Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!
Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир” деганлар.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Шафиқ Ал-Балхий айтадилар: Биз одатда масжиддан чиқиб, бир ерга тўпланиб, гаплашиб утирар эдик. Аммо, Абдуллоҳ Ибн Муборак биз билан масжиддан чиқсада, суҳбатимизга қўшилмай кетар эди. Биз ундан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Бизҳайрон бўлдик, улар вафот этиб кетишган бўлса, қандай қилиб улар билан утиради? ҳайрон бўлиб “Саҳобалар қаерда экан?”, – деб, яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб жавоб бердилар”.
Ҳасан Ал-Луълуий айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.
Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгига китоб солиш учун кенг қилиб тиктирар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.
Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай ёзади: “Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.
Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.
Хулоса қилиб йтадиган бўлсак, аждодларимиз нима ютуқ ва улуғликка эришган бўлсалар илм-маърифат билан эришганлар. Шундай экан, ўзимиз ва фарзандларимизни ҳам китоб ўқишга ўргатайлик, бўш вақтларимизни китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби фойдали ишлар билан утказайлик. Унутмайликки, келажак авлодларнинг фаровон ҳаёт кечириши бугун олинаётган илм ва ҳунарга боғлиқдир!
Турсунов Абдулбоқий
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати