Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2026   |   18 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:03
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2026, 18 Шаъбон, 1447

Унутилаётган суннатлар (18-суннат): Табассум қилиш

19.11.2020   3575   1 min.
Унутилаётган суннатлар (18-суннат): Табассум қилиш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: "Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир", деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ислом қовоқ солиб юришдан ҳам, доимо ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришдан ҳам қайтаради. Балки жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюради. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишининг нимадандир норозилигига ишора қилади.

Динимизда табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳазилдан кек ва гина пайдо бўлади

05.02.2026   3846   3 min.
Ҳазилдан кек ва гина пайдо бўлади

Жоҳилга итоат қилма, саломат бўласан, оқилга итоат қил, ўлжали бўласан.


Изоҳ. Жоҳил сизни эшитмасдан туриб жавобга шошилади, сизни тушунмасдан олдин баҳсга киришади, билмаган нарсаси билан ҳукм қилади, фоидасиз гапиради, нолойиқ жойга сарфлаб, сарфлаш керак бўлган ўринда хасислик қилади, эгасидан бошқага сирни очади, ноўрин ғазабланади, дўст билан душманни ажратмасдан дўстини йўқотади, душманини кўпайтиради, фақат ўзини мутлақ ҳақ деб билади, ўз хатолари учун ўзгани маломат қилади, узундан-узоқ орзу-ҳаваслар билан тавба умидида бўлади, амал қилмасдан амалнинг савобини кўзлайди. Энди айтинг, бундай кимсага итоат қилган киши саломат қолиши мумкинми?!


Оқил киши тажриба ва фойдали илм билан зийнатланади, ҳақни гапиради ёки сукут сақлайди, аҳдига вафо қилади, амали иймонига гувоҳ бўлади, холислик унинг яшаш тарзи, риё унинг табиатига ёт, у алдамайди ҳам, алданмайди ҳам, ҳаромдан қочади, шукр ва қаноат унинг доимий ҳамроҳи, қадами мудом розиликда, муваффақият билан муваффақиятсизлик унинг учун баробар, балки ҳамиша сергак ва ҳушёр! Бундай инсонга итоат қилган киши адашадими? Зинҳор ундай эмас! Унда барака бор, барака бор жойда эса фойда кўпдир.


Ақл, адаб, фикр, тажриба ва насаб эгалари билан ҳамсуҳбат бўл. Чунки оқил билан ҳамсуҳбат бўлиш – улуғланиш, жоҳил билан келишувга бориш эса шармандаликдир.


Изоҳ. Оқил билан ҳамсуҳбат бўлсанг, муҳимни номуҳимдан ажратишни ўрганасан. Адаб эгаси билан бўлган суҳбатинг нарсаларга муносабатингни ўзгартиради. Мутафаккир инсоннинг суҳбати сени юксакларга чорлайди. Суҳбатдошинг тажрибали бўлса, муаммолардан чиқиш йўли осонлашади. Насаби улуғ кишилар билан суҳбатлашсанг, қалбинг ёришади. Оқил инсон билан қанча кўп суҳбат қурсанг, шунчалик манфаат топасан. Жоҳилнинг айтганига кўнсанг, халойиқ олдида уятга қоласан. Охиратда Аллоҳ ҳузурида шарманда бўласан.


Қанча ҳазиллар бор, сўнгида жиддий бўлиб қайтади.


Изоҳ. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳдан қўрқинглар, ҳазил-ҳузулдан сақланинглар! Чунки ҳазилнинг таги зил, ундан кек ва гина пайдо бўлади. Қуръондан гапиринглар, Қуръон билан мажлисларингизни безанглар. Агар оғирлик қилса, ҳадис билан машғул бўлинглар”.


Ким замонга ишонса, замон унга хиёнат қилади. Ким замондан ўзини улуғ тутса, замон уни хор қилади.


Изоҳ. Умр – улуғ неъмат. Бу неъмат туғилганимиздан то вафотимизгача давом этади. Замон ичида яшаймиз, унинг ҳавосидан нафас оламиз, рангидан ранг оламиз, лекин унга суяниб қолмаймиз.


Мазах қилишни ташланг, чунки у гинаю адоватларни мерос қолдиради.


Изоҳ. Умар розияллоҳу анҳу айтди:

– “Мазах” сўзининг нима учун “мазах” дея номланишини биласизми?

– Йўқ, – дейишди ҳамроҳлари.

– Чунки мазах кишини ҳақдан азаҳ қилади (яъни ҳақдан чалғитади), – деди Умар розияллоҳу анҳу.


Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙнинг “Унвонул баён” асаридан Рашид ЗОҲИД таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

МАҚОЛА