Эгаси мақтанаётган қанчадан қанча ҳашаматли уйлар ичида ғариб тақдирлар, башанг либослар ичида нотавон таналар, оппоқ баданлар ичида қоп-қора кўнгиллар бор.
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Агар сен фақат нур орқали зоҳир бўлган нарсанигина кўриб, овозлар орқали етиб келган нарсанигина эшитаётган бўлсанг, ҳақиқатда кўрмас ва эшитмас экансан.
Жуброн Халил Жуброн
***
Қонун тақиқламаган шундаҳ ҳолатлар борки уни номус тақиқлайди.
Рим ҳикматларидан
***
Бошқаларга ёрдам беришга интиладиган одамгина муваффақиятга эришади. Фақат ўз фойдасини ўйлайдиганлар эса мағлубиятга учрайверади.
Браян Трейси
***
Яхши бўл ва сенинг яхши еканингни ҳеч ким билмаслигига интил.
Лев Толстой
***
Содда болаларни лайлаклар олиб келади, ҳамма нарсани билишга қизиқадиган болалар ўзлари туғиладилар.
***
Қанақасига қўйлар ҳам бутун, бўриям тўқ бўларкан?.. Демак, чўпонни еб қўйишган.
***
Мўмин яхши ниятли бўлгани учун алданади, Мунофиқ ёмон ниятли бўлгани учун алдайди.
Ҳаким Термизий
Ким одамлар олдида ўзида йўқ нарса билан зийнатланишга уринса Аллоҳ уни уялтириб қўяди.
Инсоннинг ички дунёси ташқи дунёсига мос бўлса бу—адолатдир. Агар ички дунё ташқи дунёдан афзал бўлса бу—фазилатдир. Мабодо ташқи дунё ички дунёдан афзал бўлса бу—разолатдир.
Суфён ибн Уяйна
***
Дунё асли зулматдир! Магар уламолар мажлисигина мустасно.
Ҳасан Басрий
***
Агар мен Аллоҳ ва Расулининг йўлидан юрмасам, менга итоат қилманг!
Бойлик хасисда, қурол қўрқоқда, ҳукм заифда бўлса тартиб интизом издан чиқади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иймон ва тафаккур
Доктор Зағлул Нажжор шундай дейди:
“Рамазон ойи кириб келганда инсон ўз нафси билан бир лаҳза тўхтаб, фикр юритиши ва тафаккур қилиши керак. Чунки ҳар бир Рамазон – Қуръони карим билан янги саёҳатдир. Мен одатда бир сура ёки бир нечта оятни танлаб, унинг маънолари ҳақида чуқур ўйлайман, сирларини англашга ҳаракат қиламан.
Бу йил эса менинг эътиборимни бир ояти карима ўзига тортди. У қалбимни ларзага солди ва Яратган Зотнинг буюк қудратини янада чуқур ҳис қилдирди. Ушбу ояти карима инсонни фақат қарашга эмас, балки чуқур тафаккур қилишга чорлайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ахир улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми – у қандай яратилган?” (Ғошия сураси, 17–оят).
Туя – ер юзини кезувчи ажойиб мўъжизакор ҳайвонлардан биридир. Келинг, унинг баъзи ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида мулоҳаза қилайлик.
Туя шўр сувни ҳам ичиши мумкин. Аммо шунга қарамай, унинг танасидаги мувозанат бузилмайди. Чунки унинг буйраклари жуда мукаммал тозалаш тизими каби ишлайди: сувни туздан ажратиб, танасига тоза ҳолда етказади.
Туя қаттиқ тиканларни ҳам бемалол истеъмол қила олади. Бу эса унинг оғзи ва ҳазм тизими ўзига хос тарзда яратилгани билан боғлиқ. Шу сабабли тиканлар унга зарар етказмайди.
Туянинг кўзлари ҳам жуда ажойиб тарзда яратилган. Унда икки хил қовоқ бор: бири оддий қовоқ, иккинчиси эса шаффоф пардага ўхшайди. Қум бўрони пайтида шу шаффоф қовоқ ёпилиб, туя йўлини кўришда давом этади, аммо кўзига бир дона қум ҳам кирмайди.
Унинг яна бир ажойиб хусусияти - танаси ҳароратини муҳитга мослаштира олишидир. Совуқ жойда ҳароратини кўтаради, жуда иссиқ саҳрода эса пасайтиради. Бу даражадаги мослашув бошқа айрим жонзотларда учрамайди.
Шунинг учун Қуръон каримда: “Улар туяга қарамайдиларми – у қандай яратилган?” – дея тафаккурга чақирилади.
Бир оз диққат билан қараган инсон ушбу махлуқнинг ҳар бир аъзосида Аллоҳнинг қудрати намоён эканини кўради. Гўёки унинг ҳар бир ҳужайраси: “Бу Аллоҳнинг яратишидир”, деб гувоҳлик бераётгандек.
Олимлар айтадиларки, ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон эътиборини туя яратилишидаги сирларга қаратмоқда. Чунки унда тафаккур қилган инсон учун тавҳид (Аллоҳни ягона деб эътиқод қилиш) га элтувчи далиллар ва илоҳий қудратнинг белгиларини кўриш мумкин.
Ҳақиқий илм аҳллари шуни таъкидлашади: туя яратилиши ҳақида тафаккур қилган инсон Қуръон карим табиатига бекорга ишора қилмаганини англайди. У инсон ақлини оддийдек кўринган, аммо ажойиб яратилган махлуқотлар орқали Аллоҳ таолонинг қудратини англашга чақирмоқда:
“Эй Роббим, Сен нақадар буюксан!
Китобингдаги ҳар бир оят – нур,
яратган ҳар бир махлуқинг – далил,
ва ҳар бир тафаккур – иймон эшикларидан бирини очади”.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.