли бўлиш мустаҳабдир. Аслида мўмин-мусулмон ҳамма вақт таҳоратли юриши афзал.
Қабристонга кириб келганда, умумий қилиб қабристонда ётган мусулмонларга салом берилади. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабри олдига келганда, унинг қибла тарафига ўтиб, орқани қиблага, юзни эса қабр томонга қаратиб, Қабр аҳлига салом берилади. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган мўътабар одатдир. Жумладан, у зоти шариф қабристонга чиққанларида: “Ассалому алайкум, мўмин ва муслимлар диёрининг аҳллари! Биз Аллоҳ хоҳласа, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз”, деганлар. Кейин Қуръондан билган сура ёки оятларини ўқиб, қабристон аҳлига, ўзи зиёрат қилаётган қабрдаги кимса руҳониятига савобини бағишлайди.
Имом Байҳақий ва Дайламийлар Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир”, деганлар.
Қабр аҳли тирикликларида қандай эҳтиромга сазовор бўлган бўлсалар, ўлганларидан сўнг ҳам эҳтиром этилишга лойиқдирлар. Авлиёлар қабрлари олдида эҳтиром билан юриш, одоб билан гаплашиш лозим. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳужрамга дафн қилинганларидан сўнг бирови хўжайиним, бирлари отам деб, уйда пайтимда тез-тез кириб зиёрат қилиб чиқаверар эдим. Аммо ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) уларнинг ёнларига дафн қилинганидан сўнг кам кирадиган, кирсамда, ҳижобим ва пардам билан кирадиган бўлдим”.
Ўликлар ёрдам беришга қодир эмас. Улардан мадад ва ҳожатларини раво этишни сўраш ширкдир.
Зиёрат вақтида қабрларни ўпиш, уларни қучоқлаш, юзга суртиш каби амаллар макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ амал ҳисобланади. Қабр атрофини айланиш эса мутлақо ҳаром. Қабрлар олдида чироқ ёки шамлар ёқиш, уларнинг ёнида қўйлар сўйиш, ҳар хил латталар боғлаш ҳам шаръан ҳаром ишлардир. Буни ҳалол санаш инсонни куфрга олиб боради.
3-савол: Баъзи жаноза намозларида иштирок этиб, қабристонда қабрларни босиб юрган кишиларни кўрамиз. Ушбу нарса Ислом динида жоизми?
Жавоб: Бу нарса Ислом шариатида жоиз эмас. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир” (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, қабрларнинг устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади. Иложи борича бундай ишлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим.
4-савол: Қабр устига қўйилган тош ёки мармар қабрда ётган маййитга азоб берармиш, шу ростми?
Жавоб: Қабр устига тош ёки мармарга ўхшаш бошқа нарсалар қўйишни агар марҳум васият қилган бўлса, унга шу ношаръий васияти туфайли маълум даражада азоб берилиши китобларда ёзилган.
5-савол: Бизнинг водий томонларда бир одат бор, одамлар қабристон зиёратига борганда, қабр усти ва атрофларига дон сепадилар, бошқа бировлар эса, олиб борган донига дуо ҳам ўқишади. Бу нарса шариатимизда борми?
Жавоб: Йўқ. У каби ишлар жоҳилият одатларидандир. Қадимда жоҳилият замонларида одамлар қабрлар ёнига дон-дун қўйиб кетишлари тарихдан маълум.
Қабр усти ва атрофига дон сочиш донни исроф қилишдир. Исроф нафақат бизнинг динимизда, балки барча динларда ман қилинган.
6-савол: Қабрларни очиш мумкинми?
Жавоб: Динимизда қабрларни очиш, марҳумнинг суякларига шикаст етказиш ман этилган (“Фатовойи Ҳиндия”). Шунинг учун зарурат бўлмаса, қабр очилмайди.
7-савол: Юртимизнинг жуда кўп жойларида, айниқса, йўл чеккаларида рамзий “қабр” сифатида ўраб қўйилган жойларга дуч келамиз. Тўғри, бу ўша жойда ҳалокат содир бўлгани ва оқибатда инсонлар ҳалок бўлганини англатиши шубҳасиз. Лекин бу ерни турли хил панжара ёки белгилар қўйиб ўраш тўғрими?
Жавоб: Киши вафот этганидан кейин унинг қабри адаштирилмаслиги учун унга бирон белги қўйиш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам яқин кишиларидан бири вафот этганида қабрига бир тошни белги сифатида қўйганлар.
Йўл четларини рамзий қабр сифатида эмас, балки ҳақиқатан ҳам ўша жойда марҳум ётгани боис ўраб қўйилади. Азалдан юртимизда Ислом динига эътиқод қилиб келингани боис марҳумларга ҳурмат сақланган ва вафот этган кишининг қабрини белги қилиб, ўраб қўйишган. Йўловчилар қабрни босиб ўтмаслиги, устида таҳорат ушатмаслиги, ухлаб қолмаслиги ва ўша ердан ҳайдаб ўтиладиган пода қабрни босиб, оёқости қилмаслиги, тезакларини ташлаб кетмаслигини кўзлаб шундай қилинади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб, терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, қабрлар устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади ва мана шу каби гуноҳлардан сақланиш учун қабр устига белги ўрнатилган ёхуд ўраб қўйилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси