Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: "Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир", деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом қовоқ солиб юришдан ҳам, доимо ҳазил-мутойиба билан қаҳқаҳа уриб юришдан ҳам қайтаради. Балки жиддийлик, виқорлик ҳамда хушчақчақлик ва ишонч билан юришга буюради. Юзни тириштириб, қовоқ солиб юриш кишининг нимадандир норозилигига ишора қилади.
Динимизда табассум одатий амал эмас, балки ибодат ҳисобланади. Табассум инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимини ошишидан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ИККИНЧИ ДАЛИЛ
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿لاَ تَجْعَلُوْا دُعَآءَ الرَّسُوْلِ بَيْنَكُمْ كَدُعآءِ بَعْضِكُمْ بُعْضًا﴾
«Расулни ўз орангизда чақиришни бир-бирингизни чақиришга ўхшатманг» (Нур сураси, 63-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда мўминлар бир-бирини қандай чақирсалар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шундай, яъни «Эй Муҳаммад», деб чақиришдан қайтарди, чунки бундай тарзда чақириш Аллоҳ таолога ҳам хуш келмайдиган беодобликдир. Аксинча, бунинг ўрнига «Ё Аллоҳнинг Расули», «Ё Аллоҳнинг Набийси», деб мурожаат қилиш айни одобдир. Аллоҳ таоло оятнинг давомида: «Расулуллоҳга нисбатан заррача беадаблик билан амалларингиз бекор бўлиб қолишидан ҳазир бўлинг», деб огоҳлантиради.
Аллоҳ таолонинг наздида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу даражада иззат-икромлари борки, У Зотнинг Ўзи ҳам бу зотнинг исмларини айтиб хитоб қилмайди, мўминларни ҳам бундай тарзда чақиришдан қайтаради. Субҳаналлоҳ!